
Санъат – юракларни забт этиб, уни эзгуликка тўлдирувчи, меҳр-муҳаббат улашувчи куч. Санъатга, куй-қўшиққа ошуфта инсон ҳамиша олижаноб туйғулар оғушида яшайди. Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, миллий санъатимиз юртимиз ва жаҳон миқёсида шаклланган, даврлар синовидан ўтиб келаётган анъана ва тажрибалар асосида вужудга келган ва камол топган.
Тарихчи Шарафиддин Али Яздий «Зафарнома» асарида Амир Темур даврида ўтказилган мусиқий анжуманлар ҳақида тўхталиб, «Яхши овозли хонандалар куйлашни бошлаб, ғазалу нақш айтур эрдилар. Ва турку мўғул, хитойу араб ва ажамдин ҳар ким ўз расми билан нағма айтур эрди», деб ёзган. Ана шунинг ўзиёқ қадимдан бу заминда санъат, хусусан, мусиқа юксак ривож топганидан далолатдир.
Халқимизнинг куй-қўшиққа, санъатга меҳр-муҳаббати, мусиқа маданияти оила муҳитида шаклланган ва ривожланган. Бу баркамол авлодни тарбиялаш, фарзандлар онги ва тафаккурида гўзал фазилатлар, она юртга садоқат туйғусини қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Юртбошимиз раҳнамолигида санъатни ҳар томонлама равнақ топтириш, ўсиб келаётган навқирон авлодни миллий ва жаҳон санъати дурдоналаридан кенг баҳраманд этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, мумтоз мусиқий меросимизни асраб-авайлаш ва ўрганиш, уни ёш авлодга безавол етказиш мақсадида кўплаб кўрик-танловлар, нуфузли халқаро мусиқа анжуманлари мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ўтказиб келинаётган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ўзбек миллий мусиқа санъати шуҳратини халқаро миқёсда юксалтиришдек эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.
Мазкур фестивалдаги хонишлар қайси тилда янграмасин, уларда она Ватан, тинчлик, меҳр-муҳаббат, миллий анъана ва урф-одатлар тараннум этилади. Бу дунё халқларининг миллий мусиқа санъати ва қўшиқчилиги анъаналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, тили, маданияти, урф-одатлари турфа миллат ва элатларни санъат воситасида бирлаштириш, уларни гўзаллик, нафосат ва эзгуликка даъват этишда алоҳида аҳамият касб этмоқда.
“Шарқ тароналари” фестивалига тайёргарлик кўрадиган ҳар бир миллат вакили аввало миллий мусиқа тарихига назар солади. Бу муҳташам Регистон майдонида гўзаллик ва нафосатни улуғлайдиган, инсон қалбининг энг нозик нуқталарига етиб борадиган асарлар ижро этилиши масъулияти билан боғлиқдир.
Дунё аҳли ушбу фестивалда ўзбек мумтоз санъати намуналарини катта қизиқиш ва эътибор билан тинглайди. Шу боис санъаткорларимиз ижро этаётган асарлари орқали Ватанимиз, унинг бой тарихи, мустақиллик йилларида қўлга киритилган улкан ютуқларимиз, эл-юртимизнинг маънавий илдизларини ифода этишга ҳаракат қилади.
Фестивалнинг яна бир муҳим жиҳати, миллий ҳунармандлик буюмларимиз кўргазмаси, тарихий қадамжоларга, замонавий объектларга саёҳатлар ва санъатга оид конференциянинг ўтказилишидир.
2009 йили “Шарқ тароналари” VII халқаро мусиқа фестивалида мақом йўналишидаги “Ёлғиз” ашуласи ҳамда “Кўзим шаҳлога тушди” қўшиғини ижро этгандим. Бу қўшиқлар турли миллат вакиллари ҳайъат аъзолари томонидан самимий кутиб олинганини ва биринчи ўринга лойиқ кўрилганимни чуқур ҳаяжон билан эслайман.
Ижодий фаолиятим давомида эришган ютуқларим орасида “Шарқ тароналари” мусиқа фестивалидаги муваффақиятим, айниқса, қадрли. Бугун баралла айта оламанки, менга билдирилган бу юксак ишонч янги-янги марраларни қўлга киритишимда туртки бўлди.
Устоз учун шогирдларининг ютуқларини кўришдан-да ортиқ бахт йўқ. Ўтган йиллар давомида ушбу фестивалда санъатга ошно кўплаб ёшларимиз – Гулзода Худойназарова, Фурқат Ашуралиев, Элмурод Аҳмедов мумтоз наволардан ижро этди. Бу йил уларнинг сафи янада кенгайиши шубҳасиз.
Мақомчилар ансамбли билан биргаликда “Шарқ тароналари” X халқаро мусиқа фестивалига тайёргарлик кўрмоқдамиз.
Энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллиги арафасида ўтадиган “Шарқ тароналари” Х халқаро мусиқа фестивали ҳам иштирокчилар, ҳам мухлислар учун унутилмас воқеаларга бой бўлиши шубҳасиздир.
Матлуба
Дадабоева,
Ўзбекистон
халқ артисти
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 14
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.