
2015 йил 29 март мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги муҳим сана сифатида тарихга муҳрланди
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови халқимизнинг юксак фаоллигида ўтказилди. Жумладан, Самарқанд вилояти ҳудудидаги 957 та сайлов участкаларида овоз бериш жараёнлари миллий сайлов қонунчилигимизда белгиланган тартиблар асосида ташкил этилди ва 2 миллион 113 минг нафарга яқин фуқаро, яъни сайловчилар умумий сонининг 92 фоиздан ортиғи овоз беришда қатнашди.
Самарқанд шаҳридаги 75-сайлов участкаси. 29 март, соат 5.45. Участка сайлов комиссияси раиси Акобир Матлюбов комиссия аъзолари ўртасида белгиланган вазифалар тақсимотини ўқиб эшиттирди ва сайлов бюллетенларини тақсимлаб берди. Сайлов участкасига ташриф буюрган кузатувчилар рўйхатга олинди. Кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кўз ўнгида сайлов қутилари бўшлиги текширилиб, бир марта ишлатиладиган пластмасса пломбалар билан пломбаланди. Бу ҳақда баённома тузилди.
Соат 6:00. Участкада Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради. Сўнгра комиссия раиси овоз бериш бошланганлигини эълон қилди.
Мазкур сайлов участкасида шаҳардаги Мирсаид Барака маҳалласида яшовчи 1303 нафар сайловчи рўйхатга олинган. Уларнинг 148 нафарини Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида биринчи марта қатнашаётган ёшлар ташкил этади.
Самарқанд қишлоқ хўжалик институти қошидаги 1-академик лицей ўқувчиси Зарнигор Ёрқулова ана шундай сайловчилардан бири. У биринчилардан бўлиб сайлов участкасига келиб, ўзи танлаган номзод учун овоз берди.
– Ҳозиргина ўз конституциявий ҳуқуқимдан фойдаланиб, Ўзбекистон Республикаси Президентини сайлаш бўйича хоҳиш-иродамни билдирдим, – дейди Зарнигор Ёрқулова. – Бу жуда катта шараф бўлиши билан бирга, улкан масъулият ҳамдир. Чунки мен Президент сайловида иштирок этиш орқали мамлакатимизнинг келгуси беш йилдаги тараққиёт йўлини белгилашга ўз ҳиссамни қўшдим, деб ўйлайман.
2015 йилнинг 29 март санаси ҳаётимдаги энг унутилмас кун бўлиб қолади.
***
62-сайлов участкасида Самарқанд шаҳар давлат санитария-эпидемиология назорат маркази врачи Саноат Нурматова биринчи бўлиб овоз берганидан хурсанд.
– Шундай обод юртда, бағрикенг ва меҳр-оқибатли одамлар орасида яшаётганимдан фахрланаман, – дейди Саноат опа. – Шунинг учун бугун эрта тонгдан сайлов участкасига ошиқдим. Мамлакатимиздаги тинчлик, барқарорлик ва миллатлараро ҳамжиҳатлик янада мустаҳкам бўлиши учун энг муносиб номзодни ёқлаб овоз бердим.
***
Булунғур туманидаги 210-сайлов участкасида 1 минг 966 нафар сайловчи рўйхатга олинган.
– Сайловда овоз беришнинг ўзига яраша масъулияти бор, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган механизатор Аброр Тўйчиев. – Президентликка номзодлардан муносибини танлаш, эл-юртимиз тақдирига дахлдорлик ҳисси унинг масъулиятини янада оширади. Мен ҳам ўзим энг муносиб деб билган номзодга овоз бердим.
***
Қўшработ тумани “Жўш” қишлоғида яшовчи Ойбек бобо туман марказий шифохонасида даволанаётган бўлса-да, овоз беришда қатнашди.
– Юртимизда кексаларни эъзозлаш, уларга ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатиш борасида эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Ойбек Нуруллаев. – Кекса авлод вакили сифатида мен бу эътибордан баҳраманд бўлиб келяпман.
Мана, бугун туман марказий шифохонасида даволаняпман. Бу ерда мен каби юздан ортиқ бемор учун кўчма сайлов қутиси келтирилиб, бизнинг конституциявий ҳуқуқимиздан тўлақонли фойдаланишимизга шароит яратилди.
***
Иштихон туманидаги 244-сайлов участкасида 2386 нафар сайловчининг овоз бериш жараёни юқори савияда ташкил этилди. Юртдошларимиз сайловда қатнашиш орқали ўз ҳуқуқларидан фойдаланиш баробарида ўзларининг юксак ҳуқуқий маданиятлари ва юрт тақдирига дахлдорлик туйғулари юқорилигини намоён этдилар.
– Ёшим саксондан ошди, – дейди Ғафур Ғулом номли маҳаллада яшовчи меҳнат фахрийси Бегмат Нурмуродов. – Бу йилги сайлов кўп жиҳатлари билан аввалгиларидан фарқ қилади. Ҳамма тадбирлар аъло даражада ташкил этилган. Келдим, паспортим ва сайловга таклиф қоғозини кўрсатиб, сайлов бюллетени олдим. Овоз бериш хонасига кириб, ўзим муносиб деб топган номзодга овоз бердим.
***
Пайариқ туманидаги 58 та сайлов участкаларида сайловчиларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиши учун барча қулайлик яратилди. Жумладан, 567-сайлов участкасида 3 минг 223 нафар сайловчи рўйхатга олинган бўлса, уларнинг 121 нафарини биринчи марта овоз бераётган ёшлар ташкил этади.
– Яқинда ўн саккиз ёшга тўлдим ва сайловдаги илк иштироким Президент сайловига тўғри келганидан бахтиёрман, – дейди Челак қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Гулҳаё Исроилова. – Бу йил коллежни тугатиб, ўқишни давом эттириш мақсадида олий таълим муассасасига ҳужжат топширмоқчиман. Бугунги овозим келгусида етук мутахассис бўлиб улғайишимда муҳим аҳамият касб этишини яхши англайман.
***
Каттақўрғон туманидаги 445-сайлов участкасида Найман маҳалласида яшовчи 2 минг 369 нафар сайловчи рўйхатга олинган эди. Овоз беришни нуроний отахонлар бошлаб берди. Улар сайлов мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигининг янада юксалишига хизмат қилади, деб ишонч билдирдилар.
Айрим бемор ва ногирон сайловчиларнинг овоз беришлари учун комиссия аъзолари кўчма сайлов қутисини уларнинг уйларига олиб бордилар.
Жумладан, Баҳрин қишлоғида яшовчи Зулфия момо Эргашева ўз хонадонида туриб, сайловда қатнашди. Онахон сайлов бюллетенини қутига ташлар экан, замонамизга шукрона айтиб, юртимизга тинчлик, элимизга омонлик тилади.
***
Самарқанд туманидаги 58 та сайлов участкасида ҳам овоз бериш жараёнлари сайловчиларнинг фаол иштирокида ўтди.
Қуйи туркман маҳалласининг икки минг нафарга яқин аҳолиси 743-сайлов участкасига келиб, ўз конституцион ҳуқуқларини амалга оширдилар.
– Президент сайлови юртимизнинг келгуси беш йилдаги тараққиёти, халқимиз фаровон турмушини белгилаб беришда муҳим аҳамиятга эга, – дейди Илҳом Жумақулов. – Шунинг учун бугун барча маҳалладошларимиз юксак масъулиятни ҳис қилган ҳолда, байрамона кайфиятда участка келиб, овоз берди.
Бизнинг оиламиздан ҳам тўрт киши – турмуш ўртоғим, ўғлим, келиним ва мен сайловга таклиф қоғози олганмиз. Ҳар биримиз эрталаб шахсан участкага келиб, сайловда қатнашдик.
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича вилоят матбуот марказида шу куни соат 13.00 ва 21.00 да оммавий ахборот воситалари вакиллари ва халқаро кузатувчилар иштирокида брифинглар ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 7-Самарқанд округ сайлов комиссияси раиси Яхшинор Аллаёров овоз бериш жараёнлари ҳақида маълумот берди.
Округ бўйича сайловчилар рўйхатига киритилган 2 миллион 294 минг 602 нафар сайловчиларнинг 1 миллион 684 минг 926 нафари, яъни сайловчилар умумий сонининг 73,43 фоизи соат 13.00 гача овоз беришда қатнашди. Соат 19.00 даги маълумотлар эса сайловчиларнинг 91 фоиздан кўпроғи овоз беришда иштирок этганлигини кўрсатди.
Вилоятимиздаги сайлов участкаларидаги овоз бериш жараёнини сиёсий партияларнинг 3800 нафардан зиёд кузатувчилари, 56 нафар маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда Самарқандга ташриф буюрган 75 нафар халқаро кузатувчилар кузатиб борди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 3
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.