Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ОМБУДСМАН – МУҲИМ ИНСТИТУТ

ОМБУДСМАН – МУҲИМ ИНСТИТУТ

Мамлакатимиз қонунларига кўра, ҳар бир шахс тегишли давлат органларига, суд, прокуратура, адвокатура ҳамда жамоат ташкилотларига ариза, шикоят билан мурожаат этиш ҳуқуқига эга. Улар ҳуқуқларини ҳимоялашда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га мурожаат қилиши муҳим аҳамият касб этади. 

Омбудсман Ўзбекистон фуқароси бўлган, шунингдек, ушбу ҳудудда истиқомат қилаётган чет эллик, фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг аризаларини кўриб чиқиб, тадқиқот олиб бориш ҳуқуқига эга. Аризачининг фикрлари билан танишиб чиққач, ўз хулосаларини тегишли органга жўнатади ва фуқаронинг ҳуқуқлари тикланиши юзасидан таклифларини киритади.

Айтиш ўринлики, мамлакатимизда йигирма йил аввал вужудга келган мазкур конституцион институт инсон ҳуқуқлари бўйича қонунчиликка риоя қилиниши бўйича парламент назорати ҳисобланади.

Омбудсман фуқароларнинг ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини бузаётган давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари ёхуд ҳаракатсизлиги устидан берган шикоятларини кўриб чиқади ва ўз текширувини ўтказиш ҳуқуқига эга

Омбудсман суд ваколатига кирувчи шикоятларни кўриб чиқмайди. Чунки Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра, суд органларигина инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва тиклаш бўйича асосий механизм ҳисобланади. Шунинг учун, агар масала судда кўриб чиқилаётган бўлса ва суднинг узил-кесил қарори қабул қилинмаган бўлса, фуқароларнинг шикоятларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили кўриб чиқмайди. Фақатгина, суд қарори қонуний кучга киргандан сўнггина кўриб чиқилиши мумкин. Шунда ҳам Омбудсман суд қарорини бекор қилмайди ва суд қарорига протест келтира олмайди.

Омбудсманнинг Самарқанд вилояти ҳудудий вакиллигига жорий йил бошидан буён 62 та ёзма ва оғзаки мурожаатлар келиб тушди. Мурожаатларнинг тўққизтаси меҳнат қонунчилигининг бузилишига тегишли бўлса, учтаси таълим, 19 таси ижтимоий ҳимоя, биттаси фуқаролик ҳуқуқлари, учтаси тадбиркорлик ҳуқуқлари, 19 таси уй-жой, тўрттаси маҳаллий ҳокимият органлари қарорлари, 17 таси турли масалалар билан боғлиқ. Ушбу аризаларнинг бирортаси ҳам эътиборсиз қолмади.

Омбудсманнинг Самарқанд вилояти ҳудудий вакиллиги эксперт гуруҳидан ташқари вилоят прокуратураси, касаба уюшмаси, ички ишлар, адлия, соғлиқни сақлаш бошқармалари билан ҳамкорлик шартномаларини имзолаб, ўз фаолиятини олиб бормоқда. Маҳаллий давлат бошқарув органлари билан ҳамкорлик фуқаролар мурожаатларини мутахассис ҳамда мурожаат этувчининг иштирокида ҳар томонлама ўрганиш имконини беради.

Шаҳриёр Сафаров, Омбудсманнинг Самарқанд вилоят бўйича вакили,

Тўхтамиш Азизов, ҳуқуқшунос


Киритилган вақти: 11/12/2015 18:23.   Кўрилганлиги: 1448
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/ombudsman-muhim-institut

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 5

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.