Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

КЕКСАЛАР ИЗЗАТДА, ЁШЛАР ХИЗМАТДА

КЕКСАЛАР ИЗЗАТДА, ЁШЛАР ХИЗМАТДА

Самарқанд вилояти маҳаллаларида “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ижроси доирасида уч авлод учрашувлари бўлиб ўтмоқда. 

Оқдарё туманидаги Пўлатдархон маҳалласида ташкил этилган шундай тадбирга Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти фахрийлари, юз ёшдан ошган табаррук нуронийлар, “Камолот” фаоллари ва ёшлар таклиф этилди.

Учрашувда Президентимиз раҳнамолигида инсон манфаатларига қаратилган ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди. Амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари натижасида шаҳар ва қишлоқларимиз йилдан-йилга обод бўлмоқда. Халқимиз саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий-ижтимоий хизмат кўратиш, уй-рўзғор ва маиший шароитларини яхшилаш борасида аниқ йўналтирилган асосда иш олиб борилаётир. Бу эса халқимиз турмуш фаровонлигининг тобора юксалаётгани, аҳоли ўртача умр кўриш даражасининг ошаётганида ўз аксини топмоқда.

– Бугунги кунда туманимизда юз ёшдан ошган уч нафар онахон истиқомат қилади, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Оқдарё тумани бўлими раиси Туғрал Ҳамроев. – Улар давлатимизнинг доимий эътибор ва ғамхўрлигидан хурсанд. Президентимиз ташаббуси билан Кексаларни эъзозлаш йили, деб эълон қилинган жорий йилда, айниқса, уларга кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром янада ошди. Пенсияларига ҳар ой энг кам ойлик иш ҳақининг юз фоизи миқдорида устама билан бирга, давлат маблағлари ва ҳомийлар ҳисобидан уй-рўзғор буюмлари, озиқ-овқат маҳсулотлари берилмоқда. Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти фахрийлари, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ногирон кексалар ҳам давлатимиз ғамхўрлигидан баҳраманд бўлиб ҳаёт кечирмоқда.

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди маблағлари ҳисобидан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг уй-жойларини таъмирлаш, маиший шароитларини яхшилашга кўмаклашилмоқда. Яқинда энг улуғ, энг азиз байрамимиз муносабати билан юздан зиёд фахрийга совғалар топширилди.

Тўкин дастурхон атрофида кечган суҳбатда нуронийлар юртимиздаги янгиланиш ва ўзгаришларни ўз умр йўллари, ҳаётий тажрибалари мисолида ёшларга гапириб берди, мустақиллигимизни, тинчлик-осойишта ҳаётимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш зарурлигини уқтирди.

– Кўп йил қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилдим, – дейди Муроддула Холражабов. – Хўжалик раҳбари вазифасида ҳам ишладим. Аммо уй-жой қуриш учун минг донагина пишиқ ғишт ололмаганман. Ҳовлида кундалик турмуш учун зарур маиший шароит яратиш ҳам кўп йиллар орзулигича қолиб кетди. Ўша пайтларда қишлоқда шароит шундай эди – уй-жой қуриш учун бутун оила бир умр меҳнат қилар, шунда ҳам рўзғорнинг кам-кўсти битмас, ҳар йил қурилиш қилишга тўғри келарди.

Ҳар гал маҳалламиздаги намунавий лойиҳа асосида қурилган уй-жойларни, бу ҳовлиларда менинг ҳам фарзанду набираларимнинг бахтиёр ҳаёт кечираётганини кўрганимда шу кунларга етказганига шукроналар айтаман.

Қаранг, биргина Пўлатдархонда олти йилда олти юздан зиёд ана шундай замонавий уй-жой қурилибди. Шу уйларга мос таълим ва тиббиёт муассасалари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, спорт иншоотлари ҳам ҳудудга узукка кўз қўйгандек ярашган. Қишлоқмас, кичик шаҳарча дейсиз. Бунинг барчаси мустақиллик шарофати, Юртбошимизнинг халқпарвар сиёсати самарасидир. Бугун ана шу имкониятлардан баҳраманд бўлиб яшаётган ҳар бир инсон, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлод бу кунларнинг қадрига етиши, Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлашга ўз ҳиссасини қўшиши лозим.

Тадбирда нуронийларга “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлими ва ҳомийларнинг эсдалик совғалари топширилди. Учрашувнинг энг ёши улуғ вакили – Бозоржой маҳалласида яшовчи юз ёшли Хадича момо Каттаева барчани дуо қилиб, юртимизга тинчлик, элимизга омонлик тилади:

– Илоҳим, юртимизни ёмон кўзлардан асрасин, Ўзбекистонимизни ёруғ кунларга олиб чиққан Юртбошимиз доим омон бўлсин. Бизни улуғлаганлар ҳам улуғ ёшларга кириб юрсин!

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов


Охирги ўзгариш: 08/09/2015 21:41.   Кўрилганлиги: 1566
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/keksalar-izzatda-yoshlar-xizmatda

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 7

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.