
Самарқанд шаҳрида «Жиноят ишлари бўйича судларда иш юритишни такомиллаштиришнинг долзарб масалалари: Ўзбекистон ва хорижий давлатлар тажрибаси» мавзусида халқаро конференция ўтказилди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти(ЕХҲТ)нинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, «Минтақавий мулоқот» халқаро нодавлат ташкилоти (Словения), Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг (Германия) минтақавий бюроси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий суд, жиноят ишлари бўйича вилоятлар судлари судьялари, прокуратура, ички ишлар идоралари масъул ходимлари, адвокатлар, олимлар, Германия, Дания, Жанубий Корея, Япония, АҚШ, Сербия, Франция каби давлатлардан мутахассислар иштирок этди.
Конференцияда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида суд-ҳуқуқ соҳасини демократик асосда ислоҳ этиш ва эркинлаштириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилгани таъкидланди.
Судлар фаолияти такомиллашиб, жиноят процессида шахс ҳуқуқларини кафолатлашнинг мустаҳкам асослари яратилди. Шахсни жамиятдан ажратиб қўйиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турларини тайинлаш имкониятлари кенгайтирилди. Хусусан, кўплаб жиноятлар таркиби ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар тоифасига ўтказилгани, ярашув институти жорий этилгани инсон ҳуқуқлари юксак даражада таъминланишига хизмат қилаётир. Бундай ислоҳотлар натижасида 2014 йилда озодликдан маҳрум қилинганлар сони 2000 йилга нисбатан 16,5 фоиз камайган.
2012 йил 18 сентябрда қабул қилинган «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун асосида лавозимдан четлаштириш ва шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораларини қўллаш суд тартиби амалиётга киритилди. Суд ваколатидан жиноят иши қўзғатиш ҳуқуқи чиқарилиб, судда ишни кўришда жиноят иши бўйича айблов хулосасини ўқиб эшиттириш мажбуриятини прокурор зиммасига юклашни кўзда тутувчи нормалар жорий этилгани суриштирув ва дастлабки тергов жараёнида суд назоратини кучайтиришга шароит яратди.
2014 йил 5 сентябрда эълон қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун билан Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, жиноят-процессуал қонунчилигига уй қамоғи тарзидаги янги эҳтиёт чорасининг киритилгани фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясининг яна бир муҳим кафолати бўлди.
Халқаро экспертлар Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимидаги ушбу ислоҳотлар умумэътироф этилган инсонпарварлик тамойилларига тўлиқ мувофиқ эканлигини таъкидлади.
– Ўзбекистон мустақиллик йилларида барча соҳалар каби суд-ҳуқуқ тизимида ҳам кўплаб ютуқларни қўлга киритди, – дейди Сербия Республикаси Олий кассация суди раиси Драгомир Милоевич. – Мамлакатингиз суд тизими билан яқиндан танишиб, амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли бу соҳа халқаро стандартлар даражасида такомиллашиб бораётганига гувоҳ бўлдик.
Дания Қироллиги ҳарбий ерлари давлат прокурори Ян Рекендорфф мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар жараёнида «Хабеас корпус» институти амалиётга самарали татбиқ этилиши билан бирга, унинг доираси кенгайтирилгани фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясига хизмат қилаётгани эътиборга лойиқ эканини қайд этди.
Конференцияда жорий йил 21 августда кучга кирган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун асосида амалдаги қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар тадбиркорликни янада ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва ғовларни бартараф этишга хизмат қилиши таъкидланди.
Анжуманда суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, соҳанинг қонунчилик асосларини такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг мустақиллигини мустаҳкамлашга оид фикр-мулоҳазалар билдирилди.
ЎзА
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 8
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.