Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

60 МИНГ НАФАР ЁШЛАР - АБИТУРИЕНТ

60 МИНГ НАФАР ЁШЛАР - АБИТУРИЕНТ

20 июндан 20 июлга қадар олий ўқув юртларида ўқиш истагида бўлган абитуриентлардан аризалар қабул қилинди. Ушбу жараён Самарқанд вилоятидаги олий таълим муассасаларида ҳам уюшқоқлик билан ташкил этилди.

– Вилоятда саккизта олий таълим муассасаси бўлиб, мазкур даргоҳларда таҳсил олиш истагида бўлган ёшлар йилдан-йилга кўпайиб бормоқда, – дейди Давлат тест марказининг вилоятдаги доимий вакили Эсонбой Исроилов. – Мисол учун, 2014 йилда олий таълим муассасаларига 47 543 нафар ёшларҳужжат топширган бўлса, 2015 йилда 52 680 нафар, 2016 йилда 60328 нафарга етди.

2015 йилда бир ўринга 9 та номзод тўғри келган бўлса, бу йил 10-11 тага етди.

Энг юқори ўсиш кўрсаткичлари Самарқанд давлат медицина институти (75 фоиз), Тошкент давлат стоматология институти Самарқанд филиали (37,4 фоиз), Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институти (23,9 фоиз), Самарқанд қишлоқ хўжалик институти (13,4 фоиз)да кузатилди.

Ҳужжат топширган абитуриентлардан 5835 нафари талабалик бахтига муяссар бўлади.

Имтихонларни 316 нафар Давлат тест маркази (ДТМ) вакиллари кузатиб боради. Шунингдек, олий, ўрта махсус касб-ҳунар таълими, халқ таълими муассасалари профессор-ўқитувчиларидан 3881 нафари аудиториялар, шунингдек, тест жараёнлари холисона ўтаётганини назорат қилиш учун жалб қилинади. Уларнинг 1803 нафари аудитория раҳбарлари сифатида тайинланган.

Ҳозирги кунга қадар абитуриентлар ҳақидаги электрон маълумотлар асосида тест материаллари базаси шакллантирилди. Унга мувофиқ, тест материаллари тайёрланмоқда. Барча олий таълим муассасалари қабул комиссиялари абитуриент рухсатномалари ва титул варақалари 21 июлдан бошлаб расмийлаштирилди ва 27 июлдан бошлаб тест синовлари ўтказиладиган биноларда абитуриентларга тарқатилмоқда.

Тест синовлари бўлиб ўтадиган 72 та бинода 1803 та аудитория ажратилди. Вилоят ва шаҳар ҳокимликлари ташаббуси билан биноларнинг тозалик, санитар ҳолатига алоҳида эътибор қаратилди. Ичимлик суви, тиббиёт хонаси, биноларнинг ҳар бир қаватида ёнғин хавфсизлиги бурчаклари ташкил этилди. Аудиториялар, шунингдек, тест синовлари ўтадиган ҳудудларга назорат камералари ўрнатилди. Тиббиёт ходимлари, вилоят ва шаҳар давлат санитария-эпидемиология назорат маркази, “Сувоқова” ишлаб чиқариш корхонаси вакиллари, электр тармоқлари корхонасидан вакиллар бириктирилиб, 1 август куни абитуриентларнинг соғлиғини сақлаш ва биноларда коммунал хизмат узлуксизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Абитуриентларнинг ота-оналарига қулайлик яратиш мақсадида тест имтиҳонлари бўлиб ўтадиган ҳудудларда дам олиш, енгил тамадди қилиш учун шароит яратилади.

И.Пўлатов


Киритилган вақти: 28/07/2016 19:12.   Кўрилганлиги: 1303
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/news/60-ming-nafar-yoshlar-abiturient

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 11

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.