
Соҳибқирон яратган мўъжизалар
Самарқандга келган меҳмон, сайёҳ борки, шаҳарнинг тарихий обидалари, бетакрор меъморлик намуналарини томоша қилиш, улардан завқ олишни истайди. Саёҳатдан сўнг уларнинг таассуротлари билан қизиқсангиз, аввало, ўрта асрларда шунчалар улуғвор, маҳобатли бино ва иншоотлар қурган аждодларимиз ақл-заковатига тан бериб, орадан неча юз йиллар ўтса-да, уларнинг безавол сақланаётганидан ҳайратда эканликларини яширмайди.
Германиялик Карс Уитс Самарқандга сайёҳ сифатида эмас, иш юзасидан келган экан. Касби архитектура ёки тарихчиликдан йироқ, ахборот технологиялари соҳасида меҳнат қилади. Бўш вақтида Регистонни, Амир Темур мақбарасини кўрибди. Тошкент кўчаси бўйлаб пиёда Бибихоним масжиди ва Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуаларига борибди.
– Кўпчилик дунёнинг етти мўъжизасини тилга олади, – дейди у сафар таассуротлари ҳақида гапирар экан. – Лекин ер юзида мўъжизалар жуда кўп. Самарқанддаги тарихий биноларни кўриб бунга яна бир бор амин бўлдим. Олисдан осмоннинг устуни каби кўринадиган миноралар ва гўё самонинг аксидек кўзга ташланадиган мовий гумбаз, бир қарашда нафис безак бўлиб кўринса-да, оламжаҳон маъно-мазмунга эга ҳикмат битилган ёзув, тош ёки ёғочга ишланган бетакрор санъат дурдоналари – буларнинг барчаси мўъжиза эмасми? Ахир, бу ўз-ўзидан эмас, инсон ақл-заковати, меҳнати билан бунёд этилган-ку! Бу инсон куч-қудратининг намоёни. Бу ўзбек халқининг бой маданияти, улуғвор тарихи, бунёдкорлик салоҳияти тимсоли…
Меҳмоннинг ҳайрат ва ҳаяжон билан айтаётган сўзларини тинглар эканман, бир неча йил олдин ҳиндистонлик сайёҳ айтган фикрлар хаёлимга келди: “Дунёнинг етти мўъжизасидан бири ҳисобланган Тожмаҳални Мирзо Бобур асос солган салтанат ҳукмдорларидан бири Шоҳжаҳон қурдирган. Самарқандда эса Амир Темур ва темурийлар бир неча юз йиллар олдин бундай иншоотлардан бир нечтасини барпо этган. Демак, темурийларнинг бунёдкорлик фазилатлари ушбу авлод вакили бўлган Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг фарзанду набираларига ўтгани шубҳасиз”.
Дарҳақиқат, Соҳибқирон Амир Темур буюк жаҳонгир, қудратли салтанат ҳукмдори сифатида бунёдкорлик ишларига алоҳида эътибор қаратгани, илм-фан, маданият, ҳунармандлик ривожига ҳомийлик қилгани тарихий манбаларда қайд этилган. Бу иншоотларнинг айримлари орадан олти аср ўтса-да, ўзининг кўрку салобати билан ҳамон инсониятни ҳайратга солиб, буюк Соҳибқироннинг бунёдкорлик фазилатларини эслатиб турибди.
Буюклик – бунёдкорлик
– Амир Темур ҳокимиятга келиши билан Мовароуннаҳр шаҳарсозлигида шу пайтгача учрамаган янгича услуб пайдо бўлган, – дейди тарих фанлари номзоди, археолог Амриддин Бердимуродов. – Яъни, шаҳарда нафақат мудофаа девори ва истеҳкомлари, балки йирик саройлар, боғлар, мадрасалар, ҳунармандлик марказлари қурилган. Бу иншоотлар шунчаки қурилмаган, ҳар томонлама мукаммал ишланган тарҳ асосида аниқ режа, мақсад билан маҳоратли меъмор усталар томонидан бунёд этилган. Соҳибқирон ҳар бир қурилиш олдидан машҳур меъмору усталар, олимлар билан кенгашиб, уларга ғоя берган ва шу ғоялар бўйича қуриладиган иншоотларнинг тарҳи яратилган. Тарҳ-режа ҳар томонлама муҳокамадан ўтиб, мукаммал ҳолга келтирилгач, қуриладиган иншоот учун шаҳарнинг нисбатан баландроқ, сел ва тошқинлар хавф солмайдиган қисмидан ер танланган. Ўз навбатида, тупроқ таркиби, зичлиги, ер ости сувларининг сатҳи, шамолнинг доимий йўналиши каби омиллар ҳам ҳисобга олинган. Танланган майдондаги сизот сувларини қочириш учун махсус ер ости ариқлари қазилган. Шундан сўнг пойдевор учун ҳандақлар қазилиб, сувга тўлдирилган ва шиббаланган.
Олимлар Амир Темур даврида барпо қилинган улуғвор меъморий иншоотларнинг пойдевори чуқурлиги ҳақида турли фикрлар билдирганлар. Масалан, Самарқанддаги Амир Темур жомеъ масжиди (ҳозир Бибихоним масжиди деб юритилади) нинг пойдевори ўрганилганида, унинг баландлиги 6-7 метр бўлгани ва Чўпонота тепаликларидан келтирилган махсус тошлардан фойдаланилгани аниқланди.
Иншоотларнинг гумбази, ички ва ташқи деворлари сиртини мовий рангли кошинлар ва мозаикалар билан қоплаш усули Амир Темур давридан бошлангани тарихий манбалар орқали исботланган далил. Деворий рангтасвир санъатининг XIV-XV асрларда қайта тиклангани ҳам Соҳибқирон бунёдкорлик ишлари билан бевосита боғлиқ.
Маълумки, сарой деворларига сурат чизиш анъанаси Самарқандда VII-VIII асрларда кенг тарқалган. Буни 1965 йилда Афросиёб тепаликларидаги археологик қазишма ишлари чоғида топилган ҳукмдор Вархуман саройи деворларига чизилган жанг тасвирлари, элчилар қабули, тўй маросими суратлари ҳам исботлайди. Амир Темур даврида Самарқандда барпо этилган боғ-саройларнинг деворларида ҳам буюк жаҳонгирнинг Дашти Қипчоқ, Эрон ва Ҳиндистондаги жанглари саҳналари, байрамлар, базмлар, элчиларни қабул қилиш маросимлари моҳирона ишланган. Бу Амир Темур ва темурийлар даврида Самарқандда гуркираб ривожланган шаҳарсозлик, меъморчилик, санъат ва маданият учун андоза четдан эмас, айнан Самарқанднинг ўтмишидан олинганлигини англатади.
Ҳеч шубҳасиз, буюк жаҳонгир Самарқандда турли босқинлар туфайли вайрон бўлган қадимий меъморчилик, санъат, маданият ва ҳунармандликни қайта тиклаб, уларга янгича жило ва кўрк берган.
Амир Темур боғлари
Соҳибқирон Самарқанд ва унинг атрофида йирик бино ва иншоотлар билан бирга, ўндан ортиқ гўзал ва бетакрор боғлар яратганки, бу тарихий манбаларда “Амир Темур боғлари” номи билан келтирилади. Хусусан, Боғи Нақши жаҳон, Боғи Беҳишт, Амирзода Шоҳруҳ боғи, Давлатобод, Боғи Баланд, Боғи Дилкушо, Боғи Булду, Боғи Жаҳоннамо, Боғи Навнинг яратилиши, ўзига хос архитектураси ва бу масканларда ўтказилган тадбирлар, тантанали қабул маросимлари ҳақида кўплаб маълумотлар баён этилган.
– Минтақамиз халқларига қадимдан маълум бўлган боғлар оройиши амалиёти мўғуллар истилоси даврида тамоман тўхтаб қолган ва деярли унут бўлган, – дейди Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти профессори, архитектура фанлари доктори Ахтам Ўролов. – Амир Темур бу нодир амалиётни нафақат янгидан ривожлантирган, балки уни боғ истироҳатчилик ва боғлар оройиши санъати даражасига кўтарган. Темур шаҳар ичи майдонларидаги мўъжаз боғлар билан чекланмасдан, шаҳар атрофидаги хушманзара жойларда катта истироҳат боғлари барпо этган ва уларда турли гўзал оройиш ва боғ зийнатларини авж олдирган.
Бу даврда “Чорбоғ” услуби янгича маъно касб этиб, қўрғонча ичига ёнма-ён жойлаштирилган тўртта мўъжаз боғдан эмас, балки дунёнинг рамзий маънодаги тўрт тарафига кетган жаннат ариқлари бўйлаб ташкил этилган кўп қисмли истироҳат боғ-саройларни ўз ичига олган. Боғнинг таркибий қисмлари – чорчаман, хиёбон, ҳовуз-фавворалар, сарой ва кўшклар, боғлардаги шийпонлар ва уларнинг жойлашиши ернинг паст-баландлигига, ариқлар йўналишига қараб белгиланган. Боғ таркибида мевазор ва узумзорлар, ўт-ўланлар, нафис ҳайвонот оламига кенг ўрин берилган.
Боғлар тақрибий шакллантирилмасдан, пухта ўйланган ва Амир Темурнинг меъмору боғбонлар билан тузган тарҳ-режалари асосида яратилган. Унда зироатчилик маданияти, дарахт ва буталар, гул экиш, боғ қурилишларига оройиш бериш, айниқса, фавворалар, сарой ва кўшклар барпо этиш ишларига алоҳида эътибор қаратилган. Боғлардаги ўсимликлар тури ва навларини танлаш, бир-биридан кейин очиладиган мавсумий гуллар, манзарали ва мевали дарахтларни аралаш экиш, хуллас, ландшафт меъморчилиги ва меъморий муҳит орасталиги ҳисобга олинган. Демак, айтиш мумкинки, бугун боғ ва шаҳарсозликнинг муҳим таркибий қисмига айланган ландшафт дизайнининг илк кўринишлари Соҳибқирон яратган боғларда кенг қўлланилган.
Амир Темур ва темурийлар бунёд этган боғлар орасида қўриқхоналар тарзида шакллантирилганлари ҳам бўлган. Бу боғлар истироҳат ва дам олиш, мевазор ва қўриқхона, улуғ меҳмонлар ва элчиларни қабул қилиш маросимлари, олимлар, уламо ва шеърият намояндалари билан суҳбатлар, халқ сайиллари ва тантаналар ўтказишга мўлжалланганига қараб бир-биридан фарқ қилган.
Эътиборли жиҳати шундаки, Амир Темур бундай бунёдкорлик ишларини нафақат Самарқанд, Кеш ва бошқа ҳудудларда, балки ўзга юртларда ҳам олиб борган. Унинг нигоҳи, меҳри тушган, таъмир ва маъмурчиликка муҳтож бўлган ерлар Темур ҳиммати ва эътиборидан четда қолмаган.
Тарихдан сабоқ... Бугундан ғурурланиш...
Ҳар бир халқ, миллатнинг ўз тарихи, маданияти бор. Агар бу тарих қанчалик қадимий, маданият бой бўлса ва буни ўша халқ билса, ҳис қилса, миллатнинг бугуни фаровон, истиқболи порлоқ бўлади. Яқин ўтмишда бизни аждодларимизни англаш, улар билан фахрланишдан мосуво қилишга, тарихимизни сохталаштиришга, бошқача айтганда, ўзлигимиздан айиришга уринишлар бўлди.
Президентимизнинг қатъияти ва жасорати туфайли эришилган мустақиллик йилларида тарихий ҳақиқатни қарор топтириш, халқимизнинг букилган қаддини тиклашга киришилди. Айни шу қадамлар бизни кўплаб буюк аждодларимиз қатори Амир Темур сари яқинлаштирди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 1994 йилда – буюк олим Мирзо Улуғбекнинг 600 йиллиги кенг нишонланди. Орадан икки йил ўтиб Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги халқаро миқёсда катта тантана қилинди. Буюк жаҳонгир ва темурийлар номи билан боғлиқ тарихий маданий иншоотлар обод этилди. Орадан олти аср ўтиб, юртимизда яна кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
– Президентимизнинг алоҳида эътибори туфайли мустақилликнинг дастлабки йилларидан Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар, муқаддас қадамжоларни обод этишга киришилди, – дейди Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармасининг Самарқанд ва Жиззах вилоятлари бўйича минтақалараро давлат инспекцияси бошлиғи Майсара Набираева. – Соҳибқирон бобомиз ва унинг авлодлари томонидан бунёд этилган Амир Темур мақбараси, Бибихоним масжиди, Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуаси, Мирзо Улуғбек мадрасаси, Руҳобод мақбараси ва яна кўплаб обидалар таъмирланди. Бу иншоотлар атрофида собиқ тузум даврида атайлаб уларни кўздан пана қилиш, яшириш мақсадида қурилган турли бинолар бошқа жойларга кўчирилди. Амир Темур боғлари сингари кўркам боғ ва хиёбонлар ташкил этилди. Бу жараёнда халқаро меъёрлар, ЮНЕСКОнинг маданий мерос объектларини асрашга оид талабларига қатъий риоя этилди. Таъмирлаш жараёнларида замонавий қурилиш материалларидан эмас, имкон қадар, ўтмишда қўлланилган табиий ашёлардан фойдаланилди ва бу юмушни маҳаллий уста ва ҳунармандларимиз амалга оширди. Ушбу йўналишдаги ишлар ҳам изчил давом эттирилмоқда. Чунки археолог ва тарихчи олимларимиз томонидан Самарқанд шаҳри ва унинг атрофида Амир Темур ва темурийлар даври билан боғлиқ кўплаб иншоотлар аниқланган.
Қадимий шаҳар деворлари, дарвозалари қолдиқлари топилган. Уларни асраб-авайлаш, дунё аҳлига кўрсатиш ва келгуси авлодларга етказиш муҳим вазифалардан ҳисобланади.
…Самарқанддаги тарихий обидалар, кўркам боғ ва хиёбонлар бугун яна одамлар билан гавжум. Улар орасида юртимизнинг турли ҳудудларидан келган меҳмонлар, кўрганига қаноат қилмай, уни кадрга муҳрлашга шошаётган ажнабий сайёҳлар бисёр. Ҳар бир нигоҳда чексиз ҳайрат, ҳаяжон зоҳир. Шундай паллада Соҳибқирон бобомизнинг “Куч-қудратимизга шубҳа қилсангиз, биз қурган иморатларга боқинг” деган сўзлари атрофни тутгандек бўлади.
Ғолиб Ҳасанов
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 9
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.