Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Жарроҳликнинг мураккаб соҳаси илк бора Самарқандда муҳокама қилинди

Жарроҳликнинг мураккаб соҳаси илк бора Самарқандда муҳокама қилинди

Самарқанд шаҳрида республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда республика нейрохирургия илмий маркази ҳамкорлигида Жаҳон нейрохирурглар жамиятлари федерациясининг таълим курслари ўтказилди.


Ўзбекистон тарихида илк бор ўтказилаётган мазкур ўқув курсларида Россия, Хитой, Германия, Япония, Франция, Италия, Туркия каби давлатлар ҳамда мамлакатимизнинг ушбу соҳада фаолият кўрсатаётган олимлари, шифокорлар иштирок этди.

Ўқув курсининг очилиш маросимида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмонов, Олий ва ўрта махсус таълим вазири Р.Қосимов, вилоят ҳокими Ҳ.Оқбўтаев ва бошқалар юртимизда соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларга тўхталдилар.

– Ўтган олти ой давомида тизимнинг ҳуқуқий асослари янада такомиллашди, - дейди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмонов. - Тез тиббий ёрдам хизмати, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасига катта миқдорда маблағ ажратилди. Республикадаги етук мутахассисларнинг вилоятларга ташрифи уюштирилмоқда, бу борада хорижлик мутахассислар билан ҳамкорлик қилинмоқда.

Ўтган йиллар давомида нейрохирургия соҳасида мамлакатимизда тизимли ишлар олиб борилди. Хусусан, республика нейрохирургия маркази ташкил этилиб, замонавий ускуналар билан жиҳозланди. Вилоятлардаги кўп тармоқли тиббиёт марказлари ҳамда республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг филиалларида ҳам мазкур хизмат йўлга қўйилган. 

Анжуман давомида Н.Бурденко номли Россия нейрохирургия илмий-текшириш институти директори, академик А.Потапов ҳамда Россия Халқлар дўстлиги университетининг нейрохирургия кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори Г.Чмутин Самарқанд медицина институти 1-сон клиникаси нейрохирургия бўлимида беморларни кўрикдан ўтказди, операцияда иштирок этишди.

  - Бундан ўн йиллар аввал мазкур йўналишда жарроҳлик усулида даволаш 8-10 фоизни ташкил қилган бўлса, бугунга келиб республика ихтисослашган нейрохирургия бўлимларининг жарроҳлик фаолияти 30 фоиздан, йирик марказларда эса 60 фоиздан ошди, - дейди республика нейрохирургия илмий маркази раҳбари ¢.Кориев. – Мамлакатимиз олимлари томонидан ушбу йўналишда қатор изланишлар олиб борилмоқда. Натижада кейинги ўн йилда 50 га яқин оригинал даволаш усуллари ишлаб чиқилди ва амалиётига татбиқ этилди. Мазкур ўқув ушбу изланишларимизни янада кенгроқ миқёсда олиб бориш ҳамда замонавий усулларни юртимизда татбиқ этиш имконини беради.

Анжуман давомида Россия ҳамда Япониянинг етакчи тиббиёт клиникалари билан республика нейрохирургия илмий маркази ўртасида ҳамкорлик б´йича меморандумлар имзоланди.

Гулруҳ МЎМИНОВА.
 

Сўз – анжуман иштирокчиларига

Александр Потапов, Н.Бурденко номли Россия нейрохирургия илмий-текшириш институти директори, академик:

- Нейрохирургия соҳаси ривожи шифокорлардан катта тажриба, шарт-шароит нуқтаи назаридан юқори технология ва катта маблағ талаб этади. Бу соҳага мамлакатингизда катта эътибор қаратилаётганига гувоҳ бўлдим.

Хусусан, самарқандлик олимлар томонидан олиб борилаётган операция жараёнини кузатиш орқали уларнинг соҳадаги чуқур билим ва тажрибаси борлигига амин бўлдим. Илғор технологиялар юртингизга ҳам жалб қилинса, самара янада яхшиланади.

 Ёко Като, Осиё нейрохирурглар ассоциацияси президенти, Япониянинг Фужита университети нейрохирургия маркази раҳбари:

- Ўтган йилларда нейрожарроҳлик бўйича Япония Ўзбекистон билан ҳамкорлик ўрнатди. Хусусан, беш нафар мутахассис Япониянинг етакчи тиббиёт клиникаларида ушбу соҳа бўйича малакаларини ошириб, илғор тажрибалардан хабардор бўлди. Мақсадимиз ҳамкорликни янада кенгайтириш, кадрлар алмашинуви курсларини ташкил қилишдан иборат. Япония томонидан мазкур ўқув курсларида инсульт хасталиги ҳамда томир ичи хирургиясини ривожлантириш юзасидан ўз тажрибаларимиз билан ўртоқлашмоқчимиз.

 Жан Перро Танбурини, Рим Католик университети тиббиёт маркази профессори:

- Дунё цивилизацияси ер юзининг икки қутбида бир хил ривожланган, десам адашмайман. Рим ва Самарқанд шаҳарлари қадимийлиги бўйича тенгдош, деган фикрлар ҳам бежиз эмас.

Ўзбекистонда нейрохирургия соҳасида олиб борилаётган ишлар, амалиётларга қойил қолдим. Ушбу ўқув курсига келиб, бутун дунё миқёсида етакчи нейрохирург-олимлар билан учрашдим, янгиликлардан хабардор бўлдим. Курс давомида ўз илмий изланишларимнинг натижаси бўйича маъруза қилдим.



Охирги ўзгариш: 06/05/2017 19:31.   Кўрилганлиги: 1718
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/jarroxlik

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 7

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.