
Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали қатнашчиларининг Регистон майдонидаги саҳнадан ташқари Самарқанд шаҳри ва туманлардаги маданият ва истироҳат боғларида концерт бериши анъанага айланган. Бу йил ўнинчи бор ўтказилган ушбу нуфузли санъат байрамида ҳам шундай бўлди.
Самарқанд шаҳрининг Чашма маҳалласидаги “Шабода” истироҳат боғида ўз дастурини намойиш этган хорижлик санъаткорлардан бири “Бизнинг шаҳримиз ҳам юртимизда алоҳида ўрин тутади, иккита истироҳат боғимиз бор. Лекин Самарқандда бундай боғ ва хиёбонлар жуда кўп экан, ҳавасимиз келди”, дея ҳайратини ошкор қилди.
Қарийб уч минг йиллик тарихи давомида йирик илм-фан ва маданият маркази, цивилизация бешиги бўлиб келган Самарқанд азалдан ўзининг кўркам боғлари, Шарқ меъморчилигининг ноёб ва бетакрор намуналари асосида бунёд этилган бино ва иншоотлари билан дунёга машҳур. Айниқса, Соҳибқирон Амир Темур даврида бу шаҳар янада обод бўлиб, Буюк ипак йўлининг чорраҳаси, чинакам Шарқ гавҳари, ер юзининг сайқалига айланган.
– Амир Темур Самарқандни ўз давлатининг пойтахти сифатида танлагач, шаҳар ва унинг атрофида улкан бинолар билан бирга гўзал ва бетакрор боғлар яратган, – дейди Ўзбекистон Фанлар академияси Археология институти директори Амриддин Бердимуродов. – Жумладан, Боғи Нақши жаҳон, Боғи Беҳишт, Амирзода Шоҳруҳ боғи, Давлатобод, Боғи Баланд, Боғи Дилкушо, Боғи Булду, Боғи Жаҳоннамо, Боғи Нав ҳақида тарихий манбаларда кўплаб маълумотлар учрайди. Уларда қайд этилишича, ҳар бир боғ қурилишида мукаммал геометрик ва математик ҳисоб-китоблар асосида яратилган лойиҳалардан фойдаланилган. Барчасида сарой ва унинг олдида сарҳовуз бунёд этилиб, марказий йўлаклар ташкил этилган. Сув иншоотлари боғнинг меъморий ечимига мос тарзда яратилган. Турли мевали ва манзарали дарахтлар, бошқа мамлакатлардан келтирилган дарахт ва гул кўчатлари парваришланган. Боғларда умумий ўхшашлик кузатилса-да, уларнинг ҳар бири жойлашган ҳудуди, кимнинг ёки ниманинг шарафига яратилганига қараб ўзига хос хусусиятларга эга бўлган. Ҳатто дарахт ва гуллари билан ҳам бир-биридан ажралиб турган. Бугун Самарқанд шаҳри ва унинг атрофида барпо этилаётган боғ ва хиёбонларни кўрганимизда Соҳибқирон бобомиз боғлари қайта тикланаётгандек, янгича чирой очаётгандек тасаввур уйғонади кишида.
Президентимиз Ислом Каримов ғояси ва таклифи асосида ишлаб чиқилган Самарқанд шаҳрининг бош режасига асосан амалга оширилаётган кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари жараёнида шаҳарнинг бир қатор ҳудудларида янги боғ ва хиёбонлар ташкил этилди, мавжудлари замон талаблари даражасида реконструкция қилинмоқда. Хусусан, Регистон мажмуаси, Амир Темур ва Руҳобод мақбаралари, Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуи, Улуғбек расадхонаси, темир йўл вокзали атрофи обод қилиниб, кўркам хиёбонлар яратилди. Йўлбарслар хиёбони, Руҳобод майдони, Шоирлар боғи сингари янги боғлар очилди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2004-2005 йилларда шаҳардаги марказий истироҳат боғи реконструкция қилиниб, бутунлай янги кўринишга эга бўлди. Шаҳарсозлик талабларига зид равишда қурилган бинолар ўрнида замонавий иншоотлар, фавворалар ва спорт майдончалари барпо этилди. Янги аттракцион ва ўйин қурилмалари ўрнатилди. Боғ марказида Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилиб, мазкур маданият масканига улуғ аждодимиз номи берилди. Энг муҳими, 12,5 гектарлик боғнинг кўкаламзор ҳудуди кенгайтирилиб, хориждан келтирилган 1500 тупдан ортиқ ноёб дарахт кўчатлари ва буталар экилди. Бу ерда мавжуд 150-200 ёшли ботқоқ кипариси, темир дарахти, япон қоғоз дарахти, қрим қарағайи, эман, сарв дарахтларини асраб-авайлаш ва парваришлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилди.
– Президентимиз реконструкциядан аввал боғ билан танишганида Самарқанд шаҳри табиати, ҳавосининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида гапириб, ҳудуддаги ноёб дарахтларни асраб-авайлаш, уларни кўпайтириш чораларини кўриш зарурлигини алоҳида таъкидлаган эди, – дейди Алишер Навоий номидаги марказий маданият ва истироҳат боғи директори Фарҳод Жалилов. – Хусусан, XIX асрнинг 60 йилларида экилган беш туп ботқоқ кипариси ва бир туп темир дарахти сайёрамиздаги ноёб ўсимликлардан саналади. 30-35 йил умр кўрадиган япон қоғоз дарахти ҳам ҳамма жойда учрамайди. Ҳозир боғимизда бу дарахт сони бештага етди. Ушбу дарахтларни парваришлаш бўйича биолог олимлар ва вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси мутахассислари ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Бу эса ушбу ҳудудни Самарқанднинг экотуристик манзилларидан бирига айлантириб, юртимизга келаётган хорижлик сайёҳларга бетакрор табиатимиз ва унинг турфа гўзалликларини кўрсатиш имкониятини беради.
Кенг кўламли бундай бунёдкорлик ишлари кейинги йилларда шаҳардаги “Сўғдиёна”, “Ёшлик” маданият ва истироҳат боғларида амалга оширилди. Айни пайтда бу боғлар аҳолининг севимли ҳордиқ ва дам олиш маскани бўлиши баробарида вилоят ва мамлакат миқёсидаги йирик маданий-маърифий тадбирлар, анжуманлар марказига айланган.
Жорий йилда шаҳарнинг Кўксарой ва Театр майдонларида катта ҳажмдаги қурилиш-ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Янги фавворалар қурилди, яшил майсазорлар ташкил этилди.
– Самарқанднинг буюк ўтмишига уйғун замонавий қиёфасини яратишда янги бино ва иншоотлар қуриш билан бирга, ҳар бир туп дарахт ва гул кўчати экишга ҳам алоҳида масъулият, эътибор билан ёндошилмоқда, – дейди Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бош агрономи Ахтам Холиқов. – Кейинги йилларда реконструкция қилинган Бўстонсарой, Тошкент, Мирзо Улуғбек, Беруний, Регистон, Ибн Сино кўчаларида, йўл ёқаларида каштан, япон сафораси, қрим қарағайи, шарқ арчаси сингари дарахт кўчатлари, бутасимон ўсимликлар экилди. Янги ташкил этилаётган боғ ва хиёбонларга ҳам шаҳар иқлимига мос, атроф-муҳит мусаффолигини таъминловчи ва кишига завқ берадиган дарахт кўчатлари ўтқазилмоқда. Ана шундай ёндашув туфайли бундан беш-олти йил олдин Йўлбарслар хиёбони, Руҳобод майдони, Алишер Навоий номидаги марказий маданият ва истироҳат боғи, Мирзо Улуғбек расадхонаси ва бошқа ҳудудларда хориждан келтириб экилган ноёб кўчатлар бугун кўкка бўй чўзиб, гўзал манзара касб этмоқда. Шаҳардаги яшил майдонлар 35-40 минг квадрат метрга кенгайди. 250 дан ортиқ янги гулхоналар ташкил этилди. Умуман, кейинги йилларда Самарқанд шаҳри ҳудудида 100 минг тупдан зиёд каштан, лола дарахти, япон сафораси, шарқ арчаси, оқ қайин сингари дарахт кўчатлари, 12 минг туп бутасимон гуллар экилди. Эътиборлиси, бу ниҳоллар дастлаб хориждан келтирилган бўлса, бугун маҳаллий кўчатчилик ва гулчилик хўжаликларида етиштирилмоқда.
Ҳаво мўътадиллиги ва атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашда фаввораларнинг аҳамияти катта. Шу боис, шаҳардаги боғ ва хиёбонлар, майдонларда ҳар йили замонавий фавворалар қуришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада бир пайтлар бармоқ билан санарли фавворалари бўлган шаҳарда бугунги кунда бундай гидроиншоотлар сони қирқдан ошди. Университет хиёбони, Шоирлар боғи, Руҳобод ва Кўксарой майдонлари, Регистон ва Даҳбед кўчалари чорраҳаси, Темирйўл вокзали майдонида мусиқали ва нурли фавворалар яратилди. Ана шу масканларда жорий йил 1 май куни фавворалар сайли юқори савияда ўтказилди.
Бугун Самарқанд яна байрам тараддудида. Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 1996 йилдан буён 18 октябрь “Самарқанд шаҳри куни” сифатида нишонланмоқда. Ҳар йили катта тантана билан нишонланаётган мазкур санага бу йил ҳам қизғин ҳозирлик кўрилди. Маҳаллалар, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларда маданий-маърифий тадбирлар, адабий кечалар, хайрия тадбирлари ўтказилмоқда.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат)
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 13
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.