
Алишер Навоий таваллудининг 574 йиллигига бағишланган адабий-бадиий кечалар, учрашув ва мулоқотлар вилоятдаги таълим муассасалари, маданият марказлари ва бошқа ташкилотларда давом этмоқда.
Самарқанд таянч тиббиёт коллежида ўтказилган тадбирни бу гал ўқувчиларнинг ўзлари тайёрлашди.
Адабий кечада фақатгина аллома ҳаёти ва ижоди ҳақида гапирилиб қолинмай, бу борада кейинги йилларда юртимиз ва хорижлик олимлар томонидан олиб борилган илмий тадқиқот ва изланишлари натижалари ҳақида маълумот берилди. Ўқувчиларнинг билимлари ўзаро савол-жавоб, баҳс-мунозаралар орқали яна ҳам мустаҳкамланди.
Тадбирда ўқувчилар шоир ғазал ва рубоийларидан намуналар ўқидилар.
Баҳора Юнусова.
* * *
– Бизнинг коллежда Алишер Навоий бобомиз туғилган санани нишонлаш, бу кунда шеърият кечаси, мушоиралар ўтказиш анъанага айланган, – дейди Пастдарғом туманидагим Чархин ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Г.Ражабова. – Бугун ҳам “Абадият гулшани” деб номланган кечада кўплаб ғазалу рубоийлар ўқилди. “Хамса” достони ҳамда Ойбекнинг “Навоий” романи асосида тайёрланган саҳна кўринишлари йиғилганларга манзур бўлди.
* * *
Самарқанд давлат университети қошидаги 2-сон академик лицейда ўтказилган “Навосоз элнинг навобахши бўл” деб номланган кечада навоийшунос олимлар сўзга чиқиб, мутафаккирнинг ҳаёти ва илмий мероси ҳақида гапирдилар. Шоир бугунги кунда ҳам ўзининг ўлмас ғоялари билан халқимиз онгу тафаккури, маънавий юксалишига ҳисса қўшаётгани эътироф этилди.
Тадбирда лицей ўқувчилари “Фарҳод ва Ширин” достони асосида тайёрланган саҳна кўринишини намойиш этдилар. Шоир ғазал ва рубоийларидан намуналар ўқилди.
Баҳриддин Худойбердиев.
* * *
Самарқанд шаҳридаги 10-меҳрибонлик уйида ўтказилган тадбирда муассаса тарбиячилари ҳам, тарбияланувчилар ҳам алоҳида тайёргарлик кўришди. Бир неча кун аввал тарбиячилар топшириғи ва тавсияси билан ўқувчиларга Навоий асарларидан намуналар тарқатилди. Улар ўзларига манзур бўлган ғазаллардан ёд олиб, достонларни мутолаа қилдилар.
– Навоий бобомизнинг ғазалларини ёд олишни яхши кўраман, – дейди Баҳодир Раҳматов. – Бугун эса “Ҳайрат ул-аброр” достонидан парча ўқидим. Достон кичик-кичик ҳикоятлардан ташкил топгани ўқувчини зериктирмас экан. Асарда ибратга лойиқ ривоятлар, масаллар орқали инсон ҳаётда тўғри ва ҳалол яшаши, курашчан бўлиши, илм-фан сирларини пухта ўрганиши, одамларга яхшилик қилиши лозимлиги айтилган.
Тарбиячи Орзигул Тошпўлатова раҳбарлигида тайёрланган саҳна кўриниши, шунингдек, “Вокал” тўгараги раҳбари Ўктам Яҳёевнинг чиқишлари тадбирга кўтаринки руҳ бағишлади.
Насиба Сатторова.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 7
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.