
Бугун мамлакатимизнинг ҳар бир гўшасида қад ростлаётган замонавий бино ва иншоотлар, барпо этилаётган истироҳат боғлари, кўркам хиёбонлар халқимиз турмушига қанчалик мазмун бағишлаб, ёшларимиз камолотига хизмат қилаётган бўлса, ушбу обод масканларимизда бунёд этилаётган бир-биридан гўзал фавворалар одамларимизга шунчалик кўтаринки кайфият ва хурсандчилик улашмоқда.
Кеча Самарқанд шаҳрининг Амир Темур, Кўксарой, Темирйўл вокзали майдонлари, вилоят мусиқали драма театри олди, Регистон ва Даҳбед кўчалари чорраҳаси, Йўлбарслар ҳамда Университет хиёбонлари, «Шоирлар боғи», Аэропорт маҳалласидаги, Пайариқ, Жума, Ургут ҳамда Нуробод шаҳарларидаги фавворлар атрофига жам бўлган юртдошларимиз чеҳрасида ана шундай хушнудлик ва шукроналикнинг гувоҳига айландик.
Фавворалардан отилиб чиқаётган ҳар бир томчи сувнинг қуёш нурида ўзгача жилваланиши, оқшом пайти эса чироқлар шуъласида камалак рангларда жилоланиши сайилга ташриф буюрган самарқандликлар ҳамда меҳмонларнинг қалбида эзгу ниятлар, орзу-умидлар уйғотди.
- Самарқанднинг тарихий масканлари, хусусан, Биринчи Президентимиз И.Каримовнинг қабрини зиёрат қилиш мақсадида келиб, бевосита «Фавворалар сайли»да ҳам қатнашиш насиб этгани баҳридилимни очди, - дейди фарғоналик Азамжон бобоҲожиев. – Сайил давомида куй-қўшиқлар, рақслар, санъаткорларнинг чиқишларини мириқиб томоша қилдик. Фавворалар атрофида ўтириб, бундай ажойиб байрамлар юртимизнинг тинчлиги, осойишталигидан эканлигига яна бир бор имон келтирдик.
Таъкидланишича, вилоятда бугун 60 га яқин фаввора мавжуд бўлиб, улар нурли-мусиқали, нурли ва оддий фавворалар ҳисобланади. Айни пайтга келиб, нафақат бетакрор фаввора яратиш, балки уларнинг атрофини ободонлаштириш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, майсазор ва гулзор барпо этиш, дарахтларга шакл бериш, каштан, япон сафораси, лола дарахти, қрим соснаси, қора сосна кўчатларини экиш, парваришлаш тажрибаси шаклланди. Биргина, Самарқанд шаҳрининг ўзида 100 гектардан зиёд кўкаламзорлаштирилган майдон, қарийб минг квадрат метр яшил майсазорлар ташкил этилди. 400 мингга яқин манзарали ва игна баргли дарахтлар парваришланмоқда.
Мутахассисларнинг айтишича, сув ҳавзалари, фавворалар барпо этилган жойларда мўътадиллик юқори бўлиб, ушбу иншоотлар атрофида сайр қилиш юртдошларимизнинг кайфиятини кўтариб, жисмига тетиклик бахш этаётир.
- Мактабимизнинг 40 нафардан зиёд иқтидорли ўқувчиларини сайилларга жалб этдик, - дейди Самарқанд шаҳридаги 28-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Музаффар Исақулов. – «Шоирлар боғи»даги сайилда йигитларимиз муассасамизда ташкил этилган спорт тўгаракларида орттирган маҳоратларини намойиш этган бўлса, қизларимиз ўзларининг рақслари, ижро этган мумтоз ашулалар ва жаҳон классик қўшиқлари билан томошабинларни хушнуд этишди. Ўқувчиларимиз сайиллардан олам-олам завқ олди, қалбида эзгу ниятлар уйғониб, келгусида ҳамма ҳавас билан қарайдиган, Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшадиган соғлом фарзандлар бўлиш орзуси пайдо бўлди.
Хулоса ўрнида айтганда, «Тоза сув - мусаффо ҳаво, соғлом ҳаёт!» шиори остида ўтказилган «Фавворалар сайли» унга ташриф буюрган катта-ю кичик учун чинакам шодлик байрамига айланди.
Абдуғофур ШЕРХОЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 5
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.