Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ОНА МЕҲРИ, ФАРЗАНД МУҲАББАТИ МУЖАССАМ БУНДА

ОНА МЕҲРИ, ФАРЗАНД МУҲАББАТИ МУЖАССАМ БУНДА

Тайлоқлик Шоира опанинг тўнғич ўғли Қамариддин Урганчда муддатли ҳарбий хизматни ўтамоқда. Яқинда хизматни тугатиб қайтиши маълум бўлса-да, она қаттиқ соғинган. Хат ёзишиб, телефонда суҳбатлашиб турсак ҳам, барибир, юз кўришиб, гаплашиш бошқача-да, дейди у. 

Шунинг учун туман мудофаа ишлари бўлимидан қўнғироқ қилиб, Самарқанд шаҳрига ўғли билан видеомулоқотга таклиф этишганида боши кўкка етди. Айтилган манзилга белгиланган вақтдан анча олдин келди…

“Менинг ўғлим – Ватан ҳимоячиси” видеомулоқоти ўтказиладиган Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтига фарзанди Хоразмда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган Шоира опа сингари кўплаб ота-оналар ҳамда Самарқандда шарафли бурчини адо этаётган хоразмлик аскар йигитлар жам бўлди.

Мулоқот аввалида икки вилоят ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари аскарлар ва уларнинг ота-оналарини Ватан ҳимоячилари куни билан табриклади. Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз мудофаа тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар самаралари, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун яратилган шароитлар ҳақида сўз юритилди. Аскарлар ва уларнинг ота-оналарига эсдалик совғалари топширилди.

Ҳаяжонли лаҳзалар бошланиб, ота-оналар ва фарзандлар экран орқали дийдор кўришди. Оналар кўзида ёш халқаланди, йигитлар юраги ҳаприқди. Бир-бирларидан ҳол-аҳвол сўрадилар, миннатдорлик билдирдилар.“Онажон, мени дунёга келтирганингиз, соғ-омон ўстирганингиз учун раҳмат!”. “Ўғлим, тани-жонинг соғ бўлсин, эл олдида юзимни ёруғ қилдинг. Менинг ўғлим Ватан ҳимоячиси, деб ғурурланиб юрибман”...

– Акаларим бошқа юртларда ҳарбий хизматни ўтаган, онам ўғилларини армияга кузатиб, икки йил соғинч билан кутган, – дейди Тайлоқ туманидан келган Ш.Азимова. – У пайтларда бугунгидек имкониятлар бўлмаган. Шунинг учун бир энлик хат келса, кейинги мактуб келгунча қайта-қайта ўқир ёки бизга ўқитиб, кўз ёшини артиб ўтирарди. Ўшанда онамнинг қалбида нималар кечганини тушунмаган бўлсам-да, ўтган йил ўғлим Қамариддинни ҳарбий хизматга кузатгач, она кўнгли кечинмаларини англагандек бўлдим.

Шукр, фарзандларимиз ўз юртимизда хизмат қилишади. Улар билан суҳбатлашиш, дийдор кўришиш учун барча шароит яратилган.

Тағин, армияга борган йигитнинг ҳам, унинг ота-онасининг ҳам эл ўртасида ҳурмати баланд. Ўғлимнинг Урганч шаҳрида ҳарбий қасамёд қабул қилиш маросимида қатнашиб, ҳарбий қисмда яратилган шароитларни кўрган эдим. Ҳавас қилиб, кўнглим тўқ уйга қайтгандим. Бугун ўғлимнинг бўй-басти ўсгани, гап-сўзлари ўзгарганини кўриб, тўлқинланиб кетдим. Болам билан фахрланаман.

Учрашувда аскарлар ўзларининг ҳаёт тарзи, ҳарбий билим ва кўникмаларни эгаллаши учун яратилган шароитлар ҳақида гапириб бердилар.

– Онам билан сўнгги бор ўтган йил ҳарбий қасамёд чоғида кўришгандим, – дейди шовотлик Сардорбек Аҳмедов. – Бир йил давомида хат орқали, телефон орқали ҳол-аҳвол сўрашиб турдик. Бугун видеомулоқотда энг аввал онажонимни байрам билан табрикладим. Ахир Ватан ҳимоячилари куни биз, фарзандларни вояга етказган оналарнинг ҳам байрами-да.

Тадбирда истеъдодли ёшлар ва бадиий жамоаларнинг концерт дастури намойиш этилди.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов


Киритилган вақти: 12/01/2016 18:07.   Кўрилганлиги: 1542
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/ona-mehri-farzand-muhabbati-mujassam-bunda

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 11

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.