Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ЧИҚИНДИ ТЎПЛАШ ВА ОЛИБ ЧИҚИШ: ТЎЛОВ ИНТИЗОМИ МУСТАҲКАМЛАНАДИ

ЧИҚИНДИ ТЎПЛАШ ВА ОЛИБ ЧИҚИШ: ТЎЛОВ ИНТИЗОМИ МУСТАҲКАМЛАНАДИ

Бугун аҳолига санитар тозалаш хизматларини кўр¬сатаётган ва бунга тайёр бўлган корхона ва хусусий тадбиркорлик субъектлари кўп. Уларнинг самарали ва сифатли фаолият кўрсатиши учун эса кўрсатилган хизматлар ҳақини ўз вақтида тўлаш лозим.

 Чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш учун тўловларнинг 60 фоизи ҳар ойда, 40 фоизи 6 ойдан 1 йилгача бўл­ган муддатда амалга оширилмоқда. Аҳолининг тўлов интизоми қишлоқ жойларида 57 фоиз, шаҳарларда 71 фоизни ташкил этмоқда.

Ушбу кўрсаткичлардан кўриниб турибдики, соҳада тўлов интизомини мустаҳкамлаш, пул маблағларининг банкдан ташқари айланмаси ва мақсадсиз фойдаланилишининг олдини олиш зарур.

Шу сабабли 2018 йил 22 ноябрда Президентимизнинг "Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш учун тўловларни тўлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони қабул қилинди. Мазкур фармон маиший чиқиндилар билан боғлиқ тизимни янада ривожлантириш, қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлаш, аҳолини сифатли санитар тозалаш хизматлари билан таъминлаш сифатини оширишда муҳим қадам бўлди.

Фармонга мувофиқ, 2019 йил 1 январдан бошлаб қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун аҳоли томонидан мажбурий тўловлар тўлиқ ва ўз вақтида тўланишини таъминлаш мажбурий ижро бюроси томонидан амалга оширилади.

Шунингдек, мажбурий ижро бюроси органлари бир ойлик муддат ичида Марказий банк билан биргаликда қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ҳамда олиб чиқиш хизматлари учун тушумларнинг ҳаққоний ҳисобини ва мониторингини юритиш имконини берадиган ягона транзит банк ҳисобварақларини очади ва аҳолига ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш органларида тў­ловларни ягона транзит банк ҳисобварақларига тўлаш тартиби ҳақида хабардор қилиб боради.

Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўловлар аҳоли томонидан ягона транзит банк ҳисобварақларига тўланади ва ушбу тўловлар кейинчалик вилоят ҳокимлигининг махсус ғазна ҳисобварақларига ўтказилади. Махсус ғазна ҳисобварақларида жамланган маблағлар фақатгина хизмат кўрсатувчи ташкилотлар томонидан чиқиндиларни тўп­лаш ва олиб чиқиш бўйича хизматлар ҳақини марказлашган тартибда тўлашга, санитар тозалаш марказлари ва санитар тозалаш бўйича ихтисослаштирилган корхоналар республика бирлашмаси фаолиятини молиялаштиришга, чиқиндилар билан боғлиқ инфратузилмани ривожлантиришга йўналтирилади.

Эндиликда давлат экология қўмитаси ҳудудий органлари ҳузурида санитар тозалаш марказлари ташкил этилиб, унинг ходимлари ҳар битта туман ва шаҳарларда фаолият олиб боради ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда ҳудудларда тизим ишларини назорат қилиш билан шуғулланади. Мажбурий ижро бюроси қаттиқ маиший чиқиндилар бўйича тушумларни амалга ошириш борасида туман, шаҳар ҳокимликлари, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади.

 

Дўстбек СУЛАЙМОНОВ,

мажбурий ижро бюроси

вилоят бошқармаси катта инспектори.

 

Самарқанд шаҳридаги бир қатор ҳудудларга чиқинди контейнерлари ўрнатилди.

– Жорий йил 28 августда вилоят ҳокимининг "Вилоятда чиқинди билан боғлиқ ишларни янада самарали йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори эълон қилинган эди, – дейди "Мароқанд обод" давлат унитар корхонаси бошлиғи ўринбосари Шамсиддин Ҳасанов. – Қарорда жамоат жойларда чиқиндиларни тўплаш учун контейнерлар ўрнатиш, ташкилотларнинг ўзларига тегишли бўлган биноларга яқин ёки туташ ҳудудларга мазкур чиқинди қутиларининг жойларини белгилаш ва ўрнатилишини таъминлаш кўрсатилган эди. Бугунги кунга келиб, маҳаллалар, бир қатор кўча бўйлари ва гавжум корхоналар атрофида чиқинди контейнерлари сони 200 тага етди. Айрим ҳудудларда рангли қутилар ҳам ўрнатиляпти. Тез орада бутун шаҳарда органик-маиший чиқиндилар учун яшил, қаттиқ чиқиндилар учун бошқа турдаги қутилардан фойдаланиш йўлга қўйилади.

"Мароқанд обод" давлат унитар корхонаси томонидан шаҳар озодалигини сақлаш, экологик ҳолатни яхшилаш мақсадида чиқинди контейнерларига эҳтиёжни ўрганиш ва қутиларни ўрнатиш ишлари давом этмоқда. 2019 йилнинг биринчи ярмига қадар шаҳарда бундай замонавий контейнерлар сони 2100 тага етказилади.

Бахтиёр МУСТАНОВ олган сурат.

 


Киритилган вақти: 01/12/2018 16:22.   Кўрилганлиги: 1232
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/chiqindi-toplash-va-olib-chiqish-tolov-intizomi-mustahkamlanadi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 1

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.