Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

“ЧЕГАРА БИЛМАС ДЎСТЛИК”

“ЧЕГАРА БИЛМАС ДЎСТЛИК”

“Жартепа” чегара божхона пости орқали Ургут туманига Тожикистон Республикасининг Панжикент туманидан меҳмонлар келди.

Туман раҳбари бошчилигидаги гуруҳ таркибида панжикентлик тадбиркорлар, фермерлар, маданият ва санъат ходимлари, зиёлилар бор эди.

“Чегара билмас дўстлик” деб номланган фестивали иштирокчилари “Жартепа” чегара постида тантанали кутиб олинди.

“Жартепа” чегара божхона постидан ҳар куни икки мингдан ортиқ одам ва 150 га яқин транспорт воситалари ҳаракатланади. Чегарадан ўтган фуқароларга тезкор ва сифатли хизмат кўрсатиш учун божхона пости замонавий рентген аппарати, видеокузатув камералари ва техник назорат воситалари билан жиҳозланган. Биз қўшни Тожикистондан чегарани кесиб ўтган меҳмонлар билан бу ерда яратилган шарт-шароитлар тўғрисида ўз фикрларини билиш учун улар билан суҳбат қурдик.

Луқмон Қурбонов,

Панжикент вилоят “Зарафшон” газетаси муҳаррири:

– Аждодларимизнинг эзгу анъаналарини давом эттириб, биз халқларимизнинг дўстлигини мустаҳкамлашимиз ва асраб-авайлашимиз керак. Чегаралар очилганидан бери биз ва ҳамкасбларимиз Самарқандга бир неча бор ташриф буюрдик. Маҳаллий газеталар фаолияти билан танишдик ва ўз тажрибамиз билан ўртоқлашдик. Албатта, маданий ва гуманитар алоқалар халқларимизни яқинлаштиради. Самарқандда “Овози Самарқанд” тожик тилида вилоят газетаси чоп этилади. Самарқанд давлат университетида эса тожик филология факультети ҳамда тожик тилида дарс берадиган мактаблар мавжуд. Бизнинг халқларимиз Ўзбекистондаги Тожик миллий маданий маркази ва Тожикистондаги Ўзбек миллий маданий марказини бирлаштиради. Дўстлик, ижодий сафарлар, маданият кунлари, консертлар, кўргазмалар ва конференцияларнинг ўзаро ташрифлари маданий алоқаларни ривожлантиришга муҳим ҳисса қўшмоқда. Бугунги ташриф мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг яна бир тимсоли бўлди.

Матлуба Абдуллаева, 42 ёшда:

– Ўзбек-тожик давлат чегараси очилганини билганимдан сўнг, мен тадбикорлик билан шуғулланишга қарор қилдим. Ўтган йилнинг март ойида чегарани кесиб ўтиб, Ургут кийим-кечак бозорига йўл олдим. Аввалига бироз ҳайиқдим. Чунки мен ўзбек тилини ва товарларни ташиш қоидаларини билмасдим. Орадан вақт ўтиб, менинг ишларим юришиб кетди. Самарқанддаги ҳар бир фуқаро ва чегарада турган божхона ходимлари тожик тилини билади. Бундан ташқари божхона постида товараларни олиб кириш ва олиб чиқиш нормалари акс эттирилган ахборот бурчакларидаги маълумотлар ҳам тожик тилида баён этилган. Бу эса тартиб-қоидаларни тезда билишимизга хизмат қилади. Чегараларимиз очилиши икки мамлакат ишбилармонлари учун қулай имкониятлар яратади.

Бунёд Сатторов, 50 ёш:

– Хотиним билан бирга узоқ вақт кўрмаган қариндошларимни кўргани келдим. Панжикент билан қариндошларим яшайдиган қишлоқ орасидаги масофа 25-30 километрни ташкил қилади. Бироқ, пост ёпилганлиги сабабли, бу вақт давомида Бекобод пости орқали 400 километрдан ошиқ масофани босиб ўтиш керак эди. Шу сабабли, йиллар давомида ака-ука ва опа-сингилларим билан қариндошларни кўролмасдим. Буларнинг бари ортда қолди. Энди эса бир неча дақиқали масофани босиб ўтиб, Самарқандга кириб келаяпман. Божхона назоратидан ўтиш ҳам кўп вақтни талаб қилмайди. Бугун атиги 10 дақиқа ичида божхона назоратидан кесиб ўтдик. Бу йўловчилар учун жуда қулай. Чегаранинг очилиши ўзбек ва тожик халиқини янада жипслаштиради.

Мавлюда Абдураҳмонов, 67 ёшда:

– Самарқанд доимо ўз зиёратгоҳлари билан машҳур бўлиб келган. Бу диёрда афсоналар мавжуд. Доим Хўжа Дониёр мақбарасини зиёрат қилишни хоҳлардим. У яҳудийлар, мусулмонлар ва насронийлар томонидан ҳурматга сазовор маскан. Чунки Хўжа Дониёр яҳудий динидаги тўртта буюк Исроил пайғамбарларидан бири ва ислом анъаналарининг пайғамбаридир. У ёзган китоб насроний Инжилининг Эски Аҳдига киритилган.

Илк бор Самарқандга келганимда ёш қизча эдим. Онам қўлимдан етаклаб Хўжа Дониёр мақбарасини зиёрат қилдирган эди. Болалик хотираларим менга жуда қадрли. Самарқанд билан энг илиқ хотираларим бор. Бу ерда жуда меҳрибон ва меҳмондўст одамлар бор. Мен бу шаҳарга невараларим билан тарихий жойларни кашф этиш учун кўпроқ келишни режалаштирмоқдаман.

Отабек Шарипов, 31 ёшда:

– Мен шартномалар тузиш ва бизнесимни ривожлантириш учун Самарқандга келдим. Тожикистонда кичкина тўқимачилик дўконим бор. Ўзбекистондаги йирик корхоналар фаолияти билан танишиб ва тажриба орттириш учун Тошкентга бордим. Тошкентда менинг ишлаб чиқаришим ва экспортни йўлга қўйишнинг нозик жиҳатлари ҳақида айтиб берадиган дўстларим бор. Тажриба алмашиб, жуда кўп нарсаларни билиб олдим, ҳамкасбларим қандай ишлашини кўрдим. Энди тез орада мен ишлаб чиқарадиган маҳсулотимнинг сифатига эътибор қаратаман. Бундан ташқари, бугунги кунда икки мамлакат ишбилармонлари учун янги имкониятлар, бож имтиёзлари ва преференциялар мавжуд бўлиб, бу менинг режаларимни амалга ошишига ёрдам беради.

Суҳбатдан сўнг Тожикистонлик меҳмонлар Ургут истироҳат боғида ташкил этилган туман тадбиркорлари ишлаб чиқарган маҳсулотлар ва миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди. Икки қўшни туман тадбиркорлари ҳамкорлик бўйича келишувларга эришди.

Шундан сўнг боғдаги амфитеатрда Ургут ва Панжикент туманлари санъаткорлари томонидан концерт дастури намойиш этилди.

 

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси

Ахборот хизмати


Киритилган вақти: 24/07/2019 15:56.   Кўрилганлиги: 991
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/chegara-bilmas-dostlik

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 9

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.