Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

МЕҲР-МУРУВВАТ КЎРСАТИЛДИ

МЕҲР-МУРУВВАТ КЎРСАТИЛДИ


Вилоят мусиқа ва драма театрида 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан хайрия марафони бўлиб ўтди.


Вилоятдаги корхона ва ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар раҳбарлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлими раиси Ҳ.Нормуродов, "Зарафшон" ва "Самаркандский вестник" газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Ф.Тошев, вилоят бош имом-хатиби З.Эшонқулов сўзга чиқиб, юртимизда имконияти чекланган шахсларга кўрсатилаётган эътибор ва яратилаётган имкониятлар, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигини таъкидлаб ўтишди.

Тадбирга таклиф этилган ногиронлиги бўлган шахсларга ногиронлик аравачаси, эшитиш мосламаси, ҳасса ва қўлтиқтаёқлар ҳадя этилди.

– Ҳукуматимиз томонидан бизга кўрсатилаётган ғамхўрликдан бошимиз осмонга етди, – дейди вилоят ногиронлар жамияти раиси Дилмурод Пардаев. – Халқимизга хос бўлган меҳр-шафқат ҳамда эзгулик туйғуларини ҳисобга олган ҳолда, уларнинг эҳтиёж ва талабларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг куни кеча қабул қилинган "Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ногиронларга қулай ҳаётни таъминлаш учун қўшимча шароитлар яратишни назарда тутади. Бугунги марафондан тушган маблағлар кўнгли ўксик кишиларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий ҳимоялашга, шунингдек, уларнинг турмуш шароитини яхшилашга сарфланади.

Шаҳар ва туманларда истиқомат қилаётган имконияти чекланганларга 179 та аравача, 60 та эшитиш мосламаси ҳамда 300 дан зиёд ҳасса ва қўлтиқтаёқлар тарқатилди. Шунингдек, 67 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларга саломатликларини тиклашлари учун сиҳатгоҳларга йўлланма берилди.

– Бахтсиз ҳодиса оқибатида тўшакка михланиб қолгандим, – дейди Иштихон туманидан Зафар Бегматов. – Аммо яқинларим иродамнинг букилишига йўл қўймадилар. Туман ҳокимлиги ва маҳалламиздагилар доим ҳолимдан хабар олиб туришади. Давлатимиз томонидан берилаётган имкониятлар туфайли саломатлигимни тиклаш учун махсус шифохоналарда даволаняпман.

Шу куни "Саховат", "Мурувват" уйлари, "Марварид" сиҳатгоҳи, вилоят ногиронларни реабилитация қилиш маркази ҳамда махсус мактаб-интернатларда хайрия тадбирлари бўлиб ўтди.

***

Мазкур сана муносабати билан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан "Саховат" ва "Мурувват" уйларида чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ташкил этилди.

Ургут туман тиббиёт бирлашмаси, Самарқанд шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси мутахассислари 570 га яқин кексалар, ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий кўрикдан ўтказди.

Вилоят офтальмология шифохонаси мутахассислари томонидан "Саховат" уйида ташкил этилган тиббий кўрикда кўз касалликлари борлиги аниқланган якка-ёлғиз кексалар ҳамда беморларга "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия жамғармаси вилоят бўлими томонидан махсус кўзойнаклар тақдим этилди.

Самарқанд шаҳридаги 61-махсус мактаб-интернатида ўтказилган тадбирда "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия жамғармаси вилоят бўлими директори Р.Раҳмонова, мактаб-интернат директори Г.Эргашева мамлакатимизда жисмоний имконияти чекланган ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари давлат ҳимоясида эканини таъкидлади.

Байрам муносабати билан интернат тарбияланувчиларига ҳомийлар томонидан совғалар топширилди.

Д.ЎТАМУРОДОВ.


Охирги ўзгариш: 06/12/2017 11:15.   Кўрилганлиги: 2730
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/mehr-muruvvat-korsatildi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 10

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.