
Миллионлаб санъат шайдолари орзиқиб кутадиган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали бу йил ўнинчи бор ўтказилади. Айни пайтда қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқандда ушбу байрамга қизғин ҳозирлик кўрилаяпти.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳар икки йилда уюштирилаётган мазкур мусиқа фестивали миллатлараро тинчлик ҳамда дўстликни мустаҳкамлаш, халқлар ўртасида маданий ҳамжиҳатликни ривожлантиришда ўзига хос ўрин тутиши билан халқаро миқёсда юксак эътироф этилмоқда. Аввалги “Шарқ тароналари”да қатнашган хонанда ва созандалар билан интернет орқали мулоқот қилганимизда, бу фикрлар яна бир карра ўз исботини топди.
Жя Жинг Си (Хитой Халқ Республикаси):
- “Шарқ тароналари” фестивали бир олам унутилмас онларни туҳфа этган. Муаззам Регистон майдонида ижро қилган “Гўзал ва сеҳрли макон” ҳамда “Ҳарбийлар орасида ҳам қўшиқ янграр” номли тароналаримиз йиғилганларга манзур бўлган эди. Ҳатто, ўшанда мухлислардан бири ёнимизга келиб, “Ажойиб куйладингиз, роҳатланиб тингладик”, деганида илҳомимиз янада жўшиб кетганди.
Самарқанднинг осори атиқалари барчани ҳайратга солиши ҳақиқат. Биз ҳам ижодий жамоамиз билан ушбу гўзал ва бетакрор обидалар олдида қайта-қайта суратга тушганмиз. Нақшу нигорлар, миллий ҳунармандчилик намуналарини кўриб, нақадар буюк тарихга эга эканингиз, халқингиз салоҳияти юксаклигига амин бўлган эдик. Бундай қадимий, мафтункор шаҳарлар Ер юзида саноқли. Хитойликлар юртингизни, Ўзбекистон аҳлини ҳурмат қилишади. Чунки биз ўзаро дўст халқлармиз.
Гунарс Игаунис, “Игауну гимене” оилавий гуруҳи созандаси (Латвия):
- Тинч ва фаровон юртингиздан олган таассуротларимизни ҳеч қачон унутиб бўлмайди.
Ўшанда фестивалга келишдан аввал Тошкентни томоша қилгандик. Пойтахтингиз гўзал, жозибадор ва асосийси, бетакрор шаҳар экан.
Сафаримизнинг иккинчи кунида Самарқанддаги “Сўғдиёна”, “Ёшлик” каби истироҳат боғларида, Самарқанд ҳамда Пастдарғом туманларида анжуман қатнашчилари иштирокида концерт дастурлари намойиш қилдик. Ҳар бир халқнинг ўзига хос миллий урф-одат ва анъаналарини тараннум этувчи куй-қўшиқлар томошабинлар қалбига чексиз қувонч бағишлаганди. Одамларингизнинг санъатга бўлган меҳр-муҳаббати, самимийлиги бизда ҳавас уйғотган эди.
Ким Кинг Хи (Жанубий Корея):
- “Шарқ тароналари”нинг нуфузи ва аҳамияти, Самарқанднинг бетакрор гўзаллиги ҳамда тарихий обидалари ҳақида ҳамюртларимга доим сўзлаб бераман. Кўплаб танишларим ўзбек халқининг бағрикенг, меҳмондўст ва санъатсевар эканлигига ҳавас қилиб, юртингизга сайёҳ сифатида бир неча марта бориб келишди.
Бу шаҳарда ўтган кунларим умримнинг ёрқин саҳифаларига айланиб қолган.
Понаётис Кипряно (Кипр):
- “Шарқ тароналари”нинг шукуҳи, файзи бошқа санъат байрамларига қиёслаганда, анча юқори ўринда туради.
Фестиваль баҳонасида қадимий ва навқирон Самарқанд, унинг обидаларини кўриш, ўзбек халқининг бой мусиқа маданияти билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлганимдан хурсандман. Санъат анжуманида янграган тароналар эса ҳар бир кишининг миллий анъана ва қадриятларга ҳурматини оширади, эзгуликка, ҳамжиҳатликка чорлайди.
Пол Макбэйрли (Буюк Британия):
- Самарқанддаги зиёратгоҳлар ва музейларни томоша қилиш асносида кўплаб маълумотларга эга бўлганман. Юртингизда мусиқа санъати чуқур тарихий илдизларга эга экан. Буни Амир Темур барпо этган боғ ва саройларда дунёнинг турли бурчакларидан жам бўлган етук санъаткорлар, олимлар иштирокида мусиқа анжуманлари ўтказиб келинганидан ҳам билса бўлади. Ўзбек халқи ана шу анъаналарни давом эттириб, миллий санъатини дунёга намойиш қилмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, барча ўзбекистонликларни Мустақилликнинг 24 йиллик шодиёнаси билан чин қалбимдан табриклайман.
Юнус Ажи Абубакар (Малайзия):
- Бизнинг юртимизда Ўзбекистонга қизиқиш, интилиш жуда катта. Бундай санъат анжуманлари халқларимиз ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Биз ушбу заминда аждодлар меросини асраб-авайлаш, тарихни ўрганиш, санъат ва маданиятни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганига амин бўлгандик. Фестиваль дастури ҳаяжонли ва унутилмас таассуротларга бой ўтганди. Айтишим мумкинки, “Шарқ тароналари” Самарқанднинг шуҳратига муносиб фестиваль экан.
“Халқ сўзи” мухбири Омонулла Файзиев ёзиб олди.
Манба: www.xs.uz
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 7
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.