
Самарқанд шаҳри, “Мўъжиза” амфитеатри, 2015 йил 31 август соат 18.00
Ассалому алайкум, азиз дўстлар!
Қадрли байрам иштирокчилари ва меҳмонлар!
Бугун Сиз билан кўтаринки руҳда нишонлаётган Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигига эришган сана барча юртдошларимиз соғиниб кутадиган, бир-бирини табриклаш, бир-бирига юрагидаги энг илиқ сўзларни изҳор этишга шошиладиган энг улуғ ва энг азиз байрамга айланганлиги барчамизга яхши маълум.
Бу йилги байрам ҳар йилгисидан фарқли равишда ўзининг шукуҳи, ютуқ ва фахрланса арзигулик муваффақиятлари билан ажралиб туради.
Байрамгача бўлган даврда дастлаб пилла, кейинчалик ғалла режаларини ортиғи билан бажарган деҳқон ва фермерларимиз дастлабки ютуқларни қўлга киритишди.
Қурувчиларимиз байрам арафасида 149 млрд сўмлик давлат маблағлари ҳисобига 194 та объектни фойдаланишга топширмоқда.
Аҳамиятлиси, мустақиллик даврида энг юқори кўрсаткич, яъни Самарқанд вилоятида 46 та спорт иншооти бунёд этилмоқда. Шунингдек, 56 та мактаб, 16 та касб-ҳунар коллежи, 9 та соғлиқни сақлаш объектида қурилиш ишлари олиб борилди.
Йўл қурилишига ажратилган маблағлар доирасида 136 км масофадаги йўл таъмирланди. Давлатимизнинг алоҳида эътибори туфайли Самарқанд шаҳрининг 49 та кўчаси таъмирланди. Бу ишлар йил охиригача давом этади.
1235 та намунавий уй-жойлардан 1112 таси ўз эгаларига топширилиб, уларнинг сони жами 117 та массивда 5600 тага етди.
Иштихон, Пастдарғом ва Жомбой туманларида бу йил илк бор ёш оилалар учун “Камолот” уйлари қурилиб, 192 та ёш оила уй-жой билан таъминланди. Йил охиригача Пайариқ, Каттақўрғон ва Самарқанд шаҳарларида ҳам 144 та оилага мўлжалланган кўпқаватли уйлар фойдаланишга топширилади.
Шунингдек, 4 та маданият ва истироҳат боғи, 12 та маданият ва аҳоли дам олиш маскани қад ростлади.
Мамлакатимизда иқтисодиётнинг етакчи бўғинига айланган тадбиркорларимиз томонидан 1258 та кичик, 170 та оилавий ва 11 та қўшма корхона ишга туширилиб, кичик бизнеснинг вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотидаги улуши 72 фоизга етди.
Қадрли байрам иштирокчилари!
Албатта, бу рақам ва муваффақиятлар замирида Муҳтарам Юртбошимиз томонидан кафолатлаб берилган тинчлик ва осойишталик, иқтисодиёт соҳасида узоқни кўзлаб белгилаб берилган қатъий сиёсат турганлигини барчамиз яхши англаймиз.
Шундай қисқа даврда кўз ўнгимизда кечаётган ўзгариш ва янгиланишларни эътироф этаётганимизда “Ким эдигу ким бўлдик?” деган ҳаётий савол туғилиши табиий.
Бу саволни юрагидан ўтказган ҳар бир ватандошимиз кўз ўнгидан ўтган даврдаги қийинчилик ва камситишлар, етишмовчилик ва танқисликлар кино тасмасидек ўтиб, мустақиллик деган буюк неъматни қадрлаб, бугунги кунимизга шукроналар айтмоқдалар.
Азиз юртдошлар!
Азалдан илму маърифат, санъат, маданият ривож топган ва қадрланган Самарқанд замини байрам оғушида янада кўркам ва файзли қиёфа касб этди.
67 та давлат ва 3 та нуфузли ташкилотнинг 400 нафардан зиёд вакиллари ташриф буюрган ўнинчи “Шарқ тароналари” мусиқа фестивали юқори уюшқоқлик ва ташкилотчилик билан муваффақиятли якун топди.
Фестивалнинг тантанали очилиш маросимида Муҳтарам Юртбошимизнинг иштироки ва табриклаганлари жаҳон мусиқа ва санъат вакиллари учун юксак эътибор бўлганлиги, жаҳоннинг етакчи ахборот тармоқлари, халқаро ташкилот вакиллари ва фестивал иштирокчилари томонидан алоҳида эътироф этилмоқда.
Муҳтарам Юртбошимиз ўз сўзларида Самарқанд тўғрисида гапирар экан, “Бу қадимий шаҳарнинг тарихи қанчалик буюк ва шарафли бўлса, унинг бугунги ҳаёти, замонавий қиёфаси ҳам шунга уйғун ва ҳамоҳанг равишда ҳар томонлама обод ва гўзал бўлиб бормоқда”, деб юксак баҳо берди.
Ўз навбатида, фестивалга тайёргарлик жараёни ҳар бир самарқандлик учун синов ва масъулият даври бўлди. Сабаби, қурилиш, ободонлаштириш, безаш ва бунёдкорлик ишларида ҳеч ким четда турмади, соҳаси, касбидан қатъий назар, ўз улушини қўшди.
Фурсатдан фойдаланиб, қўшган салмоқли ҳиссалари учун Самарқанд шаҳри аҳолиси ва жамоатчилигига, вилоятнинг барча корхона ва ташкилотларига миннатдорчилик билдирамиз.
Қадрли самарқандликлар!
Доимо эъзозда бўлга отахону онахонларимиз Муҳтарам Президентимиз томонидан эълон қилинган “Кексаларни эъзозлаш йили”да янада юксак қадрланмоқдалар. Бунга жавобан улар ўзларининг катта ҳаётий тажрибалари билан барчамизга елкадош бўлиш билан бирга дуолари, насиҳат ва йўл-йўриқлари орқали ёшларимиз тарбиясига кўмак беришиб, уларнинг ҳеч кимдан кам бўлмаган авлод бўлиб вояга етишида беқиёс ҳисса қўшмоқдалар.
Ана шундай дуолар ижобати билан яқиндагина Пастдарғом политехника коллежи ўқувчиси Диёра Келдиёрова Босния ва Герцеговина пойтахти Сараевода ўтказилган дзюдо бўйича жаҳон чемпионатида мамлакат тарихида илк бор хотин-қизлар ўртасида жаҳон чемпиони бўлган бўлса, яна бир фарзандимиз Тўрабек Тиркашев спортнинг юнон-рум кураши бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилган мусобақада “Жаҳон чемпиони” деган фахрли унвонни қўлга киритди.
Каттақўрғон шаҳридаги 17-ихтисослашган мактабнинг 8-синф ўқувчиси Жаҳонгир Тўраев Хитойда ўтказилган халқаро математика олимпиадасида 2-ўринни эгаллади.
Бугун вилоят ёшлари ўртасида 17 нафар Президент стипендиати, 223 нафар халқаро олимпиада ғолиблари, спортнинг 43 тури бўйича 375 та олтин медал соҳиблари борлиги эртанги кун эгаларининг нақадар зукко ва интилувчан эканлигидан далолат беради.
Байрам арафасида ҳар йилги анъанага мувофиқ кўп йиллик самарали меҳнати ва юрт равнақига қўшган муносиб ҳиссаси учун бир гуруҳ ватандошларимиз, шу жумладан, вилоятимиз вакиллари ватанимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлдилар.
Каттақўрғон туманидаги “Ҳосил” фермер хўжалиги раҳбари Аваз Ҳосиловга “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони берилиши эса Муҳтарам Юртбошимизнинг Самарқанд халқига юксак эътирофларининг бир намунаси бўлди.
Фурсатдан фойдаланиб барча мукофотланганларни вилоят аҳли номидан табриклаймиз. Уларга янги-янги муваффақиятлар, соғлик-саломатлик ва келгуси ишларига зафарлар тилаймиз.
Ишончимиз комилки, бундай эътибор барча самарқандликларга юксак масъулият юклайди. Масъулиятни шараф билан оқлашда вилоятимиз жамоатчилиги бир жону бир тан бўлиб ҳаракат қилади ва албатта уддалайди.
Азиз самарқандликлар!
Фурсатдан фойдаланиб Сиз, азиз байрам иштирокчиларини, Сиз орқали бутун вилоятимиз халқини Мустақиллигимизнинг 24 йиллиги билан самимий табриклаймиз.
Жаҳонга улуғ саркарда, аллома ва йўлбошчиларни етказиб берган табаррук заминда туриб Яратгандан сўрайлик: “Яхши ният билан ерга барака уруғини қадаган пахтакорларимизнинг хирмонлари залворли ва баракали бўлсин. Дастурхонларимиз тўкин-сочин бўлсин.
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин.
Озод ва обод диёримизга кўз тегмасин”.
Эътиборларингиз учун раҳмат!
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 10
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.