Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Вилоят халқ таълими ходимларининг янги 2019-2020 ўқув йили олдидан “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида ўтказиладиган Август кенгаши ялпи йиғилишида вилоят ҳокими Турдимов Эркинжон Оқбўтаевичнинг

Вилоят халқ таълими ходимларининг янги 2019-2020 ўқув йили олдидан “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида ўтказиладиган Август кенгаши ялпи йиғилишида вилоят ҳокими Турдимов Эркинжон Оқбўтаевичнинг

МАЪРУЗАСИ

Ассалому алайкум, азиз устозлар!

Қадрли кенгаш иштирокчилари!

Сизларни яқинлашиб келаётган энг улуғ, энг азиз байрам - Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 28 йиллиги ҳамда Билимлар куни билан чин қалбимдан муборакбод этаман.

Ижозатингиз билан халқ таълими ходимларининг анъанавий Август кенгашини очиқ деб эълон қиламан!

2019-2020 ўқув йили Август кенгашлари халқ таълими ходимлари учун “Таълимда ислоҳот: ўзгаришни ўзимиздан бошлайлик” шиори остида ташкил этилмоқда.

Маълумки, бугунги кунда мустақил Ўзбекистонимизнинг таянчи ва суянчи бўлган ёшларимизнинг соғлом ва баркамол, буюк аждодларимизга муносиб авлод бўлиб вояга етиши, замонавий билим ва касб-ҳунар сирларини пухта эгаллашлари учун барча шароитлар яратиб берилган.

Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг 30 фоизи 14 дан 30 ёшгача бўлган ёшлардир. Уларнинг сифатли таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун замонавий шароит ва имкониятлар яратилган. Шу билан бирга, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкил этиш долзарб масала ҳисобланади.

Ёшлар қанчалик маънавий баркамол бўлса, турли ёт иллатларга қарши иммунитети ҳам шунча кучли бўлади.

Маълумки турли зиддиятлар кучайиб бораётган бугунги дунё манзараларида ёшларимизнинг маънавий иммунитетини кучайтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ҳар қачонгидан ҳам долзарброқ эканини замоннинг ўзи кўрсатиб турибди.

Шу боис давлатимиз раҳбари томонидан ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича илгари сурилган 5 та ташаббус муҳим аҳамият касб этади.

Бугунги кунда Самарқанд вилоятида жами 1220 та умумтаълим муассасалари фаолият кўрсатмоқда.

Вилоятимиз умумтаълим мактабларидаги 726125 нафар ўқувчиларга жами 49790 нафар педагоглар таълим-тарбия беради. Улардан 31 389 нафари (63,0%) аёллардир.

2019 йилда Инвестиция дастурига биноан вилоятда жами 49 та мактабларда 95,5 млрд.сўмлик қурилиш таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда, жумладан 1 та янги қурилиш, 34 та реконструкция ва 14 та мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Бугунги кунда Инвестиция дастурига биноан умумтаълим муассасаларида 94,7 млрд.сўмлик (99%) қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилган ва бу ишлар учун 69,8 млрд.сўм (73%) маблағ молиялаштирилган.

Ушбу дастур асосида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётган жами 49 та таълим муассасаларидан 47 тасида ишлар 100% якунланиб, қабул қилиш далолатномалари расмийлаштирилмоқда.

2019 йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла”  дастурига биноан 27 та мактабларда 47,1 млрд.сўмлик қурилиш таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда, жумладан 1 та янги қурилиш 11 та реконструкция ва 15 та мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилиши режалаштирилган.

Умумтаълим мактабларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш мақсадида 306 та мактабларнинг қозонхоналарини алмаштириш ва таъмирлаш учун маҳаллий бюджет маблағларидан 2 млрд 800 млн сўм маблағ ажратилди.

Ҳурматли кенгаш иштирокчилари!

Маълумки, кейинги йилларда мамлакатимизда ёш авлод таълим-тарбияси, ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятдаги обрў-эътибори, нуфузини оширишга шахсан давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги уч йил ичида қатор соҳага оид қарор ва фармонлар қабул қилиниб, амалиётга жорий этилди.

Барчамизга маълумки, бугунги глобаллашув замонида, замонавий техника ва технологиялар асрида улкан ўзгаришларга, янгиланишларга учрамаётган соҳанинг ўзи йўқ. Замон билан ҳамнафас бўлмаган, ўзининг иш фаолияти услубини танқидий таҳлил қилиб, ҳар томонлама қулай ва самарали тизимни жорий қилолмаган соҳа ва йўналишлар таназзулга юз тутмоқда. ХХ асрда юз кишининг қўл меҳнати эвазига бажариладиган иш XXI асрга келиб бир кишининг биттагина электрон дастурда ишлаши билан амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида рақобат кучайиб, зиддиятлар кескинлашиб, оқибатда энг илғор, энг инновацион ва энг самарали ҳамда фойдали иш услуби амалиётга татбиқ қилинмоқда ва бу табиий жараёнга айланиб улгурди.

Худди шу каби, халқ таълими тизимида ҳам чуқур ислоҳотлар олиб борилмоқдаки, бу ўз-ўзидан ҳар бир соҳа вакилидан илғор услубда ишлашни, инновацион ғоялар ташаббускори бўлишни, меҳнат фаолиятини энг қулай ва самарали усулда олиб боришни талаб қилмоқда. Бир сўз билан айтганда, бугунги кун педагоги ўз ишининг устаси бўлиши билан бирга ташаббускор, сергак ва уйғоқ, меҳнатсевар, ватанпарвар, таъбир жоиз бўлса, жамиятда ўрнак бўла оладиган мукаммал инсон бўлиши зарур.

2018-2019 ўқув йилида вилоят халқ таълими тизимида республика ва халқаро миқёсда ўтказилган кўрик-танловларда бир қатор ютуқларга эришилди.

Жумладан, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи томонидан ўтказилган «Ёш китобхон» танловининг Республика босқичида Пахтачи туманидаги 24-мактабнинг 8-синф ўқувчиси Маҳлиё Ўроқова Президент соврини – «Спарк» автомашинаси билан тақдирланди.

Самарқанд шаҳридаги 51-ихтисослаш-тирилган давлат умумий ўрта таълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Ҳилола Расулова ҳамда Оқдарё туманидаги 45-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Мадина Қаноатова Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси бўлди.

Бундай мисолларни жуда кўплаб келтириш мумкин.

Шунингдек, 2018-2019 ўқув йилида вилоятимиздаги умумтаълим мактабларини аъло баҳолар билан якунлаб, намунали хулқи ва жамоат ишларидаги фаол иштироки билан тенгдошларига намуна бўлган  жами 141 нафар ўқувчиларнинг 78 нафари олтин ва 63 нафари кумуш медаллар ҳамда “Имтиёзли касб малакаси диплом” лари билан тақдирландилар.

Янги ўқув йилида вилоятимиз халқ таълими тизимида амалга оширилиши режалаштирилган ишлар кўлами кенг.

Ўйлайманки, бу борада тизимдаги тажрибали раҳбарлар, ўзининг чуқур билими, юксак инсоний фазилатлари билан ёшларимизга ўрнак бўлаётган ҳурматли устоз-мураббийлар ўзларининг ҳаётий тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда тегишли маслаҳат ва тавсияларини берадилар.

Ҳурматли ўқитувчи ва мураббийлар!

Ўсиб келаётган ёш авлод вакилларини етук шахс, чин инсон бўлиб улғайишида ўз меҳнатингиз ва юксак инсоний фазилатларингиз  билан ҳамиша ўрнак бўлиб, устоз-мураббий деган шарафли номни оқлаб юриш ҳар бирингизга насиб этсин!

Юртимиз тинчлиги, фарзандлар камоли йўлидаги масъулиятли ва шарафли ишларингизда, касбий фаолиятингизда улкан зафарлар  тилайман!

Эътиборингиз учун раҳмат.


Киритилган вақти: 28/08/2019 21:31.   Кўрилганлиги: 1951
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/governor_speeches/viloyat-xalq-talimi-xodimlarining-yangi-2019-2020-oquv-yili-oldidan-jonajon-ozbekistonim-mangu-bol-omon-shiori-ostida-otkaziladigan-avgust-kengashi-yalpi-yigilishida-viloyat-hokimi-turdimov-erkinjon-oqbotaevichning

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 7

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.