
“Шарқ тароналари” X халқаро мусиқа фестивалининг юксак савияда ўтишида маҳоратли гид-экскурсоводлар ва таржимонларнинг хизмати катта. Шу кунларда Самарқанд давлат чет тиллар институти жамоасининг асосий эътибори айнан шу масалага қаратилган.
– Дастлаб институтимиздан 196 нафар ўқитувчи ва талабалар танлов асосида сараланди, – дейди институтнинг халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Отабек Юсупов. – Гид-экскурсоводлар ва таржимонларнинг малакаси ва маҳоратини ошириш учун семинар-тренинглар, ўқувлар ўтказилмоқда. Айни пайтда юз нафар гид-таржимон асосий тадбирлар учун, яна 80 нафар мутахассислар захира сифатида тайёрланаяпти.
Ўқув-машғулотлари интерфаол усулда, ахборот коммуникация воситалари ва кўргазмали қуроллардан фойдаланган ҳолда олиб бориляпти. Семинарларда мамлакатимиз салоҳияти, қолаверса, Самарқанднинг ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари, фестивалга тайёргарлик жараёнлари ва тадбирнинг мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берилмоқда.
Шунингдек, “Ўзбектуризм” минтақавий филиали, Самарқанд давлат музей қўриқхонаси ва унинг қошида ташкил этилган гид-экскурсоводлар тайёрлаш маркази масъул ходимлари иштирокида машғулотлар олиб бориляпти. Барча гид-таржимонлар махсус кийимлар билан таъминланган бўлиб, улар учун махсус бейжиклар тайёрланмоқда.
Фестивалга дунёнинг олтмишдан ортиқ мамлакатларидан меҳмонлар келишини ҳисобга олсак, уларнинг ҳар бири билан тил топишиш, юртимиз ҳақида илиқ таассуротларга эга бўлиб қайтишлари кўп жиҳатдан таржимонларнинг билимдонлиги, профессионал маҳоратига боғлиқ. Самарқанд давлат чет тиллар институти магистранти Соҳиб Аҳроров билан суҳбатлашганимизда, унинг бу борада тажрибага эга эканлигига амин бўлдик.
– Шу пайтга қадар мазкур фестивалда уч маротаба – инглиз ва рус тиллари таржимони сифатида қатнашганман, – дейди у. – Шундай бўлсада, бу йилги фестивалга ҳам жиддий тайёрланяпман. Ўз устимда ишлаб, билимларимни бойитишга ҳаракат қиляпман.
Биринчи марта грузин миллати вакилларига гид-экскурсоводлик қилгандим. Улар ўша саёҳатдан илиқ таассурот билан қайтишди ва кейинги “Шарқ тароналари”га ҳам ташриф буюрдилар.
Дирабо Толибова
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 15
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.