
Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан Самарқандда анъанавий ўтказиб келинаётган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали халқлар ўртасида дўстлик, аҳиллик, тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этаётир.
2005 йилда ўтказилган “Шарқ тароналари” V халқаро мусиқа фестивали ғолиби, Ўзбекистон давлат консерваториясининг “Анъанавий ижрочилик” кафедраси катта ўқитувчиси Нодира Пирматова фестивалнинг мамлакатимиз маданий ҳаёти ҳамда жаҳон мусиқаси ривожидаги аҳамияти ҳақида ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Бадиий мукаммал қўшиқ инсон қалби ва онгига, саломатлиги, руҳиятига ижобий таъсир кўрсатиши аён. Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида миллий санъатимиз равнақ топишига, уни тарғиб этишга, бу йўналишда изланаётган санъаткорлар меҳнатини қадрлашга, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга доимий эътибор кўрсатилмоқда. Халқимиз, айниқса, навқирон авлодда инсонпарварлик, бағрикенглик, фидойилик каби олижаноб фазилатларни шакллантиришда, улар маънавий дунёсини бойитишда мусиқанинг аҳамияти беқиёс. Шу билан бирга, халқлар ўртасида ижодий мулоқот ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, эзгулик ва маънавий покликка чорлашда мусиқа санъатининг ҳиссаси ғоят катта.
“Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг нуфузи йил сайин ортиб, иштирокчилар сафи кенгайиб бормоқда. Самарқанд заминида янграётган наволар бутун жаҳон бўйлаб акс-садо бераётир. 2005 йилда бўлиб ўтган фестивалда Алишер Навоий ғазаллари билан айтилувчи “Айлагай”, “Оё” катта ашулаларини ижро этдим. Ижроим халқаро ҳакамлар ҳайъати ва санъат ихлосмандлари томонидан биринчи совринга лойиқ топилганидан бошим кўкка етди. Ушбу мусиқа анжумани ўзбек миллий мусиқа санъатининг нақадар бой ва бетакрор, ўзига хос жозиба ва нафосатга эга эканини дунё аҳлига намоён этаётир.
"Шарқ тароналари" V фестивалида ғолиб бўлганимдан сўнг ўтган йилларда Буюк Британия, Франция, Бельгия, Италия, Швейцария, Нидерландия, Ҳиндистон, Таиланд каби давлатларда ўтказилган халқаро мусиқа анжуманлари, кўрик-танловлар, концертлар, симпозиумларда иштирок этдим. Уларда ўзбек миллий қўшиқчилигимизнинг мақом, катта ашула, лапар-ялла каби йўналиш ва жанрларининг моҳиятини илмий-назарий жиҳатдан тушунтириш билан бирга, ижро усулларини ҳам намойиш этдик.
Хорижий давлатларда ўтказилаётган мусиқа анжуманлари, семинарларда ўзбек мусиқа санъати, миллий мусиқамизнинг катта ашула, мақом, қўшиқчилик, лапар, ёр-ёр, халқ ашулалари, бастакорлик ижодиётига оид маҳорат сабоқлари берамиз. Миллатидан қатъи назар, барча мусиқа шинавандалари, санъатшунослар, экспертларда миллий мусиқа меросимиз алоҳида қизиқиш уйғотмоқда. Мақом, катта ашула, мумтоз куй-қўшиқларимиз, бой мусиқий хазинамиздан намуналар турли мамлакатлар вакиллари томонидан ўзгача меҳр ва эътибор билан тингланади. Мумтоз мусиқа намуналаримизнинг инсон маънавиятига кўрсатувчи ҳаётбахш таъсири бугунги кунда хорижлик олимлар томонидан қизғин ўрганилмоқда, бу йўналишда кўплаб илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.
Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллиги арафасида кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқандда ўтказиладиган «Шарқ тароналари» ўнинчи халқаро мусиқа фестивали унинг меҳмонларига жонажон Ўзбекистонимиз, бағрикенг халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти, мамлакатимизнинг тараққиёт одимлари, мафтункор табиатимизни намойиш этади. Фестиваль доирасидаги концертлар, ижодий учрашувлар, анжуман ва семинарлар қизғин мулоқотларга бой бўлади, иштирокчилар ва санъат мухлислари, хорижлик меҳмонларга байрамона кайфият, янги илҳом бахш этади, қалбларда эзгулик, меҳр-мурувват туйғуларини янада мустаҳкамлайди.
ЎзА
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 11
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.