Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ЎСМИР КЎЧАНИНГ БОЛАСИ ЭМАС У НАЗОРАТДА БЎЛИШИ ЛОЗИМ!

ЎСМИР КЎЧАНИНГ БОЛАСИ ЭМАС У НАЗОРАТДА БЎЛИШИ ЛОЗИМ!

Вояга етмаганлар ўртасида турли кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда умумтаълим мактабларидаги давомат кўрсаткичларини мунтазам назорат қилиб бориш мақсадида бозорлар, турли хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳамда жамоат жойларида “Ўқувчи рейди” ўтказилиб келинмоқда.

Айрим таълим муассасаларида назоратнинг бўшаштириб юборилганлиги, ўқувчиларни сайёқ юришига олиб келмоқда.

Навбатдаги “Ўқувчи рейди” Каттақўрғон туман ҳокимлиги, туман хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгаши, туман ички ишлар бўлими, туман халқ таълими бўлими ва “Каттақўрғон ҳақиқати” газетаси ҳамкорлигида ўтказилди. Тадбир давомида афсуски, ота-она ва таълим муассасаси педагогларининг назоратсизлиги оқибатида айрим ўқувчилар дарс вақтида кўчада, турли юмушлар билан машғуллиги аниқланди.

Жумладан, Пайшанба деҳқон бозори ҳамда унга туташ кўчаларда ўтказилган шундай назорат тадбирларида 21-умумтаълим мактабининг Муқаддас Абдурасулова раҳбарлик қилаётган 10-синф ўқувчилари Амина Султонова, Нилуфар Абдусатторова, 2-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Беҳруз Неъматуллаев, 46-умумтаълим мактабнинг 10-синф ўқувчиси Оқил Сақлаев ҳамда 98-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Шохруз Сағдуллаевлар дарс вақти бўлишига қарамасдан ўзларининг “муҳим” фаолиятлари билан машғуллиги маълум бўлди. Масалага ойдинлик киритиш мақсадида масъуллар билан суҳбатлашилганида вазиятни хаспушлашдан нарига ўтишмаган.

Хусусан, рейд давомида дарсга қатнашмасдан бозор ҳудудида юрган Оқил Сақлаев таълим оладиган 46-умумтаълим мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Актам Қувватов томонидан ўқувчиз уйда онаси касал бўлганлиги учун туман марказига дори олиб келиш учун борганлиги билдирилган. Ваҳоланки, ўқувчи билан суҳбат ўтказилганда мактабга сабабсиз бормасдан онасининг қистови билан онасини телефон аппаратини созлатиш учун Пайшанба деҳқон бозоридаги телефон созлаш устахонасига борганлигини билдирган. Мактаб директорининг ўринбосари ёлғон гапиряптими ёки ўқувчими?

Ачинарлиси, айрим мактаб ўқувчилари ўртасида сув ва ҳаводек зарур бўлган дарс машғулотини ташлаб, компьютер ўйинлари билан машғул бўлиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Мазкур рейд давомида 4-умумтаълим мактабининг 9- синф ўқувчилари Меҳриддин Исломов, Ислом Иззатуллаевлар дарсда бўлиш ўрнига Алишер Навоий маҳалласида жойлашган компьютер клубида турли ўйинлар билан машғуллиги аниқланган.

Шунингдек, дарс пайтида Пайшанба шаҳарчасида жойлашган “Сайид Жалолиддин” жомеъ масжиди дарвозасида 1-ИДУМнинг 2-синф ўқувчиси Муҳаммадсултон Санаев, 8-синф ўқувчиси Ўлмас Файзуллаевлар намозга келаётган фуқароларга “Рўза тақвими” тарқатмасини сотаётганликлари ҳам аниқланган.

Дарҳақиқат, бугун вояга етмаганлар таълим-тарбияси, уларнинг камолоти учун тинимсиз қайғурилаётган айни пайтда катталар томонидан, яъни ота-она, маҳалла зиёлилари, боланинг таълим-тарбияси учун масъул бўлган ўқитувчиларимиз томонидан назорат қўлдан бой берилаётганини қандай тушуниш мумкин?!

Агар фарзандлар бахту-камоли учун, уларнинг бирор жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этиб қўймаслиги учун сизу биз кафил бўла олмасак уларни ким ўз қарамоғига олади? Ваҳоланки, айнан уларнинг ёшида ўзибўларчиликка қўйиб қўйиш оқибатида ҳар хил мудҳиш ҳодисалар рўй бераётгани ҳурматли синф раҳбарлари, ота-оналарга сабоқ бўлмайдими? Ўйлаймизки, юқорида номи келтирилган ўқувчиларнинг ота-оналари ҳамда синф раҳбарлар, таълим муассасаларининг раҳбарлари бундан тегишли хулоса чиқаришади. Бу каби рейдлар эса давом этаверади. Зеро, ўсмир кўчанинг боласи эмас, юртимизнинг эгасидир.


Киритилган вақти: 11/05/2019 21:37.   Кўрилганлиги: 881
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/osmir-kochaning-bolasi-emas-u-nazoratda-bolishi-lozim

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 6

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.