
Вилоят ҳокими З.Мирзаев Ургут туманида сайёр қабул ўтказди
Тумандаги 31-сон мусиқа ва санъат мактабида ташкил этилган қабулга вилоят ва туман ҳокимлиги вакиллари, бошқармалар, корхона ва муассасалар раҳбарлари, тегишли жамоат ташкилотлари мутасаддилари таклиф этилди.
Фуқаролар очиқ мулоқотга иштиёқ билан келдилар. Вилоят ҳокими уй-жой, йўл қурилиши, ичимлик сув таъминоти, тадбиркорлик, ободончилик борасида тўпланиб қолган камчиликлар ва уларни бартараф этиш бўйича қилинадиган ишлар тўғрисида ошкора фикр билдиргач, фуқаролар ўзлари дуч келаётган муаммолар, мавжуд камчиликлар ҳақида мурожаат қилдилар.
Хусусан, Деҳқонобод маҳалласида яшовчи Азамат Самиев Ургут-Қоратепа йўналишидаги давлат аҳамиятига эга автомобиль йўлининг 18 километри таъмирталаб бўлиб қолгани, оқибатда ҳайдовчилар автоуловларини бошқаришда қийналишаётгани, ўз ўрнида бу ҳолат йўловчилар ва шу ҳудудда яшовчи аҳоли учун ҳам қатор ноқулайликларни келтираётганини айтиб, вазиятни ўнглашда кўмак сўради. Вилоят ҳокими мазкур муаммони ўрганиш ва бартараф этиш юзасидан мутасадди идоралар вакилларига аниқ топшириқ берди. Ўз ўрнида соҳа раҳбарлари ушбу йўлни 2017 йилда таъмирлашга киришишларини билдирдилар.
- Бизнинг Бешкон маҳалламизда уч мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади, - деди тадбиркор Зоҳида Элмуродова. – Уларга маиший хизмат кўрсатиш мақсадида ўн кишилик ҳаммом ва сартарошхона қуришим учун имтиёзли кредит ажратишда ёрдам беришингизни сўрайман. Бундай иншоот қурилиши маҳалламиз аҳли учун ажойиб туҳфа бўларди.
Ушбу мурожаат жойида ижобий ҳал этилди. З.Элмуродовага бепул лойиҳа ва банкдан 200 миллион сўм миқдоридаги 7 фоизли кредит ажратиладиган бўлди.
Туманнинг Қуйи Алгар маҳалласида яшовчи онахон Муҳтарам Ашурова турмуш ўртоғи ва уч нафар фарзанди ногирон экани, моддий шароити оғирлигини айтиб, кўмак сўради. Натижада шу куннинг ўзида “Ҳамкорбанк” вилоят филиали жамоаси онахонга бир бош она-бола сигир туҳфа этди.
Сайёр қабул давомида шунингдек, Почвон маҳалласидан Шаҳрия Носирова 15-мактабгача таълим муассасасини таъмирлаш, Гулистонлик тадбиркор Эсон Соҳибов корхонасига газ тармоғи тортиш, “Alfa Max Alyans”қўшма корхонаси раҳбари Даврон Саидмуродов фаолиятини ривожлантириш мақсадида чет эл кредит линиясидан хорижий валюта ажратилишини сўради.
– Халқимизнинг табиати шундай: ҳеч ким бирор идорага бесабаб келмайди, мажбур бўлмаса муаммосини ошкор қилмайди, –вилоят ҳокими деди З.Мирзаев. – Кимдир давлат ҳокимияти ёки бошқаруви органига келдими, демак, уни қандайдир савол ёхуд масала ўйлантираётган бўлади. Шуни ҳисобга олиб, ҳар бир раҳбар одамларни тинглай билиши, уларнинг кўнглига қулоқ тутиши шарт. Бу унинг асосий вазифаси, бурчи ҳисобланади.
Сайёр қабул давомида фуқаролар томонидан ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг турли жабҳаларига оид ўттизга яқин муаммоли масалалар тингланди. Уларнинг 12 таси шу ернинг ўзида ҳал этилди. 5 та масала бўйича тегишли идоралар раҳбарларига аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилиб, ижроси назоратга олинди. Шунингдек, айрим саволлар бўйича зарур тушунча ва тавсиялар берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 11
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.