Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Мустақил ўзбек давлатининг буюк меъмори

Мустақил ўзбек давлатининг буюк меъмори

…Ҳар тонг яна бир фарахбахш кунни насиб этган Аллоҳга шукрона айтиб, ишга отланаман. Йўлда кета туриб она Ватанимизда ишлаб чиқарилган қулай ва шинам замонавий автобуслар, машиналарда, тезюрар йўловчи ташиш электр поездларнинг чиройли вагонларида ўтириб бораётган юртдошларимнинг мамнун чеҳраларини кўраман. Беихтиёр истиқлол йилларидан аввалги даврдаги транспорт хизмати - бармоқ билан санарли йўловчи ташийдиган шалоқ автобуслар, онда-сонда кўмир тутунини бурқситиб, эски кўримсиз йўловчи вагонларни судраб ўтган паровозлар кўз олдимга келади. …Паст Дарғом туманида яшайман. Ўтган асрнинг 60-йилларида Самарқанд шаҳрининг ҳозирги Спитамен кўчасидаги вилоят ИИБ ЙҲХ бошқармаси ўрнида жойлашган қишлоқ хўжалигини механизациялаш техникумида қатнаб ўқишимга тўғри келган. Йўл азоби ҳозиргача ёдимдан чиқмайди. Эсимда, тонг саҳар соат 5 да йўлга чиқардим. Гоҳ 1,5-2 соатлик оралиқда тирбанд келадиган Жума - Самарқанд автобусига, гоҳ дуч келган юк машинасига зўрға "илиниб" дарсга етиб келардим.

 Яна бир воқеа сира ёдимдан чиқмайди. Ўтган асрнинг 80-йиллари ўрталарида Самарқанд вилоятига Навоий вилояти қўшилди. Таҳририят топшириғига кўра олис Томди туманида бўлиб ўтадиган райкомпартия ҳисобот-сайлов конференциясини вилоят "Ленин йўли" (ҳозирги "Зарафшон") газетасида ёритиш учун хизмат сафарига жўнатилдим. Навоийга қатнайдиган шаҳарлараро автобуслар анқонинг уруғи. Борлари ҳам жўнаб кетган ёки эртага бўлади. Хуллас, йўловчи юк машинасига илиниб, бир амаллаб қоқ тушда Навоий шаҳрига етиб бордим. Мен борадиган манзилга етиш учун яна 200 километр чамаси йўл босиш керак экан. Томдига автобус эрталаб жўнаб кетган ва ўша куни бошқа бўлмас экан. Ҳафсалам пир бўлиб, бошим қотди. "Яқинда ишга келган бўлсам, таҳририят топшиғини барбод қилсам нима бўлади?". Автостанция бошлиғи газета ҳурматими, ё бурчи масъулияти юзасиданми, аҳволимни тушуниб, елиб-югуриб Зарафшон шаҳрига кетаётган юк машинасини топиб келди. Ҳайдовчидан Зарафшонга боргач, Томди томонга кетаётган бирорта уловга ўтқазиб юборишни илтимос қилди. Зарафшонга етиб келганимизда кун пешиндан оққан эди. Ҳайдовчи Томди тарафга кетаётган таниш цемент ташувчи машинасига миндириб юборди. Ҳудуди катта туманга тенг Балимонов номли қоракўлчилик давлат хўжалигини кесиб ўтган асфальт йўлдан кетяпмиз. Манзилга етай демаймиз. Теварак-атроф уфққа туташиб кетган кўз илғамас чўл. Томди туман марказига 15 километрча масофа қолганда худо бу цемент ташувчи машинани ҳам кўп кўрди.

- Узр, ука, мен энди чапга кетаман! - Ҳайдовчи шундай деб машинадан тушиб, анча бедарак кетди. Бир пайт кабинали "Т-40" транспорт трактори билан қайтди.

 - Энди буёғига мана бу "тулпор"да кетасиз. Тайинладим, тўппа-тўғри райкомга олиб бориб қўяди.

Инсоф юзасидан айтишим керак, ҳеч бир тамасиз ёрдам қўлини чўзган бегона кишиларнинг бу меҳр-оқибати ҳамон эсимдан чиқмайди. Хуллас, кеч тушганда манзилга етиб бордим.

Йўл азоби эса бир умр эсда қолди. Бу мисолларни келтираётганимдан мақсад шуки, истиқлол йилларида юртимизда аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ўтмишга таққосланганда қандай юксак даражага кўтарилганини эслатишдир. Мустақилликнинг биринчи кунлариданоқ республикамизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов транспорт соҳасини тараққиётнинг истиқбол йўналиши қилиб белгилади. Чет эллик ҳамкорлар билан Самарқанд шаҳрида йўловчи ташийдиган автобуслар, Асака шаҳрида енгил автомашиналар ишлаб чиқарадиган замонавий автомобилсозлик заводларига асос солди. Ўзбекистон дунёда автомобиль ишлаб чиқарадиган 28 мамлакат қаторидан жой олди. Бугунги кунда ушбу гигант автомобилсозлик заводлари конвейерларидан чиқаётган автобуслар, ўндан зиёд маркадаги замонавий енгил машиналар халқимизнинг узоғини яқин, мушкулини осон қилмоқда. Бундан 25 йил аввал хонадонида енгил автомашинаси бор фуқаролар қишлоқда бармоқ билан санарли эди. Бугун эса тўрт ўзбек хонадонининг учтасида ўзимизда ишлаб чиқарилган енгил машина бор. Бундан ташқари, вилоятимиз мисолида оладиган бўлсак, ўн мингдан зиёд йўналишсиз такси автомашиналари, икки мингдан зиёд йўналишли автобуслар йўловчилар хизматида.

 

Эндиликда ўзбек автомобилсозлари халқимиз эҳтиёжини қондириш баробарида автомобиль ва автобус экспорти бўйича жаҳон бозорига дадил чиқаяпти. Кейинги йилларда Жомбой туманида "MAN" русумли юк автомашиналари ишлаб чиқарадиган қўшма корхона, Тошкентда автомобиль двигателлари ишлаб чиқариш заводи, Хоразмда Асака автомобиль заводи филиали ишга туширилди.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов темир йўл транспортини ривожлантиришда ҳам буюк бунёдкорлик ишларининг бошида турди. Мустақиллик йилларида минглаб километр масофада янги темир йўл тармоқлари қурилди. Тошгузар - Бойсун - Қумқўрғон темир йўли, дунёда ноёб бўлган Ангрен - Поп электрлаштирилган темир йўли, Тошкент - Самарқанд, Тошкент - Самарқанд - Қарши, Тошкент - Мароқанд - Бухоро тезюрар "Афросиёб" электр поезди қатновининг йўлга қўйилиши, Термиздан Афғонистон орқали Ўртаер денгизига чиқадиган халқаро темир йўл қурилиши, пойтахтда метрополитен янги йўналишлари ишга туширилиши, буларнинг бари муҳтарам Юртбошимизнинг узоқни кўра билиши, ақл-заковати маҳсулидир. Ушбу доно сиёсат туфайли бугун Ўзбекистон бир пайтлар асосий транспорт воситаси от-аравадан иборат бўлган аграр давлатдан автомобиль саноати ва транспорт алоқа-коммуникациялари юксак тараққий этган мамлакатга айланди.

 Ҳозирда Ўзбекистон халқаро ҳаво, темир йўллари, автомагистраллари орқали олис-яқин мамлакатлар билан боғланган. Бошқача айтганда, Ўзбекистонда бугун транспорт алоқа-коммуникацияси халқ хўжалигининг қудратли қон томирига айланган. Бу асрга татигулик улкан бунёдкорлик ишлари бевосита Биринчи Президентимиз Ислом Каримов номи билан боғлиқ. Элим, юртим деб яшаган буюк раҳбар, доно сиёсатчи, халқнинг чексиз меҳрини қозонган инсон хотираси қалбларда мангу яшайди. Юртбошимизнинг ҳаёт фаолияти Ватанга садоқат билан хизмат қилиш намунаси бўлиб, ўзи асос солган мустақил Ўзбекистон давлатининг янги шонли тарихи зарварақларида олтин ҳарфлар билан битилгусидир.

Тоғаймурод

ШОМУРОДОВ


Киритилган вақти: 22/09/2016 15:45.   Кўрилганлиги: 1657
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/buyuk-memor

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 8

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.