Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

САМАРҚАНДДА КОММУНАЛ СОҲАДА КАТТА ЎЗГАРИШЛАР БЎЛАДИ

САМАРҚАНДДА КОММУНАЛ СОҲАДА КАТТА ЎЗГАРИШЛАР БЎЛАДИ

Вилоят ҳокими Т.Жўраев раҳбарлигида Самарқанд туризм коллежида Сартепа маскани ҳудудини ижтимоий-муҳандислик, йўл инфратузилмаси ҳамда кўпқаватли уй-жой фондини таъмирлаш ва атрофини ободонлаштиришга бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил 16 мартдаги қарори билан ташкил этилган “Самарқанд вилоятини ободонлаштириш ва фаровонлигини ошириш жамғармаси”га 50 млн. доллар миқдорида маблағ ажратилган. Ушбу маблағ вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий, муҳандислик ва йўл инфратузилмасини тубдан реконструкция қилишга имкон бериб, аҳолининг кундалик яшаш шароитини янада яхшилашга замин яратади.

Президентимизнинг 17-18 март кунлари Самарқанд вилоятига амалга оширган ташрифи давомида берган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан, вилоят ҳокимлиги томонидан ижтимоий-иқтисодий, муҳандислик ва йўл инфратузилмасини яхшилаш, кўрсатилаётган коммунал хизматлар сифатини ошириш ва соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан жами 334,4 млрд. сўмлик чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди.

 

Шундан:

71,7 МЛРД. СЎМИ шаҳарнинг Сартепа, Сўғдиёни, Микрорайон “А” ва “Б” масканлари ҳудудидаги жами 317 та кўпқаватли уй-жойларни мукаммал таъмирлаш ва унга туташ ҳудудларни ободонлаштириш ишларига;

14,2 МЛРД. СЎМИ Самарқанд шаҳрининг Сартепа масканидаги 22 та кўпқаватли уй-жойлардаги 71 та лифт мосламаларини тўлиқ янгисига алмаштиришга;

26,5 МЛРД. СЎМИ шаҳар ободонлаштириш бошқармасига 63 та турли автотехника воситалари ва 40 та ўт ўриш ускуналари (газонакасилка) харид қилиб, унинг моддий-техник базасини ривожлантиришга;

6,6 МЛРД. СЎМИ Самарқанд шаҳрининг тунги ёритиш тизимини яхшилашга, бунда шаҳарнинг 20 та марказий кўчасидаги тунги ёритиш чироқларини таъмирлаш, Кимёгарлар, Фарҳод, Сўлим қўрғонларидаги ҳамда Сартепа, Микрорайон, Суғдиёна масканларидаги ички тунги ёритиш тизимларини мукаммал таъмирлаш, шунингдек, Амир Темур, Сулаймон Бухорий, Тонг, Али Қушчи кўчаларида янги кабель тортиб, замонавий светодиот чироқлари ўрнатиш ишларига;

 

93,3 МЛРД. СЎМИ 28,5 км. масофада йўл қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишларини бажаришга;

11,6 МЛРД. СЎМИ Самарқанд шаҳридаги 5 та асосий кўчада пиёдалар учун йўл ўтказгич кўприклари қуришга ва 2 та кўчадаги мавжуд ер ости ўтиш йўлагини реконструкция қилишга;

35,2 МЛРД. СЎМИ Самарқанд шаҳрида 4 та марказлашган иссиқлик узатиш қозонхоналарини қуриб, иссиқлик таъминотини қайта тиклашга;

71,2 МЛРД. СЎМИ Самарқанд шаҳрининг ичимлик сув таъминоти ва оқова хизматлари кўрсатилишини яхшилашга ва, бунда Сартепа Микрорайон, Суғдиёна масканларидаги ички тармоқларни тўлиқ янгилашга, 14 та кўчада ичимлик суви тармоқлари ҳамда 4 та кўчада оқова сув тармоғи қуришга ҳамда “Чархин” сув иншоотини реконструкция қилишга;

3,8 МЛРД. СЎМИ Самарқанд шаҳрининг Амир Темур, Буюк Ипак йўли, Туркистон, Али Қушчи, Рудакий ва Ўзбектракт кўчаларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштирилган қисмининг сунъий суғориш тизимини яхшилаб, қўшимча сув насослари ўрнатиш ишларига йўналтириш белгиланди.

Ажратилган маблағлардан ўз ўрнида ва самарали фойдаланиш учун вилоят ҳокимлигида бош штаб ҳамда ҳудудларда 4 та штаб ташкил этилди. Улар томонидан бажарилаётган ишлар кўлами ва сифати “Маҳалла” жамоат фонди ва “Нуроний” жамғармаси шаҳар бўлимлари фаоллари томонидан назорат қилиб борилади.

Йиғилишда вилоят ҳокими мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, штаб аъзолари, депутатлар ва шаҳар фаолларига ишни самарали ташкил этиш бўйича тавсия ва кўрсатмалар берди.

Тадбир давомида ажратилаётган маблағдан унумли фойдаланиш бўйича йиғилиш иштирокчилари томонидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

***

МАЪЛУМОТ УЧУН: бугунги кунда Самарқанд шаҳрининг Сартепа масканида 8 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд. 6716 та хонадонда 33 мингдан кўпроқ аҳоли истиқомат қилади. Хонадонларнинг 6347 таси 127 та кўпқаватли уйларда жойлашган. 2 та 4 қаватли, 103 та 5 қаватли, 22 та 9 қаватли уйларга 17 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати хизмат кўрсатади.

Маскандаги кўпқаватли уй-жойларни мукаммал таъмирлаш ва унга туташ ҳудудларни ободонлаштириш ишларига 28 млрд. сўмдан кўпроқ маблағ йўналтирилади. Масалан, 26 та уйнинг том қисми, 123 та уйнинг фасад қисми, 341 та кириш йўлаклари ҳамда уй-жойнинг ички муҳандислик-коммуникация тармоқларини капитал таъмирлаш белгиланди.

Кўпқаватли уйлар олди, йўлаклар ва пиёдалар йўлкалари таъмирланади, ҳовлиларда 15 та болалар, 13 та катталар спорт майдончалари, аҳоли ҳордиқ чиқариши учун 11 та айвонлар, 5 та болалар спорт ўйин майдончалари, 14 та автомобиль сақлаш жойи барпо этилади, 4 км. ички йўлларга асфальт қопламаси ётқизилиб, капитал таъмирланади. 22 та кўпқаватли уй-жойлардаги 71 та лифт янгисига алмаштирилади.

***

5-Сартепа оркугидан вилоят Кенгаши депутати, вилоят ҳокими Т. Жўраев сайловчилар билан учрашув ўтказди. Унда сайловчилар томонидан ҳудуддаги мавжуд муаммо ва камчиликлар юзасидан бир нечта мурожаатлар бўлди.

Т. Жўраев билдирилган масалаларни бартараф этиш бўйича мутасадди ташкилотлар раҳбарларига тегишли кўрсатма ва тавсиялар берди.

 


Охирги ўзгариш: 31/05/2018 22:31.   Кўрилганлиги: 943
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/samarqandda-kommunal-sohada-katta-ozgarishlar-boladi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 5

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.