Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

“БЕТАКРОРИМСАН, ЯГОНАСАН, ОНА ВАТАНИМ - ЎЗБЕКИСТОНИМ!”

“БЕТАКРОРИМСАН, ЯГОНАСАН, ОНА ВАТАНИМ - ЎЗБЕКИСТОНИМ!”

Самарқанд вилоятида давлатимиз мустақиллигининг 24 йиллиги кенг нишонланди.

Ҳар бир миллат ё халқнинг ҳаётида унутилмас онлари, муҳим ва тарихий кунлари бўлиши шубҳасиз. Мустақиллик байрами ватандошларимиз учун ана шундай аҳамиятга эга айём сифатида катта шоду хуррамлик билан нишонланмоқда. “Шарқ тароналари” X халқаро мусиқа фестивали руҳи, шукуҳи қалбларни тарк этмаган шу кунларда вилоятда истиқлол шодиёнаси ўзгача кўтаринкилик ва юқори кайфиятда кутиб олинди.

Мустақиллик байрамининг бу йил “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним - Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилишида ҳам чуқур маъно бор. Бунинг замирида мустақилликнинг нақадар улуғ неъмат эканлиги, шу улуғ ва муқаддас Ватанда ўтаётган тинч-осуда ҳаётимиз, фаровон турмушимизнинг қадрига етиш, уни асраб-авайлашдек улуғ ғоя ва мақсад мужассамдир.

Самарқанд шаҳридаги “Мўъжиза” амфитеатрида ташкил қилинган асосий байрам тантаналарида вилоят ҳокими З.Мирзаев тадбир иштирокчилари ҳамда вилоятимиз аҳлини истиқлолнинг 24 йиллиги билан муборакбод этди.

- “Шарқ тароналари” халқаро фестивалининг расмий очилиш маросимида давлатимиз раҳбарининг Самарқанд ва самарқандликлар ҳақидаги илиқ фикрлари ҳар биримизга ўзгача ғурур ва ифтихор бағишлади, - деди вилоят ҳокими. - Президентимиз таъкидлаганларидек, “Бу қадимий шаҳарнинг тарихи қанчалик буюк ва шарафли бўлса, унинг бугунги ҳаёти, замонавий қиёфаси ҳам шунга уйғун ва ҳамоҳанг равишда, ҳар томонлама обод ва гўзал бўлиб бормоқда”.

Чиндан ҳам бугун истиқлол берган бебаҳо имкониятларни, ўсиш ва ўзгаришларни ҳар қадамда гувоҳи бўлиб, ҳис қилиб яшаяпмиз. Бугун қайси маҳалла, гузар ва қишлоққа борманг, замонавий қиёфа касб этгани, катта байрамга тайёргарлик кўрилганини яққол англаш мумкин.

Вилоят ҳокими вилоятимизда жамият ҳаётининг турли жабҳаларида қўлга киритилган ютуқ ва муваффақиятларга тўхталди. Сўнг байрам дастуридан ўрин олган чиқишларга навбат берилди.

Хусусан, амфитеатр саҳнасида болажонлар, спортчи ёшлар, юрт посбонлари - ҳарбий хизматчиларнинг чиқишлари барчани тўлқинлантириб юборди.

- Тинчлик, истиқлол нима эканлигини, қандай улуғ неъматлигини бугун барчамиз эришган ютуқларимиз, натижаларимиз мисолида яхши англаймиз, - дейди Ўзбекистон Қаҳрамони, Каттақўрғон туманидаги “Ҳосил” фермер хўжалиги бошлиғи Аваз Ҳосилов. – Давлатимиз раҳбари Регистон майдонида хорижлик меҳмонларга “…эл-юртимиз вакиллари билан бўладиган самимий суҳбат ва мулоқотлар янги асарлар учун илҳом манбаи бўлиб қолади…”, дедилар. Нега? Чунки бугун бизнинг ҳар кунимиз байрамларга ҳамоҳанг, кўнгилларимиз орзу-ҳавасларга лиммо-лим.

Энг муҳими, қилган меҳнатимизнинг самарасини кўришдек бахт доимий ҳамроҳимиз.

Ўзимдан мисол, кўп йиллик самарали меҳнатим муносиб рағбат топди. Биргина шунинг ўзиёқ, “Ким эдигу ким бўлдик?”, деган ҳақли саволнинг ҳаётий жавоби, амалий ифодаси эмасми?!

Байрам декорациялари, турфа чиқишларда ҳам истиқлол туфайли ҳаётимиз, шу жумладан, тафаккур ва тақдиримизда улкан янгиланишларга хизмат қилганининг ўзига хос намойиши бўлди.

Самарқандлик ҳамда пойтахтдан ташриф буюрган санъаткорлар ижросидаги Ватанни, истиқлолни мадҳ этувчи куй ва қўшиқлар барчага хуш кайфият, шодонлик улашди.

Ёқубжон Марқаев


Охирги ўзгариш: 02/09/2015 19:28.   Кўрилганлиги: 1904
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/betakrorimsan-yagonasan-ona-vatanim-ozbekistonim

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 4

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.