
Юртимиз тарихи, халқимизнинг бой маънавий мероси ҳақида тушунчага эга бўлиш, ундан бугунги авлодни хабардор этишда музейларнинг ўрни катта.
Шу боис, мамлакатимизда мазкур муассасалар фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг замон талаблари даражасида иш олиб бориши учун зарур шароит ва имкониятлар яратилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг “Музейлар тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Президентимизнинг 1998 йил 12 январдаги “Музейлар фаолиятини тубдан яхшилаш ва такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони бу борадамуҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.
Самарқанд вилоятида бугунги кунда саккизта музей фаолият кўрсатиб, уларда юртимизнинг бир неча минг йиллик тарихи ва маданияти, аждодларимизнинг бой илмий меросига оид 211 мингдан ортиқ ашёлар, тарихий маълумотлар сақланмоқда. Cамарқанд давлат бирлашган тарихий-меъморий, бадиий музей-қўриқхонаси ушбу муассасалар ҳамда вилоятдаги олтита тарихий обида ва иккита зиёратгоҳни бирлаштирган ҳолда фаолият кўрсатаётир.
– Музейлар йўналишига мос тарихий экспонатларни тўплаш, уларни ўрганиш ва сақланишини таъминлаш, илмий текшириш ишларини олиб бориш, экспозициялар тайёрлаш ва кўргазмалар ташкил этиш, ноширлик ишлари, хорижий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик фаолиятимизнинг асосини ташкил этади, – дейди Cамарқанд давлат бирлашган тарихий-меъморий, бадиий музей-қўриқхонаси бош директори Маҳмуд Бобоёров. – Кейинги йилларда Самарқанд шаҳридаги Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейи учун янги бино ажратилиб, замон талаблари даражасида реконструкция қилинди. Вилоят ўлкашунослик музейи, “Афросиёб” музейи, Мирзо Улуғбек музей-мажмуаси, Каттақўрғон, Иштихон ва Пахтачи туманларидаги тарих музейларида таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, замонавий тарзда жиҳозланди.
Самарқанд шаҳри тарихига оид ноёб экспонатлар жамланган “Афросиёб” музейида 2014 йили хорижий мамлакатларнинг юртимиздаги элчилари иштирокида Афросиёб деворий суратларини таъмирлаш тақдимоти ўтказилган эди. Энди Афросиёб деворий суратларининг 3D шаклидаги видеофильми тайёрланди. Бундан уч йил олдин Мирзо Улуғбек музейининг виртуал кўриниши ишлаб чиқилиб, музей веб-сайтига жойлаштирилган бўлса, айни пайтда бошқа музейларни ҳам виртуаллаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Йил дастури ва муҳим саналар, байрамлар муносабати билан турли кўргазма ва экспозициялар намойиши ҳам анъана тусини олди.
Жумладан, 2014 йилда барча музейларда Ватанимиз мустақиллигининг 23 йиллигига бағишланган кўргазмалар ташкил этилди. Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида ўтказилган “Болалари соғлом юртнинг келажаги буюкдир”, “Жонажон диёр” ёш рассомлар кўргазмалари, “Болалар кийимлари: кеча ва бугун”, “Марказий Осиёда ёзув тарихи”, “Ўзбекистон халқлари заргарлик буюмлари”, “Самарқанд: кеча ва бугун” каби кўргазмалар мухлису мутахассисларда, хорижий сайёҳларда катта таассурот қолдирди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 11 июлдаги “Давлат музейларининг болалар ва уларнинг ота-оналарига очиқлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ўтган йил 2-8 сентябрь кунлари вилоятда “Музейлар ҳафталиги” юқори савияда ташкил этилиб, элликдан ортиқ кўргазма ва экспозициялар намойиш қилинди. Бу саъй-ҳаракатлар натижасида бугунги кунда музейлар аҳоли ҳордиқ чиқарадиган, ўқувчи ва талаба-ёшлар учун маданий-маърифий тадбирлар, дарс машғулотлари ўтказиладиган маънавий масканга айланиб бормоқда.
Бугунги кунда вилоятдаги музейларда Кексаларни эъзозлаш йилига бағишланган кўргазмалар ўтказилиб, Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллиги муносабати билан “Мустақил Ўзбекистон” номли экспозициялар яратиш жараёни бошланди.
Музей-қўриқхона ходимлари вилоятдаги корхона ва ташкилотлар, таълим муассасаларининг ўз муассасалари тарихига оид материаллар жамланган музейларни ташкил этишга ҳам услубий ёрдам кўрсатиб келмоқда. Музей-қўриқхона қошида фаолият кўрсатаётган “Гид-экскурсоводлар тайёрлаш маркази”да ҳар йили юзлаб ёшлар мазкур соҳа бўйича билим ва кўникмага эга бўлиб, музейлар, тарихий обидаларда сайёҳларга хизмат кўрсатмоқда. Ўтган йили марказ томонидан тарихий обидалар ва музейлар экспозициялари бўйича тайёрланган экскурсия матнлари китоб шаклида чоп этилди. “Музейда экспозициялар, доимий ва кўчма кўргазмалар ташкил этиш” бўйича услубий қўлланма нашр қилинди.
Музейларда концептуал дастурлар асосида амалга оширилаётган бундай ишлар халқимиз, аввало, ёшларнинг юртимиз тарихи ва маданиятига оид билимини бойитиш, тарих ва келажак ўртасидаги кўприкни мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Ғолиб Ҳасанов
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 8
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.