Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Самарқанд шаҳридаги овқатдан заҳарланиш ҳолати юзасидан расмий ахборот берди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Самарқанд шаҳридаги овқатдан заҳарланиш ҳолати юзасидан расмий ахборот берди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳрида жорий йил 22 октябрь куни қайд этилган гуруҳли овқатдан заҳарланиш ҳолати бўйича қуйидагиларни маълум қилади.

Вилоят юқумли касалликлар шифохонасига 22 октябрь соат 13:00 дан 23 октябрь соат 17:45га қадар 17 нафар фуқаро кўнгил айниши, бош оғриғи, қорин соҳасида оғриқ, 4-5 марта ич кетиши, тана хароратининг кўтарилганлиги, ҳолсизлик каби касаллик белгилари билан мурожаат қилишган. Шифокорлар кўригидан сўнг уларга “Овқат токсикоинфекцияси, ўрта оғир даражаси” бирламчи ташхиси қўйилиб, касалхонага ётқизилган. Беморларнинг 11 нафари эркак, 3 нафари аёл, 3 нафари 14 ёшгача бўлган болалардир. Беморлардан 4 нафарининг аҳволи ўртача оғирликда, 13 нафари эса енгил. Шифохонада беморларга малакали тиббий хизмат кўрсатилмоқда, дори-дармон заҳиралари етарли. Беморлардан лаборатория таҳлили учун биологик намуналар олинган.
Ўтказилган бирламчи эпидемиологик суруштирув натижасида аниқланишича, беморлар жорий йил 21-22 октябрь кунлари Самарқанд шаҳар Саттепо мавзесидаги “Табиат саховати” деҳқон бозори ёнидаги киоска кўринишидаги будкада фуқаро Ғулом Муродов томонидан сотилаётган хот-догдан истеъмол қилишган. Хот-дог таркибида нон, сабзи салат (марковча), бодринг, помидор, сувда пиширилган тухум, пиширилган колбаса, сосиска, кетчуп ва уй шароитида тухум ва ўсимлик мойидан тайёрланган майонез бўлган. 
Фуқаро Ғ.Муродов ўз фаолиятини ўрнатилган тартибда расмийлаштирмасдан, тиббий кўрикдан ўтмасдан, ноқонуний равишда олиб борган. Хот-дог тайёрланган будка санитария-гигиена талабларига мутлақо жавоб бермайди, ичимлик суви билан таъминланмаган, маҳсулотларни сақлаш ва сотиш учун талаб этиладиган санитария шароитлари йўқ. Ҳудудий санитария-эпидемиология хизмати томонидан фуқаро Ғ.Муродовга нисбатан маъмурий иш қўзғатилиб, жарима солинди ва унинг фаолияти тўхтатилди. Маҳсулотлардан лаборатория таҳлили учун намуналар олинди, қолган маҳсулотлар эса савдодан олиниб, белгиланган тартибда йўқ қилинди.
Касаллик қайд этилган ҳудудда республика, вилоят ва Самарқанд шаҳар санитария-эпидемиология хизмати мутахассислари томонидан профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирлар ўтказилмоқда.
Самарқанд шаҳрида қайд этилган мазкур вазият Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан назоратга олинган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги 
Ахборот хизмати
Манба: ЎзА

Охирги ўзгариш: 28/11/2018 10:45.   Кўрилганлиги: 1060
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/sogliqni-saqlash-vazirligi-samarqand-shahridagi-ovqatdan-zaharlanish-holati-yuzasidan-rasmiy-axborot-berdi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 15

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.