Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Бахшилар – миллат хазинаси

Бахшилар – миллат хазинаси


Самарқанд шаҳридаги «Шоирлар боғи»да атоқли халқ бахшилари Ислом шоир, Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош ва Пўлкан шоир Жомурод ўғлининг реставрация қилинган ҳайкаллари очилиш маросими бўлиб ўтди.


Унда вилоят жамоатчилиги вакиллари, Ўзбекистон Ёзувчилар ҳамда Журналистлар уюшмалари аъзолари ва ёшлар иштирок этди.

Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Т.Жўраев, шоира Зулфия Мўминова, халқ бахшиси Маҳматмурод Ражабов, профессор Ахтам Ўролов ва бошқалар ватанпарварлик, инсонийлик, эзгулик ва меҳр-оқибатни тараннум этган бахши шоирлар қолдирган бой маънавий мерос ҳақида тўхталдилар. Мустақиллик йиллари мамлакатимизда бахши, жировлар мактаблари, уларнинг асл маънавий илдизлари тикланиб, тарбия омили сифатида янгича руҳда изчил ривожланаётганини эътироф этдилар.

Таъкидландики, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан эл манфаати, унинг фаровон турмуши йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини кундан-кун ҳис этяпмиз. Мамлакатимизнинг буюк оқинлари ҳисобланган тўрт бахши шоир ҳайкалларининг қайта тикланиши ҳам халқимиз маънавиятини юксалтириш йўлида қилинган эзгу саъй-ҳаракатлар самарасидир.

- Мен Ислом шоир ва Пўлкан шоир асарлари таъсирида ижодга кириб келганман, - дейди шоира З.Мўминова. – Уларнинг шогирдлари Отаёр ва Амирқул Пўлкандан сабоқ олганман. Ислом отанинг ўғли Зиёдулла ака ҳам Ўзбекистон халқ бахшиси унвонини олганди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йили сайловчилар билан учрашувда билдирган таклифи асосида шоирлар боғига янгича мазмун-моҳият бағишлангани бугун биз, ижод аҳлини илҳомлантирмоқда.