Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

САМАРҚАНД МЕҲМОНЛАРНИ ЧОРЛАЙДИ

САМАРҚАНД МЕҲМОНЛАРНИ ЧОРЛАЙДИ

Яна бир неча кундан сўнг Самарқанддаги улуғвор Регистон майдони узра дунё халқлари куй-қўшиқлари янграйди. Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали бу йил ўнинчи бор ўтказилади. 

Шарқ гавҳари, ер юзининг сайқали бўлган қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқандда мазкур нуфузли санъат байрамига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.

Бу ҳақда ЎзА мухбири Самарқанд шаҳар ҳокими Акбар Шукуров билан суҳбатлашди.

– Дунёнинг албатта бориб кўриш шарт бўлган шаҳарлари қаторида турувчи Самарқандда ўтказилаётган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали бугун жаҳондаги йирик ва нуфузли санъат байрамига айланди. Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан бундан 18 йил олдин ташкил этилган ва ўз олдига дунё халқларининг миллий мусиқа ва қўшиқчилиги дурдоналарини кенг оммалаштириш, асраб-авайлаш ва такомиллаштириш, ўсиб келаётган ёш авлодни миллий қадриятларга муҳаббат руҳида тарбиялаш, турли миллат ва элатларни санъат воситасида бирлаштириш каби мақсадлар қўйилган фестиваль қисқа даврда халқаро миқёсда кенг оммалашиб, унда ер юзининг барча қитъаларидан вакиллар қатнашмоқда.

Мазкур санъат форумининг ЮНЕСКО шафелигида ўтиши унинг нуфузи ва даражаси юксаклигидан далолат беради. Буни фестивалга қизиқиш йилдан-йилга ортиб бораётгани ва шу пайтга қадар дунёнинг тўқсонга яқин давлати вакиллари анжуманда ўз санъатини намоён этганида ҳам кўриш мумкин.

Бу галги фестивалда сайёрамизнинг олтмишдан ортиқ мамлакатидан санъаткорлар, мусиқашунос олимлар қатнашиш истагини билдирган. Бир қатор халқаро ташкилотлар, давлатлардан ҳам расмий меҳмонлар келиши кутилмоқда. Бу биз – мезбонлардан фестивалга муносиб ҳозирлик кўриш, халқимизга хос меҳмондўстлик ва санъатсеварлик фазилатларини тўла намоён этишни, юртимиздаги бунёдкорлик ишлари, ободлик самараларини кўрсатиб беришни тақозо этади.

Асосий тадбирлар ўтказиладиган Регистон майдони давлатимиз раҳбари ташаббуси билан таъмирланиб, ободонлаштирилгач, бу ерда амфитеатр ташкил этиш учун ҳар томонлама қулай шароит ва имкониятлар яратилди. Мажмуанинг кириш қисми ва унинг атрофи, Шердор, Тиллакори, Улуғбек мадрасалари олдидаги улкан майдон бутунлай ўзгача кўриниш олди. Ҳозир майдон ўртасида аввалгилардан 25 фоиз кенг саҳна ўрнатилган ва бу ерда фестивалнинг тантанали очилиш маросимига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Саҳнагача бўлган 24 зинадан иборат супаларда томошабинлар учун ўриндиқлар ўрнатилади. Мажмуанинг уч мадрасасига туташиб кетган саҳна амфитеатрнинг барча тарафидан яққол кўзга ташланади.

Бу йилги фестиваль олдидан Регистон мажмуаси ва амфитеатрни ёритиш тизими ҳам энг сўнгги русумдаги технологиялар асосида бутунлай янгидан яратилмоқда. Германиянинг “Adhoc” компанияси ва “Тошшаҳарнур” корхонаси мутахассислари томонидан асосий юмушлар бажарилиб, замонавий ёритиш воситалари ўрнатилмоқда. Мазкур янги тизим асосидаги ёритиш жараёни ва ранглар шоуси иккита катта мониторда 3D форматда намойиш этилади.

Бундан ташқари, мажмуадаги Шердор, Тиллакори ва Улуғбек мадрасаларида ҳам реставрация ишлари амалга оширилди. Фестиваль кунлари бу масканларда миллий мусиқа асбоблари, ҳунармандчилик маҳсулотлари, тарихий либослар кўргазмалари ташкил этиш, иштирокчилар билан ижодий учрашув ва мулоқотлар ўтказиш эътиборга олиниб, зарур жиҳоз ва техник воситалар келтирилди.

– Маълумотларга кўра, бу галги фестиваль қатнашчилари кўрик-танлов жараёнидан ташқари вақтда Самарқанд шаҳри ва бир қатор туманлардаги маданият ва истироҳат боғлари, маҳаллалар, мусиқа ва санъат мактабларида ҳам ўз дастурларини намойиш этиши режалаштирилган экан. Бунинг учун қандай тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда?

– Ҳақиқатдан ҳам, фестиваль иштирокчилари Регистондаги асосий саҳнада танлов доирасидаги чиқишлар билан чекланиб қолмай, Самарқанд шаҳри ва Оқдарё, Жомбой, Самарқанд, Тайлоқ, Ургут, Пайариқ, Пастдарғом туманларида ҳам концерт дастурларини намойиш этади. Бу анъана аввалги фестивалларда ҳам ўз ифодасини топган бўлса-да, жорий йилда тадбирлар ўтказиладиган масканлар анча кўп. Вилоят бўйича ўттиздан ортиқ жойда ижодий учрашувлар ўтказиш кўзда тутилган.

Самарқанд шаҳрида 15 га яқин истироҳат боғи, хиёбон ва амфитеатрлар, маҳаллалар маркази, болалар мусиқа ва санъат мактаблари ва йирик корхоналарда меҳмонлар иштирокида тадбирлар ўтказилади. Бунинг учун мазкур объектлар ва улар атрофини, шунингдек, шаҳримиздаги тарихий обида ва муқаддас қадамжоларни ободонлаштириш, фестиваль руҳига мос безатиш ишлари олиб борилмоқда.

Кўксарой майдони, Амир Темур, Руҳобод хиёбонларида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, янги, замонавий фавворалар ташкил этилди. Яқинда Чашма маҳалласида анча вақтдан буён эътибордан четда қолиб келаётган маскан ободонлаштирилиб, маҳалла маркази ва кўркам хиёбон ташкил этилди. Бу ерда ҳам янги фаввора ишга туширилди. Умуман, шаҳарда мавжуд қирққа яқин фавворанинг ҳолати ўрганилиб, тўлиқ ишлаши таъминланмоқда. Мусиқали ва рангли фавворалар фестиваль руҳига мос ҳолга келтириб қўйилди.

Шаҳарни фестивалга оид панно ва баннерлар, кўргазмали воситалар билан безатиш, тунги чироқлар ва иллюминация воситалари ўрнатиш, гул кўчатлари ўтқазиш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозирга қадар Самарқанд халқаро аэропорти ва темирйўл вокзали, Регистон, Даҳбед, Бўстонсарой, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Беруний кўчалари, Университет хиёбони, Кўксарой майдонида бу борада белгиланган юмушлар бажарилди. Шаҳардаги бекатлар ва жамоат транспортига “Шарқ тароналари” рамзи акс этган баннерлар жойлаштирилди. Йўллар атрофи, боғ ва хиёбонларда салвия, райҳон, гултожихўроз, питунья, виола каби 1 миллион 250 минг дона гул кўчатидан иборат янги гулзорлар барпо этилди.

– Фестиваль иштирокчилари сафининг йил сайин кенгайиб бораётгани уларни муносиб кутиб олиш ва меҳмонхоналарга жойлаштириш, замонавий сервис хизматлари кўрсатишда катта масъулият талаб қилади. Бу борада қандай чора-тадбирлар кўрилмоқда?

– Бу масала доимий эътиборимизда. Фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича вилоят ишчи гуруҳи томонидан 17 гуруҳ шакллантирилиб, уларнинг ҳар бирига иштирокчиларни кутиб олиш, меҳмонхоналарга жойлаштириш, овқатлантириш, транспорт хизмати кўрсатиш, гид-таржимонлар билан таъминлаш, вилоят бўйлаб саёҳатлар уюштириш, илмий-назарий конференцияни юқори савияда ўтказиш, ижодий учрашувлар ташкил этиш каби йўналишлар бўйича вазифалар белгилаб берилган.

Кези келганда таъкидлаш керакки, бугунги кунда шаҳримиздаги меҳмонхоналарда нафақат фестиваль иштирокчилари ва меҳмонларини, балки мазкур санъат байрамини томоша қилиш учун келадиган хорижлик ва маҳаллий сайёҳларни ҳам қабул қилиш имконияти мавжуд. Тўқсондан ортиқ меҳмонхона ҳар томонлама юқори сифатли сервис хизмати кўрсатишга тайёр.

Бир сўз билан айтганда, бугун Самарқандда “Шарқ тароналари” Х халқаро мусиқа фестивалини ҳар қачонгидан ҳам юқори савияда ўтказишга тайёргарлик қизғин давом этмоқда. Бу юртимизга соз кўтариб келган санъаткорлар, маданият намояндалари, азиз меҳмонларнинг бетакрор Ватанимиз ҳақида бой ва унутилмас таассуротларга эга бўлиши ва юртимизга қизиқишини ошириши шубҳасиз.

Ғолиб Ҳасанов


Охирги ўзгариш: 10/08/2015 22:29.   Кўрилганлиги: 1519
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/samarqand-mehmonlarni-chorlaydi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 5

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.