
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 103-моддасига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, вилоят, туман ва шаҳар ҳокими тегишли халқ депутатлари Кенгашига ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ҳамда долзарб масалалари юзасидан ҳисоботлар тақдим этиши белгиланган.
Мазкур конституциявий қоидага мувофиқ, туман ва шаҳар кенгашлари сессияларида ҳокимлар ҳисоботи эшитилди.
Хусусан, Самарқанд шаҳар ҳокими А.Шукуровнинг ҳисоботи атрофлича муҳокама этилган шаҳар кенгаши мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий МажлисиҚонунчилик палатаси ва вилоят Кенгаши депутатлари, ҳудуддаги давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари қатнашди.
– Парламентда бир неча йилдан буён Бош вазир ҳисоботини эшитиш тизими йўлга қўйилган, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати А.Шодмонов. – Бу қайсики, ижро ҳокимиятининг қонун чиқарувчи орган олдида ҳисобдорлигини таъминлаш баробарида, ислоҳотлар изчиллигига эришишда парламент назоратини ўрнатищда муҳим омил бўлмоқда. Қонунчиликка киритилган ўзгартишга кўра, бугун илк бор халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгашининг мажлисида шаҳар ҳокимининг ҳисоботини тингладик. Демакки, халқ ишонч билдирган депутатлар ҳудуд раҳбари фаолиятига баҳо бериш имконига эга бўлди.
Мажлисда таъкидланганидек, ўтган йили Самарқанд шаҳрида белгиланган прогноз параметрлар ижроси саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда 112,9 фоизга, ҳудудий саноатда 119,8 фоизга, чакана товар айланмаси 115,3 фоизга, қурилиш пудрат ишлари 111,2 фоизга ҳамда жами пуллик хизматлар ҳажми 116,1 фоизга бажарилди.
Инвестиция дастурига асосан давлат бюджети ҳисобидан 16,6 миллиард сўмлик маблағлар ўзлаштирилиб, 11 та ижтимоий соҳа объектида қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилган.
Халқ депутатлари Каттақўрғон шаҳар Кенгашининг сессия ишида шаҳар ҳокимлиги ва бошқарув органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, жамоатчилик вакиллари билан биргаликда Олий Мажлис Сенати аъзоси, вилоят ҳокими З.Мирзаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ш.Тўхташев иштирок этди.
Шаҳар ҳокими Ш.Рахмонов ҳисоботида 2015 йилда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилгани таъкидланди. Инвестиция дастури доирасида 10,8 миллиард сўм ҳисобидан 5 та ижтимоий соҳа объекти реконструкция қилинган ва мукаммал таъмирланган.
Сессия ишида бу каби ютуқ ва ижобий натижалар эътироф этилиши баробарида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида эътибордан четда қолаётган айрим масалалар тилга олинди.
Халқ депутатлари Қўшработ туман Кенгаши мажлисида туман ҳокими А.Алихўжаевнинг ҳисоботи атрофлича муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, туман қишлоқ хўжалигида барқарор ўсиш суръатларини таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича бир қатор ижобий натижаларга эришилган. Инвестиция дастури доирасида 2 та умумтаълим мактаби учун янги ўқув биноси, “Баркамол авлод” болалар маркази, 56, 72, 60-умумтаълим мактабларида спорт зал қуриб, фойдаланишга топширилди. Қўралос, Солпи, Хонназар қишлоқларидаги артезиан қудуқлари реконструкция қилинди.
– Йиғилишда туманда ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилма соҳасида мавжуд имкониятларидан етарли даражада фойдаланилмагани аниқ мисоллар асосида танқид қилинди, – дейди туман Кенгаши депутати А.Тўхтаров. – Бу борада олдинда турган вазифалар юзасидан зарур чора-тадбирлар белгиланди. Ўз навбатида ушбу йўналишда халқ депутатлари туман Кенгашининг доимий комиссиялари ва депутатлар фаоллигини кучайтириш, бу жараёнда сиёсий партиялар депутатлар гуруҳлари иштирокини янада кенгайтириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Халқ депутатлари Булунғур туман Кенгашининг сессиясида ҳам депутатлар туман ҳокимининг ҳисоботи бўйича ўз муносабатларини билдирдилар.
– Вазирлар Маҳкамасининг йил якунларига бағишлаб ўтказилган мажлисида давлатимиз раҳбари “Ҳокимиятнинг ҳар бир тармоғи ўз ваколат ва мажбуриятларидан келиб чиқиб, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этиши лозим”, деб таъкидлаганди, – дейди мажлис ишида қатнашган Олий Мажлис Сенати аъзоси Н.Раббимова. – Бугун мажлис давомида ушбу фикр ўзининг амалий ифодасини топди. Чунки, биринчидан депутатлар электорат манфаатларига мос саволларга ойдинлик киритиб олиш имконига эга бўлди. Қолаверса, туман ҳокимига ўз партиясининг дастурий мақсадларидан келиб чиқиб аниқ амалий таклифларни билдирди.
Халқ депутатлари Оқдарё туман Кенгашининг навбатдаги сессиясида ҳам туман ҳокимининг ўтган йил якунлари ҳамда жорий йилга мўлжалланган устувор вазифалар хусусидаги ҳисоботи атрофлича муҳокама қилинди.
- Бугун давлат ҳокимияти фаолияти очиқлигини таъминлаш борасида яратилган қонуний асосларнинг амалий ифодасига гувоҳ бўлдик, - дейди сессия ишида қатнашган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Сиддиқ Намозов. – Аммо бугун бошқарувнинг барча бўғинларида ҳам бу борада белгиланган тартиб ва тамойиллар тўласинча ўз ифодасини топаяптими? Барча даражадаги раҳбарлар халқ олдида ҳисобдор, асосий вазифаси фуқароларимиз ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдан иборат эканлигини тўла англаб етаяптими?
Бугунги сессия қарорида мазкур йўналишда ҳам тегишли чора-тадбирлар белгилангани ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз.
Жойларда туман ва шаҳар ҳокимларининг ҳисоботларини эшитиш асносида депутатлар мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида белгилаб берилган вазифаларни бажариш юзасидан аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишди.
Сессияларда ҳудудларни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устивор йўналишларига оид қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 10
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.