Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Фарзанд тарбиясидаги нозик жиҳатлар...

Фарзанд тарбиясидаги нозик жиҳатлар...

Ҳар бир ота-она оиланинг муҳимлигини, фарзанди учун яшаётганини ўзига исботламоқчи бўлади. Айтинг-чи, ҳаётинингизнинг мазмуни, шаънингиз ва юзингиз бўлган ўғил-қизингизга бир кунда қанча вақт ажратасиз?

Фарзанднинг ноқобил ишидан она бугун йиғласа, вояга етганда унинг жиноятчилигидан эртага жамият  йиғлайди. Бунинг олдини олиш учун нима қилиш керак?

     Азиз онажонлар! Фарзандингизга яхши тарбия, илм, ҳунар ва одоб-ахлоқ ўргатаман дегансиз, бу қўлингиздан келади, ниятингиз холис қўрқманг. Болани уришиб силтаганингизда, урганингизда, ҳуда-беҳудага танбеҳ берганингизда, қувончли хабарни етказмоқчи бўлиб оғиз жуфтлаганида “жим бўл”, “бошимни қотирма”, “ишим кўп” деб қайириб ташлаганингизда у сизнинг меҳрингизга зор бўлган. Ота-онани танлаб бўлмайди. Ота-онасидан меҳр кўрмаган “кичкина одамчалар”нинг дил оғриғи, қалб изтиробини ҳис қилиб кўринг! Ҳеч бўлмаса ўзингизнинг бола даврларингизни эсланг. Фарзанд сизга кичкина одамча ҳолида берилди. Туғилганида ҳеч нимани билмас эди. Катта бўлган сари унинг хулқида кўринган ёмон сифатлар ўзингизнинг фел-атворингиз. Ха, ажабланманг. Унда нимани кўраётган бўлсангиз, нотўғри тарбия бериб ўзингиз боланинг руҳиятига ёзиб қўйдингиз.

     Боладан бақирмасликни, йиғлашни бас қилишини талаб қилманг. Бола бу талабингизни тушунмайди. У ўзининг қийин ҳолатда экани ва бу ҳолатдан чиқиш учун жар солиш кераклигини билади, холос.

      Болани бағрингизга олиб, меҳрингизни беринг. Унга сув ичишни таклиф қилинг. Боланинг нега йиғлаётганини билмагунингизча вазият ечим топмаган ҳисобланади.

      Боланинг йиғлаши унинг онасига “менга қаранг!” деган мурожаатидир. Сиз унга қанчалик зарур бўлсангиз, боланниг йиғи ва фарёди шунчалик кучли бўлади. Бола ўзининг эҳтиёжларини ўзи ҳам тушунмайди, эҳтиёж ва талабларни сўрашга, сўз бойлиги етарли эмас. Физиологик эҳтиёжлари қондирилгач, бола тинчланади. Шунинг учун қорни тўқми, чанқамаяптими, қорни оғримаяптими, боши оғримаяптими, деган саволлар ҳақида ўйлаб кўринг. Фарзандингиз ҳар куни битта янгиликни ўз руҳиятига сингдириб, ақлан ва руҳан улғаяди. Бугун бола учун янгиликка мослашиши қийин кечган бўлиши мумкин. Мослашишга қийналган бола руҳияти янгиликни қабул қилишдан бош тортиб, сизга буни йиғи шаклида билдираётганини тўғри тушунинг. Фарзандингиз кўз ўнгида дунёнинг ишлари митти шаклда намоён бўлганини тушунишга ҳаракат қилиб кўринг!  

 

         Оила тинчлиги, эр-хотиннинг ўзаро муносабати фарзанд тарбиясида йаққол акс этади. Агар бола инжиқ бўлса, демак, эр-хотин кўп урушяпсизлар. Фарзанд олдида урушмасангиз ҳам унинг руҳий олами буни тушуниб, жанжал ўрнига меҳр кераклигини ўзининг инжиқлиги орқали билдиради. Бу инжиқликлар доимий бўлса, бола нимадандир қўрқяпти ва инжиқлик унинг ҳимоя воситасига айланган. Бола ухлади деб ўйлаган эр-хотин “Эшиттирмасдан” уришишлари, жанжаллашишлари фарзанднинг бу вазиятларни еча олмаганидан руҳий изтиробга тушишига сабаб бўлади. Эр-хотин бир-бири билан келиша олмаганида ўй фикрлари бу муносабатдаги можароларни енгиш билан банд бўлиб қолади. Фарзанд, никоҳ меҳрсиз қолади. Оилага совуқ шамол кирди. Совуқ муомала, ёмон кўриш, нафрат, кутиш, тушунмаслик шамоли! Нима деб номланишидан қатъий назар, фарзандингиз “МЕҲР БЕРИНГЛАР” деб бонг урмоқда.

      Оилада фарзанд туғилиши билан унинг тарбияси билан жиддий шуғулланиш керак. Аммо, баъзи ижтимоий ёки шахсий сабабларга кўра оила бузилади ва фарзанднинг истак ҳохиши инобатга олинмайди, бола ота-онасидан ажралади. Яъни, тирик етим бўлиб қолади. Ота бошқа аёлга кўнгил қўйиб ҳаётини изга солади. Она ҳам боласини бобо-бувисига ёки меҳрибонлик уйига ташлаб, турмушга чиқиб кетади. Бола ота-онасиз қолади...

         Баъзи оналар ёлғиз фарзанди учун умрини қурбон қилади, бир умр ёлғиз ўтишга онт ичади. Фарзанд учун ота-она тақлид эталони ҳисобланади. Баъзан бу эталонда камчиликлар бўлсада фарзанд учун тарбия олиш имконияти сақланади. Отасиз қолиш якка она қурбонлиги ва бошлиқлиги оиладаги мувозанатни бузилишига олиб келади.

        Фарзандингиз билан бўлиб ўтган воқуа ҳодисаларни унинг ички дунёсига кирмасдан айтиб беринг. Хеч кимни айбламанг ва боланинг камситилган ҳис-туйғусига сабабчи инсон ҳақида гапирманг. Воқеа-ҳодисаларнинг сабабини қисқача ёритишингиз мумкин. Фарзандингизга меҳрибон она мақомида қолинг. Ўз руҳиятингизни фарзандингизга сингдирманг. Қалб оғриқларини дил изтиробларини бола олдида гапирманг, бошқалар билан бўлишманг.

       Бола мактаб ёшига етар экан, “етти ёш инқирози”ни бошидан ўтказади. Уни ўйинчоқлар ва олдинги ўйинлари ортиқ қизиқтирмай қўйади. Бола “зерикиб қоляпман” дейдиган бўлиб қолади. Ўйин фаолияти ривожланаётган бола психикасини қониқтирмай қўяди. Етти ёшга етган болада янги билимга ташналик, мураккаб билимларга интилиш хоҳиши пайдо бўлади.

     Фарзандингиз билан кўпроқ гаплашинг. Ундан маслаҳат сўранг, фикрларини қадрланг. Фарзандингизни кўнглини кўтаринг ва арзимас ишини  ҳам мақтанг.

     Фақат бахтли она ва бахтли отанинг фарзанди бахтли бўла олади, буни унутманг!

 

 

 

                                     "Оила" ИАТМ Самарқанд вилоят бошқармаси     

     қошидаги махсус ўқув курслари етакчи мутахассиси

Д.Файзиллаева


Киритилган вақти: 03/06/2019 14:37.   Кўрилганлиги: 873
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/farzand-tarbiyasidagi-nozik-jihatlar

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 15

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.