Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

САМАРҚАНД БАШАРИЯТНИНГ ЧЕКСИЗ ҲАЙРАТ, АБАДИЙ МЕҲР-ОҚИБАТ, НОДИР МАДАНИЯТ ВА БУЮК КЕЛАЖАК ШАҲРИДИР

САМАРҚАНД БАШАРИЯТНИНГ ЧЕКСИЗ ҲАЙРАТ, АБАДИЙ МЕҲР-ОҚИБАТ, НОДИР МАДАНИЯТ ВА БУЮК КЕЛАЖАК ШАҲРИДИР

Кейинги бир ярим йилда туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилган янгича ёндашув яқин орада муносиб натижасини кўрсатиши, шубҳасиз.

Президентимизнинг 2018 йил 3 февралда имзоланган “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони, 6 февралдаги “Кириш туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ҳамда 7 февралда қабул қилинган “Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари соҳада туб бурилиш ясалишига мустаҳкам ҳуқуқий асос яратди.

Бинобарин, туризмнинг жадал равнақи мамлакатимизни олам узра кўз-кўз этиш, маънавий-маърифий меросимиз, бетакрор обидаларимиз, улуғ алломаларимизнинг ибратли ҳаёти ва фаолиятини тарғиб этиш, халқимизга хос урф-одат, анъана ва қадриятларимиз билан хорижликларни баҳраманд қилишда муҳим аҳамиятга эга.

Биз мазкур соҳада олиб борилаётган кенг қамровли ишлар билан танишиш мақсадида Самарқанд вилоятида бўлдик.

Хабарингиз бор, яқинда оммавий ахборот воситалари орқали Австралиянинг “Skyscanner” ахборот портали экспертлари “Instagram” ижтимоий тармоғидан фойдаланувчилар учун сайёрамизнинг энг гўзал жойлари рейтингини тузиб чиққани эълон қилинди. Ер юзидаги 15 та энг гўзал шаҳар номи киритилган рўйхатнинг олтинчи поғонасидан тарихий дурдоналари, қадимий обидалари ҳамда улуғ аллома ва мутафаккирлари билан дунёга танилган кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳри ўрин олди.

Мутахассисларнинг айтишича, “Шарқ гавҳари”, Ер юзининг сайқали, деб таърифланадиган Самарқанд шаҳрини сайр қилиш кишига унутилмас таассуротлар ҳадя этади. Унинг муқаддас қадамжолари, азиз-авлиёлар мангу қўним топган манзилларини зиёрат қилиш қалбга ҳикмат улашса, тўкин бозорлари, афсонавий нони, соҳибқирон Амир Темур асос солган боғлари, саратон авжида ҳам танага роҳат бахш этувчи насими кишига завқу шавқ бағишлайди.

 

Бу ерда имкониятлар кенг

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2018 йил март ойида вилоятга ташрифи давомида -такрорланмас тарихий, маданий, меъморий мерос объектлари билан туристларни таништириш учун қулай шарт-шароит яратиш, зиёрат туризмини жонлантириш, умуман, қадимий заминнинг туризм салоҳиятини янада ривожлантириш бўйича бир қатор кўрсатмалар берган эди. Шундан келиб чиқиб, аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинган.

Ҳамроҳимиз, Самарқанд вилояти ҳокимлигининг ахборот хизмати раҳбари Манноб Ибодуллаевнинг айтишича, бугун ҳудудда сайёҳлар борадиган манзиллар сони ортиб бормоқда. Амир Темур мақбараси, Регистон ансамбли (Шердор, Тиллакори, Мирзо Улуғбек мадрасалари), Бибихоним ва Ҳазрати Хизр масжидлари, Шоҳи Зинда ёдгорлиги, Хўжа Дониёр зиёратгоҳи, Мирзо Улуғбек расадхонаси, Самарқанд туманидаги Нодир Девонбеги комплекси, Хўжа Аҳрор Валий масжиди, Ургут туманидаги ўавсул Аъзам, Хўжа Омон, Чор Чинор зиёратгоҳлари, Пайариқ туманидаги Имом Бухорий мажмуаси ҳар доим маҳаллий ва хорижлик меҳмонлар билан гавжум.

Шунингдек, янги йўналишларга Ўзбекистон тарихи, Самарқанд шаҳар тарихи — “Афросиёб” музейи, Ўлкашунослик музейи, Пахтачи туманидаги Добусия шаҳристони, Пайариқ туманидаги Челак-Кўктепа тарихий ёдгорлиги, Маҳдуми Аъзам зиёратгоҳи ва бошқа қадамжолар киритилган.

Вилоятдаги музейлар фаолиятини янада кенгайтириш, уларнинг хорижий мамлакатлар музейлари билан, жумладан, илмий тадқиқот йўналишида ҳамкорликни кучайтириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Япония, Франция ва Жанубий Кореянинг археологик институтлари ҳамда музейлари билан алоқалар ўрнатилган. Хусусан, “Афросиёб” музейининг “Элчилар хонаси”даги деворий суратларни босқичма-босқич асл ҳолатига келтириш ишлари олиб борилаётган бўлса, кўҳна Афросиёб тепалигида жойлашган Сўғдиёна (қадимги Мароқанд ёки Афросиёб) шаҳрининг эски кўриниши акс эттирилган 3D треки сайёҳларга намойиш қилинмоқда.

Мавсумда ҳар куни 100 дан ортиқ меҳмонхоналарда маҳаллий ва хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатилиб, шаҳар маркази, шунингдек, туташ ҳудудлардаги 30 дан зиёд ресторанларда миллий, корейс, рус ва Европа таомлари тайёрланиб, кўнгилочар -тадбирлар уюштирилмоқда. Зиёратчилар ва сайёҳлар оқимининг кўплиги инобатга олиниб, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ҳамда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси томонидан қўшимча рейсларни ташкил этиш юзасидан таклифлар киритилган.

 

“Биз ҳар доим қадим манзилларга талпинамиз”

— Кейинги бир ярим йилда Самарқандга сайёҳлар келиши кескин кўпайди. Масалан, 2017 йил давомида ўнта чартер рейс орқали Япония фуқароларининг юртимизга саёҳати уюштирилган бўлса, бу йил қатновлар сонини 15 тага етказиш кўзда тутилган, — дейди Ўзбекистон туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Дилшод Нарзиқулов. — Ушбу саёҳатлар орқали 3000 га яқин японияликларнинг юртимизга келиши кутилмоқда. 2017 йил мобайнида Самарқандга 1,1 млн. нафарга яқин маҳаллий ва 180 мингдан ортиқ хорижий сайёҳлар ташриф буюрди. Уларнинг географиясига қарайдиган бўлсак, вилоятга йил давомида 100 дан зиёд давлатлардан сайёҳлар ташриф буюришган. Улар орасида Россия, Франция, Германия, Япония, Италия ва Испания давлатлари вакиллари кўпчиликни ташкил қилади.

2018 йилда 350 минг нафар хорижий ҳамда 1 млн. 650 минг маҳаллий сайёҳни Самарқанд заминида қабул қилиш бўйича ишлар бошланган. Туристик хизматлар экспорти географияси Индонезия, Малайзия, Исроил, Сингапур, Австралия ва Туркия каби давлатлар ҳисобига кенгайиши кутилмоқда.

— Ўзбекистонда сўнгги пайтларда бутунлай янги тизим асосида изчил ислоҳотларнинг рўй бераётгани бугун чет элларда ҳам маълум, — дейди Япониянинг “All season” туристик компанияси вакили Каваками Кодзухиса. — Шунинг учун мамлакатингизни ўз кўзи билан кўришга ҳавасманд кишилар бизда жуда кўп. Лекин шу пайтгача виза тартиблари туфайли кўпчилик бу ерга келишга интилмасди. Эндиликда Президентингизнинг ташаббуси билан кўпгина давлатлар қатори Япония фуқароларига ҳам Ўзбекистонда бир ойгача визасиз тартибда бўлиш ҳуқуқининг берилиши сайёҳлар оқимининг кескин кўпайишига имконият яратди. Буни ҳақиқий янгилик деса бўлади. Ўз юртини севадиган, унинг тараққиёти йўлида кечаю кундуз меҳнат қилаётган Шавкат Мирзиёевнинг барча ташаббуслари ибратга лойиқ. Биз эса ҳар доим Ўзбекистонга талпинганмиз. Самарқанд дейилса, ҳар бир япониялик, аввало, қадимий Буюк Ипак йўлини ёдга олади.

 

Имом Бухорий мажмуасига бир кунда 5 мингга яқин меҳмонлар келмоқда

Самарқандга ташриф буюрган меҳмонларнинг аксарияти Пайариқ туманидаги Имом -Бухорий мажмуасини, албатта, зиёрат қилади. 2018 йилнинг биринчи чорагида Имом Бухорий мажмуасини 311 минг нафардан ортиқ сайёҳлар, жумладан, 2000 нафарга яқин хорижликлар зиёрат қилган. Бу ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 146 минг нафарга кўп демакдир.

Президентимиз 2017 йил ноябрь ойида мажмуага ташриф буюрганида, бу борада амалга ошириладиган ишлар концепцияси билан танишиб, уни янада такомиллаштириш бўйича зарур тавсиялар берган эди. Шу асосда мажмуани реконструкция қилиш ҳамда ушбу масканга зиёрат туризми бўйича келувчи сайёҳлар учун барча хизмат турини қамраб олувчи меҳмонхона ва инфратузилма объектлари қуриш юзасидан лойиҳа-таклифлар тайёрланди.

Лойиҳага кўра, таъмирлаш ишларини мажмуа ҳудудини уч қисмга ажратган ҳолда босқичма-босқич амалга ошириш мўлжалланган. Аввало, ёдгорликнинг олд қисмини икки қават қилиб кўтариш, масжидни кенгайтириш, 250 ўринли зал, юқори мартабали меҳмонларни кутиш хоналарини ташкил этиш кўзда тутилмоқда.

Мажмуа рўпарасида меҳмонхоналар, бозор, гипермаркет, савдо ва маиший хизмат мажмуалари, кафе ва чойхоналар, миллий ҳунармандлик устахоналари, спорт майдони қуриш режалаштирилган. Ушбу ҳудуд ва мажмуа ўртасида фавворалардан иборат 850 метрлик аллея, унинг ёнида француз услубида, ландшафт дизайни асосида баҳаво йўлаклар барпо этилади. Зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида мажмуа яқинида маҳаллий ва вилоятлараро йўналишларда қатновчи автобуслар учун автовокзал ҳамда 700 ўринли автомобиллар тўхташ жойи қурилади, мажмуага олиб борувчи йўл бўйида қишлоқ аҳолиси учун икки қаватли тураржойлар бунёд этиш белгиланган.

Бу ишлар амалга оширилгач, зиёратгоҳда бир вақтнинг ўзида 3-4 минг сайёҳга сифатли хизмат кўрсатиш имконияти яратилади.

— Дам олиш кунлари мажмуага ўртача 5 минг сайёҳ келмоқда, — дейди Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи бошқарув кенгаши раиси Деҳқонбой Эрмаматов. — Наврўз байрами кунлари эса 15 — 17 минггача зиёратчилар ташриф буюрди. Бу биринчи навбатда, сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлашни талаб этади. Шу мақсадда иккита қўриқлаш пости тузилиб, туну кун қўриқлов амалга оширилаяпти. Мажмуа ичида эса “Хавфсиз туризм” ходимлари фаолият кўрсатмоқда.

 

Илғор технологиялар — тайёр дастёр

2018 йил мамлакатимизда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинди. Барча соҳада бўлгани каби туризм соҳасида ҳам янги инновацион ғояларни ва ахборот технологияларини қўллаш катта самара бермоқда. Дунё мамлакатлари тажрибасидан маълумки, ҳозирги кунда туризмда ахборот технологиялари катта роль ўйнамоқда.

Сайёҳларни жалб қилиш, ҳаво йўллари, темир йўл, автомобиль ва бошқа транспортни масофадан туриб банд қилиш, яшаш жойини ижарага олиш, турли тадбирлар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлиш, ўша мамлакатга кириш визасини олиш, овқатланиш жойларидаги хизматлар учун олдиндан тўлов қилиш каби юмушларни ахборот технологиялари орқали бир лаҳзадаёқ бажариш имконияти яратилмоқда. Бундан ташқари, туристларга қулай бўлиши учун сайёҳлик объектларининг интерактив йўл кўрсаткичларга эга электрон хариталари тузилган.

Бу қурилмани сайёҳ доимо ўзи билан олиб юра олади ва хоҳлаган жойига бориши, интернет тармоғи мавжуд бўлмаган жойларда ҳам ишлатиши мумкин. Дастурдан фойдаланишни истаган сайёҳ уни www.samarkandtour.uz сайтидан ёки Google Play электрон дўконидан (www.play.google.com) ўз мобиль қурилмасига юклаб олиши талаб этилади.

 

“Samarkand city” муҳташам туризм зонаси бўлади

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2020 йилга қадар “Samarkand city” туризм зонаси ташкил этилади. Бу ҳақда ҳукуматимизнинг Самарқанд ва Самарқанд вилоятининг туристик салоҳиятини ривожлантиришни жадаллаштиришнинг уч йиллик дастури тасдиқланган. Унга кўра, ҳудудда замонавий меҳмонхоналар, коттежлар, маданий-соғломлаштириш ва кўнгилочар савдо масканлари, жумладан, амфитеатр, боулинг-клублар, караоке-барлар, кафе, ресторанлар, эсдалик совғалар ва бошқа маҳсулотлар дўконлари қурилади.

Дастурда умумий овқатланиш тизимини такомиллаштириш ва туристларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишлари учун шароит яратиш, шу жумладан, замонавий ресторанлар қуриш, нурли ва мусиқий шоу дастурларини ташкил этиш, ўзбек миллий мусиқасининг театрлаштирилган концерт дастурларини уюштириш, маданий мерос объектлари ҳудудида миллий урф-одат ва анъаналарни намойиш қилиш кўзда тутилган.

Авиарейслар ҳамда тезюрар “Афросиёб” электропоезди қатновлари сонини -кўпайтириш, Самарқанд шаҳрининг тарихий ҳудудида сайёҳларга хизмат кўрсатувчи ихтисослаштирилган ташкилот фаолиятини йўлга қўйиш, туристик намойиш объектларига олиб борадиган автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш йўли билан транспорт хизматини яхшилаш, шу жумладан, авиа ҳамда темир йўл инфратузилмасини янада ривожлантириш белгиланган.

“Самарқанд нонлари”, “Самарқанд ҳунармандлари”, “Миллий таомлар”, “Шарқ ширинликлари” каби фестивалларни уюштириш ҳамда ўтказиш, хорижий туроператорлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ахборот турларини ташкил этиш, экскурсияларнинг туристик хариталарини тайёрлаш, шунингдек, оммабоп хорижий телеканалларда Самарқанднинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш, ҳудуднинг диққатга сазовор жойлари ва бой тарихига бағишланган маълумотларни интернет ҳамда оммабоп ижтимоий тармоқларда жойлаштириш орқали кенг қамровли реклама кампаниясини -ўтказиш ва Самарқанд шаҳри брендини тарғиб этиш режалаштирилган.

Дастурда асосий эътибор зиёрат туризмини ривожлантириш ҳамда зиёратчи-сайёҳлар оқимини оширишга қаратилган.

Ҳисоб-китоб қиймати 39,34 млрд. сўм бўлган дастурнинг ижроси 2020 йилга қадар хорижий сайёҳлар сонини икки баробар оширишга имкон бериши кутилмоқда.

 

Гидлар маҳорати ва масъулият

Мамлакатимизга келаётган сайёҳларга юқори сифатли сервис хизмати кўрсатиш, уларнинг ҳар бир куни мазмунли ва таассуротларга бой ўтиши учун зарур шарт-шароит ҳамда имкониятлар яратиш тегишли идоралар, сайёҳлик фирмаларининг доимий эътиборида. Бу жараёнда юртимизда сайёҳларга сафар давомида ҳамроҳлик қилувчи ёки маълум бир объект бўйича маълумот берувчи гидлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш мақсадида кенг кўламли ишлар қилинмоқда.

Афсуски, гид-таржимонлик билан шуғулланиш ҳуқуқи бўлмаса-да, чет тилини биладиган айрим кишиларнинг хорижий сайёҳларга ҳамроҳлик қилиб, уларга ўз билганича маълумот бериш ҳолатлари ҳам учраб туради. Бу эса юртимиз тарихи, маданиятининг турлича талқин этилиши, собиқ тузум мафкураси таъсири остида яратилган, ҳеч қандай тарихий манбага эга бўлмаган “ҳикоя” ва “ривоят”лар тилдан-тилга ўтишига сабаб бўлмоқда.

— Хорижлик меҳмонларга таржимонлик қилишнинг катта масъулияти бор, — дейди олий тоифали гид-таржимон Муродхон Эргашев. — Аввало, фақат гид чет элликлар билан суҳбатлашиш, уларга юртимиз ҳақида маълумот бериш имкониятига эга бўлади. Бу ишнинг масъулиятли жиҳати шундаки, гиднинг нафақат берган маълумоти, балки ўзини тутиши, маданияти меҳмонларда юртимиз, халқимиз ҳақида қандай тасаввур уйғотишига таъсир қилади. Шунинг учун гид, биринчи галда, асл ватанпарвар, юксак маънавиятли инсон бўлиши керак. У сайёҳларга ҳар томонлама асосли, айни вақтда қизиқарли ва ибратли маълумотларни етказиши лозим.

 

Истиқболли йўналишлар, ҳал этилаётган муаммолар

Аёнки, сайёҳларнинг дастлабки фикри ва кайфияти аэропорт ёхуд темир йўл вокзалида яратилган шароиту қулайликларга қараб шаклланади. Бугунги кунда аэропорт ҳафтасига фақатгина 30 га яқин маҳаллий ва хорижий йўналишларда авиақатновларга хизмат қилишини инобатга олиб, “Самарқанд” халқаро аэропорти қувватини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган.

Юртбошимизнинг юқори даражада ўтказилаётган учрашувларида имзоланаётган битимлар, туризм бозоридаги талаб ва эҳтиёж натижасида янги авиарейслар ташкил қилинмоқда. Биргина “Истанбул — Тошкент — Истанбул” авиақатнови йўлга қўйилиши, Япониянинг Токио шаҳри, Нагоя ва Нара префектурасидан Самарқандга амалга оширилган чартер рейслари, режалаштирилаётган Жакарта — Самарқанд — Жакарта, Сиань — Самарқанд — Сиань чартерлари келгусида сайёҳлар оқими кескин ошишига хизмат қилади.

Вилоятга ташриф буюраётган сайёҳлар, қолаверса, маҳаллий аҳолининг кўнгилдагидек ҳордиқ чиқариши учун бир нечта дам олиш масканларини ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, Ургут туманининг Омонқўтон ва Бешкон маҳаллалари ҳудудида, Ургут — Китоб йўли бўйлаб жойлашган Тахтиқорача довонида, Самарқанд туманининг Оҳалик ва Миронқул маҳаллаларида дам олиш масканлари қурилиши охирига етказилаяпти. Жомбой, Нуробод ва Қўшработ туманларида ҳам худди шундай масканларни барпо этиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилаётир.

Очиғи, бугун маҳаллий аҳоли ҳамда хорижий меҳмонларнинг маданий ҳордиқ чиқариши, дам олишини мазмунли ўтказиши учун шаҳарда замонавий ва ҳар томонлама қулай шароитларга эга истироҳат боғлари етарли эмас. Эътибор беринг: фақатгина 2018 йилнинг январь — март ойларида 19 мингдан ортиқ хорижий ва 230 минг нафардан кўпроқ маҳаллий сайёҳлар Самарқанд вилоятига ташриф буюришган. Айниқса, Наврўз байрами тантаналарида ташриф буюрганлар жуда ортганлиги меҳмонхоналарни кўпайтириш лозимлигини яна бир бор кўрсатди.

Ана шу жиҳатлар таҳлил қилиниб, барча қулайликка эга, миллий ва замонавий уйғунликдаги айвонлар, турли конструкциялар, ёритқич ускуналари, ўриндиқлар, гулхоналар, аттракционлар, меҳмонхона ва ресторанларни ўз ичига олган инновацион истироҳат боғи лойиҳаси ишлаб чиқилган. Мазкур лойиҳада Самарқандда илк “Муз саройи” ҳамда “Картинг” клублари қуриш кўзда тутилган.

 

“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!”

Ички туризмни ривожлантириш тўғрисида қабул қилинган Президент қарори асосида вилоятнинг йирик иш берувчилари, жамоат ташкилотлари ҳамда хайрия фондлари тизимлари орқали аҳолининг кенг қатламини “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида республика бўйлаб саёҳатлари уюшқоқлик билан ташкил этилаяпти.

Ушбу йўналишда тарғибот-ташвиқот ишлари кучайтирилиб, туристик соҳа тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликда маҳаллий сайёҳлар учун туризм мавсуми бўлмаган даврларда 40 фоизгача чегирмалар жорий қилинмоқда. Мазкур қарор билан давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимлари учун туристик саёҳат турларини ташкил қилиш жадваллари тасдиқланган. Жорий йилнинг январь ойидан бошлаб вилоятнинг барча ҳудудида саёҳатчилар гуруҳлари шакллантирилиб, график асосида уларнинг зиёратлари уюштирилаяпти.

Гуруҳларда ёш оилалар, маҳалла фаоллари, йирик иш берувчилар ходимлари, ёшлар, тадбиркорлар ва бошқа соҳа вакиллари қамраб олинган бўлиб, 2018 йил давомида вилоятнинг 25 мингга яқин аҳолиси саёҳатлари ташкил этилади. Бу ўтган йилдагига нисбатан 3,7 баробар ошади, деганидир.

Мавжуд тарихий-маданий, экологик, экстремал, агро, гастрономик ва бошқа туризм йўналишида фойдаланиш мумкин бўлган объектларни аниқлаш мақсадида махсус ишчи гуруҳ томонидан вилоят туманларининг туристик салоҳиятини акс эттирувчи туманлар ва шаҳарлар паспортлари ишлаб чиқилди. Натижада 30 га яқин янги истиқболли объектлар аниқланди. Жумладан, Булунғур тумани ҳудудида Амир Темур томонидан қурилган кўприк, Хўжа Ҳофиз мақбараси ҳамда илоҳий ҳовуз борлиги маълум бўлди. Ушбу мақбара ҳудудини ободонлаштириш, олиб борувчи йўлларни таъмирлаш, янги мақбара барпо этиш бўйича чора-тадбирларни белгилаш, мазкур объектни туристик маршрутга киритиш борасида ишлар амалга оширилмоқда.

Бугун Ўзбекистонни, унинг тарихий шаҳарларини бутун дунёда билишади. Президентимизнинг узоқ ва яқин давлатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги эзгу ташаббуслари, виза тизимининг соддалаштирилгани туфайли юртимизга бўлган интилиш ва қизиқиш янада кучайиб бормоқда. Бу каби улкан вазифаларнинг амалга оширилиши, истиқболли лойиҳаларнинг амалиётга жорий этилиши эса, табиийки, туризм салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилиши муқаррар.

 

Мақсуд Жонихонов,Халқ сўзи мухбири.


Охирги ўзгариш: 21/05/2018 09:32.   Кўрилганлиги: 1006
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/samarqand-bashariyatning-cheksiz-hayrat-abadiy-mehr-oqibat-nodir-madaniyat-va-buyuk-kelajak-shahridir

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 3

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.