
“Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали бу йил ўнинчи бор ўтказилади. Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган ушбу мусиқа анжумани санъат ва маданиятни ривожлантириш, турли миллат ва элатларни санъат воситасида бирлаштириш, тинчлик ва дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилиб келмоқда.
ЎзА мухбирлари аввалги фестивалларда иштирок этган хорижлик санъаткорлар билан интернет орқали боғланиб, уларнинг фикрлари билан қизиқди.
Диабат Дауда, “Ланая” мусиқачилар гуруҳи аъзоси (Буркина Фасо):
– Кўплаб халқаро маданий анжуманларда иштирок этганмиз, бироқ мамлакатингизда юксак савияда ташкил этилаётган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали улар орасида энг аълосидир. Фестиваль турли миллатлар санъат асарлари намойиши асносида халқларни ягона мақсад йўлида бирлаштираётгани билан ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Ушбу мусиқа байрами Шарқ оламини ва фалсафасини, беназир гўзаллик ва нафосатни ўзида мужассам этган. Регистонда янграган оҳанг инсон қалбининг энг нозик нуқталарига етиб бориши, қалбларни мафтун этиши табиий. Бу Ўзбекистоннинг халқаро тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қўшаётган катта ҳиссасидир.
2013 йили гуруҳимиз ушбу бетакрор фестивалда биринчи ўринга сазовор бўлди. Ўша ондаги ҳаяжон ва фахр-ифтихоримизни таърифлашга сўз ожиз. Мазкур нуфузли санъат анжуманида иштирок этиш улкан шарафдир. Ана шундай гўзал ва ажойиб фестивални ташкил этаётгани учун Ўзбекистон раҳбариятига самимий миннатдорлик изҳор этамиз. “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали аллақачон бутун дунё санъаткорлари қалбидан жой олган, наинки Шарқ, балки жаҳон тароналари анжуманига айланган, десак муболаға бўлмайди.
Мамлакатингиздаги ноёб тарихий-маданий обидаларни томоша қилиб, таълим муассасалари, замонавий маҳаллаларда, боғ ва хиёбонларда бўлиб, олам-олам таассурот олдик. Айниқса, Президент Ислом Каримов ташаббуси билан қишлоқ жойларда намунавий уй-жойлар қурилиб, аҳолига узоқ муддатли кредит асосида берилгани давлатингиз халқпарварлигининг амалий ифодасидир. Замонавий бу уйларда барча шарт-шароит яратилгани эътиборга молик.
Шунингдек, замонавий мусиқа ва санъат мактаблари, бу масканларда болаларнинг миллий ва жаҳон мусиқа анъаналарини пухта ўрганиши учун кенг имкониятлар мавжудлиги фестиваль иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
Самарқандни соғиниб яшаяпмиз, яна Регистондаги муаззам саҳнада куйлаш бизнинг энг катта орзуимиз.
Кизхи Ренг, “Dunhuang New Words” гуруҳи аъзоси, “Шарқ тароналари” VIII Халқаро мусиқа фестивалининг биринчи ўрин соҳиби (Хитой):
– “Шарқ тароналари” нафақат миллий, балки умумжаҳон маданияти ва санъатини асраб-авайлаш ҳамда уларнинг тараққиёти йўлида катта хизмат қилмоқда. Бу ҳозирги глобаллашув ва ахборот асрида муҳим аҳамиятга эга. Жаннатмонанд Ўзбекистонда ҳар икки йилда ўтказиладиган мазкур халқаро фестиваль тили, маданияти, миллий қадриятлари ранг-баранг миллат ва элатларни санъат воситаси билан муштарак мақсадлар йўлида бир-бирига яқинлаштиришга улкан ҳисса қўшмоқда.
Регистон майдонида қўшиқ куйлаш ҳар қандай хонанда учун шарафлидир. Фестиваль бизда такрорланмас таассуротлар қолдирган. “Шарқ тароналари” фестивалида ғолибликни қўлга киритган онимизда бизни чулғаб олган чексиз ҳаяжон ва хурсандчилик ҳеч ёдимдан чиқмайди.
Самарқандда кечирган мазмунли кунларимизни ҳеч қачон унутмаймиз. У ерда ўтган ажойиб дамлар, Регистон майдонидаги такрорланмас саҳна, халқингизнинг меҳмондўстлиги юрагимизнинг туб-тубидан жой олган. Самарқанд шаҳри ва “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали бизга энг ёрқин хотираларни ёдга солади. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон аҳолисини яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрами билан чин дилдан қутлаймиз. Ушбу азиз байрам муборак булсин!
ЎзА
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 8
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.