Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

САМАРҚАНД–ШЭНЬСИ: ИСТИҚБОЛЛИ ҲАМКОРЛИК

САМАРҚАНД–ШЭНЬСИ: ИСТИҚБОЛЛИ ҲАМКОРЛИК

Самарқанд вилояти ҳокимлигида Хитой Халқ Республикасининг Шэньси провинциясидан ташриф буюрган бир гуруҳ тадбиркорлар билан учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқот жараёнида вилоят ҳокими Т.Жўраев ва Шэньси қишлоқ хўжалик иқтисодиёти жамияти директори Фанг Ши Жинг ҳудудлар ҳақида маълумот бериб, икки томон ўртасидаги ҳамкорлик Ўзбекистон ва Хитой дўстона муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.

Шэньси Хитойнинг марказий қисмида жойлашган, мамлакатнинг иқтисоди ривожланган энг йирик провинцияси ҳисобланади. Маъмурий маркази Сиань шаҳри. Вилоятда 38 миллион аҳоли истиқомат қилади.

Минтақада транспорт-машинасозлик, авиақурилиш, фармацевтика, қора металлургия ва тўқимачилик саноати яхши ривожланган.

Кейинги йилларда электротехника, механика, кимё ва озиқ-овқат саноати, энергетика, нефтни қайта ишлаш, туризм соҳалари изчил тараққий этмоқда. Провинция АҚШ, Бельгия, Япония, Италия, Бразилия, Руминия, Қозоғистон, Россия, Венгрия давлатларидаги шаҳарлар билан биродарлик алоқаларини ўрнатган. Хусусан, провенция маркази Сиань ва Самарқанд шаҳарлари ўртасида ҳам биродарлик меморандуми имзоланган.

Тадбирда Шэньси ва Самарқанд вилояти ўртасида иқтисодиёт, маданият, туризм, илм-фан соҳаларида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш учун имконият ва салоҳият етарли эканлиги таъкидланиб, томонлар бундан самарали фойдаланишга келишиб олдилар.

***

Хитойлик меҳмонлар ташриф давомида Самарқанднинг тарихий обидалари ва диққатга сазовор масканлари билан яқиндан танишди ҳамда тадбиркорлар билан мулоқотда бўлдилар.

Жумладан, Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ўтказилган учрашувда томонлар ўзаро ҳамкорлик истиқболлари, ишлаб чиқариш ва товар айирбошлаш борасида қатор келишувларга эришди.

Мулоқотлар давомида Шэньси провинцияси ва Самарқанд вилояти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Меҳмонлар, шунингдек, Самарқанд давлат университети ҳудудида бунёд этилаётган Конфуций мажмуаси билан танишиб, университетда ташкил этилган “Биродарлашган шаҳарлар маркази”нинг очилиш маросимида қатнашдилар.


Охирги ўзгариш: 30/05/2018 20:15.   Кўрилганлиги: 1135
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/samarqandshensi-istiqbolli-hamkorlik

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 9

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.