
.
Самарқанд шаҳри 2018 йил 9 май
“Боғишамол гарден” Соат 12.00
базмгоҳи
Ассалому алайкум, пиру бадавлат отахонлар ва муҳтарама онахонлар!
Азиз фахрийларимиз!
Юртимизда бу йил 9 май – Хотира ва қадрлаш куни байрамини ҳар қачонгидан кўра кенг миқёсда нишонланмоқда.
Мана шу қутлуғ сана – эришилган Буюк ғалабанинг 73 йиллиги муносабати билан, авваламбор, сафимизда соғ-омон яшаб келаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини, фронт ортида заҳмат чеккан фахрийларимизни, Сизнинг тимсолингизда вилоятимизнинг барча отахону онахонларини чин қалбимдан табриклайман!
Фашизм инсоният бошига мислсиз кулфатлар ёғдирди. Бу мудҳиш воқеа инсоният тарихидаги энг даҳшатли, энг қонли қирғин бўлгани ҳеч қачон унутилмайди.
Миллионлаб инсонлар қурбон бўлган, ўнлаб ўлкаларга вайронагарчиликлар келтирган фашизм устидан қозонилган ғалабада ўзбекистонликнинг, жумладан, Сизларнинг ҳам муносиб ҳиссаларингиз бор.
Бешафқат урушда салкам 1,5 миллион нафар ўзбекистонликлар иштирок этган. Ёш гўдак ва болаларни, қариялар ва аёлларни ҳисобга олмаганда, халқимизнинг 40 фоиздан кўпроғи қўлига қурол олиб, жангу жадалларда қатнашди.
Жумладан, Самарқанд вилоятидан 152 минг киши фронтга сафарбар этилди. Уларнинг
70 минг нафари жанг майдонларида ҳалок бўлди, минглаб инсонлар уруш майдонларидан ногирон бўлиб қайтди.
Яратганнинг марҳамати билан жанг майдонларида қон кечган 97 нафар инсон бугунги дориломон кунларда бизнинг дуогўйимиз бўлиб юрипди.
Бу азиз инсонларнинг умрлари узоқ бўлишини Яратгандан сўраб қоламиз!
Қадрли отахон ва онахонлар!
Юртдошларимиз нафақат жанг майдонларида, балки фронт ортида ҳам қаҳрамонликлар кўрсатди, ўз жасоратларини, матонатларини бутун дунёга намоён этди.
Халқимиз уруш олови етиб келган ҳудудлардан Ўзбекистонга кўчирилган оилалар ва болаларни қабул қилиб, охирги бир бурда нонини улар билан баҳам кўргани ҳозир ҳам ҳеч кимнинг ёдидан кўтарилгани йўқ, албатта.
Самарқандликлар ўша йилларда уруш исканжасида қолган шаҳар ва қишлоқлардан эвакуация қилинган 165 минг кишига ўз уйларидан жой бериб, бошпана билан таъминлагани қаҳрамонликнинг бир намунасидир.
Ўша йилларда каттақўрғонлик уруш ногирони Ҳамид Самадов оиласи 13, самарқандлик Фотима Қосимова 10 нафар етим болани асраб олиб, уларни ўз фарзандлари каби оқ ювиб, оқ таради.
Самарқанд шаҳридаги болалар уйларига қўшимча равишда 660 бола жойлаштирилган.
Халқ оёққа туриб, тез фурсатларда олти квартирали тўртта уй, олтита барак қуриб берди, эҳтиёжмандларга ётоқхона ва бўш квартиралар ажратилди.
Бундан ташқари, Воронеж алоқа билим юрти, 2-Харьков танк билим юрти ва авиация мактаблари Самарқандга кўчириб келтирилган.
1941 йилнинг охирига келиб икки ярим мингдан ортиқ хотин-қиз фронтга кетган оталари, эрлари, ака-укалари ўрнига завод ва фабрикаларда ишлай бошлади.
Улар энг мураккаб жараёнларни ўзлаштириб, эркакларнинг ўрнини билдирмай меҳнат қилди.
1941-1942 йилларда фронтдаги жангчилар учун 11 минг жуфт пийма, 13 минг калта пўстин, 15 минг қулоқчин, 18 минг қўлқоп ва 58 мингта бошқа иссиқ кийим юборилган.
Ўша йилларда ўзлари бир аҳволда яшасада, халқимиз 6 вагон гўшт, 2 вагон гуруч, 30 вагон мева ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини фронтга жўнатди.
Мана шуларни инобатга оладиган бўлсак, эришилган буюк Ғалабада халқимиз ҳам улкан ҳисса қўшгани яққол аён бўлади.
Бу ҳақиқат ҳеч қачон унутилмайди.
Бугунги кунда 2700 нафар фронт ортида жасорат кўрсатган улуғларимизга бахтли ҳаёт нашидасини суриш насиб этганини олқишлаб қўйсак тўғри бўларди.
Азизлар!
Инсон қадри улуғ, хотира муқаддас. Инсонни улуғ қиладиган нарса унинг эзгу ишлари, амалларидир.
Яна доно халқимиз инсонни ғанимат, деб билади. Айни пайтда биз учун ота-боболаримиз, фахрийларимизнинг ҳар куни ғанимат.
Шу боис ҳам 9 май санасини нишонлаш мамлакатимизда миллий хусусият касб этиб, байрамнинг мазмун-моҳияти буткул ўзгарди. Бу сана халқ хотираси ва инсонни қадрлаш кунига айланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 16 апрелдаги қарорида “Хотира – кечаги ўтмишни, аждодлар ўгитини, миллий меросимизни англатиб турувчи муқаддас китоб зарварақларидек ҳаётимизни ёритиб туради.
Қадр – инсонни юксакликка кўтаради, унинг фаолиятига, орзу-интилишларига, мақсад-маслакларига олижаноблик бағишлайди”, дея яна бир карра алоҳида таъкидланди.
Ушбу сана муносабати билан вилоятимизда Иккинчи жаҳон урушида қатнашган инсонлар қаторида, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган 3 нафар ҳарбий хизматчининг бюсти ўрнатилди, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотираси ёдга олинди, уларнинг оилаларидан хабар олинди.
Шу билан бирга, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан бир йўла 5 миллион сўмдан пул мукофоти, тилла суви юритилган қимматбаҳо соат, Президент табриги тантанали равишда топширилди.
Уруш фахрийларининг истакларига кўра улар ўзлари жанг қилган мамлакатларга сафарлари ташкил этилди, Ялта ва Кисловодск шаҳарларидаги санаторийларга бир нафар кузатувчиси билан бирга бепул юбориш жорий этилди.
Ҳурматли дўстлар!
Бундай эътибор ва эҳтиром замирида биз яшаётган мана шу муқаддас юртдаги тинчлик ва хотиржамлик мужассам.
Кундан-кун чирой очиб бораётган юртимизнинг барча гўшаларида олиб борилаётган кенг кўламли юксалишлар барқарор тинчлигимиз туфайли эканини ҳеч қачон ёдимиздан чиқармаслигимиз керак.
Тинчликни асраб-аввайлаш эса ҳар биримизнинг Ватан олдидаги муқаддас бурчимиздир.
Ҳар бир осойишта ўтаётган кунимизни таъминлаган ва таъминлаётганларнинг қадрига етишимиз, тинчлик учун жонларини фидо қилган юртдошларимизни хотирлашимиз биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!
Фурсатдан фойдаланиб, барча уруш қатнашчилари, муҳтарам фахрийларимизни, бутун халқимизни бугунги қутлуғ байрам билан яна бир бор табриклайман.
Юртимиз тинч, осмонимиз доимо мусаффо бўлсин!
Эътиборингиз учун раҳмат!
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 7
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.