Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимовнинг 8 декабрь Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган тадбирдаги СЎЗИ

Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимовнинг 8 декабрь Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган тадбирдаги СЎЗИ

Самарқанд шаҳри, 2018 йил 6 декабр
Вилоят Ёшлар маркази соат 11.00

Ассалому алайкум, азиз ватандошлар!
Қадрли самарқандликлар!
Бугун қадимий, табаррук шаҳримиздаги ёшлар учун бунёд этилган мана шу муҳташам саройда улуғ байрамни нишонлаш учун йиғилганмиз.
Фурсатдан фойдаланиб байрам қатнашчиларини, бутун вилоятимиз аҳлини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллиги билан чин қалбимдан табриклайман.
Самарқандлик ёшларга эса ушбу кўркам бино муборак бўлсин, бу маскан сизларни доимо фаолликка чорлаб турсин, деймиз.
Кўпчиликка яхши маълум, мазкур Ёшлар маркази биноси бундан 16 йил олдин, Муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан республикада биринчилардан бўлиб қурилган эди. Орадан йиллар ўтиб, Юртбошимизнинг алоҳида эътиборлари билан бино капитал реконструкция қилинди, замонавий шарт-шароит яратилган ҳолда ёшларимизга туҳфа қилинмоқда.
Азиз дўстлар!
Бундан 26 йил аввал мустақил Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилиниши, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиз тарихида янги даврни бошлаб берди, ислоҳотлар стратегиясини амалга ошириш ва миллий давлатчилик пойдеворини қуришда муҳим қадам бўлди.
Ўтган даврда Конституциямиз юртимизда ҳуқуқий демократик давлат, эркин бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни қуриш, халқимиз учун фаровон ҳаёт барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Бош Қомусимиз халқаро ҳужжатлар талабларига тўла мос ҳолда, инсон ва фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини кафолатлаб берди. Инсоннинг маънавий камол топиши ва ҳар томонлама ривожланиши учун зарур шарт-шароит яратди.
Тўғри, бугун дунёдаги деярли барча мамлакатлар ўз Конституциясига эга, лекин бизнинг Бош Қомусимиз бошқа давлат конституциясидан фарқланиб туради. Бу ўринда, аввало, Конституциямизга жаҳон цивилизациясига муносиб ҳисса қўшган буюк аждодларимиз Абу Райҳон Беруний, Абу Наср Форобий, Абу Али ибн Сино, Имом Бухорий, Аҳмад Фарғоний, Бурхониддин Марғиноний, Баҳовуддин Нақшбанд, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур каби алломаларимизнинг инсонни маънавий комилликка чорловчи қарашлари руҳи сингдирилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтсак тўғри бўлади.
Шу асосда Конституциямизда инсон манфаатлари устуворлиги алоҳида кафолатланган. Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши белгиланган.
Бу сиёсат Асосий Қонунимиздаги “Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар”, деб белгиланган қоида талабларига тўла мос келади. Кундалик турмушимизда барча соҳаларда олиб борилаётган ўзгаришлар жараёнида ҳам бу қоида устувор эканлигини ҳаммамиз билиб, сезиб турипмиз. Буни мамлакатимизда муҳтарам юртбошимиз раҳбарлигида халқимизни рози қилиш, шаҳар ва қишлоқларимизни янада обод этиш, одамлар турмуш даражасини яхшилаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларда ҳам кўришимиз мумкин.
Инсоннинг бахтли яшаши учун, энг аввало, эркинлик, тинчлик ва ижтимоий адолат муҳити лозим. Яратганга шукрки, эркимизни қўлга киритганмиз ва мамлакатимизда тинчлик, осойишталик ҳукм сурмоқда.
Мамлакатимизда ижтимоий адолатни тўла қарор топтириш борасидаги саъй-ҳаракатларни ҳаммамиз кўриб, ҳар куни ҳис қилиб турибмиз. “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил ҳаётимизга жўшқинлик бахш этаётир.
Азиз дўстлар!
Хабарингиз бор, яқинда Самарқанд шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумини юксак даражада ўтказдик.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг
70 йиллиги муносабати билан ташкил этилган мазкур тадбир иштирокчилари – нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, экспертлар Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, давлатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни кучайтириш борасидаги ташаббусларини юқори баҳолади.
Энг муҳими, Самарқанд азалдан илм-фан ва маданият бешиги, шу билан бирга, дунё дипломатияси маркази бўлганлигини яна бир бор намоён этди. Форум эса жаҳон инсон ҳуқуқлари амалиётига Самарқанд руҳини олиб кирди десак муболаға бўлмайди.
Форум якунлари бўйича қабул қилинган Самарқанд декларацияси Осиё мамлакатларида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги муҳим вазифалар белгилаб берилган тарихий ҳужжат бўлди.
Азиз дўстлар!
Конституциямизда белгиланганидек, Ўзбекистон халқини миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади. Мамлакатимизда барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.
Самарқанд азалдан кўпмиллатли замин ҳисобланади. Айни пайтда вилоятимизда юздан ортиқ миллат ва элат вакиллари аҳил ҳаёт кечирмоқда. Ўнга яқин миллий-маданий марказлар фаолият кўрсатмоқда. Турли миллат вакилларининг ўз тили, анъана ва қадриятларини асраб-авайлашлари, давом эттиришлари учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Самарқанд асрлар давомида ўз маърифати, бунёдкорлиги билан дунёга танилиб келган. Бу юрт аҳли ҳозирда ҳам барча жабҳалардаги ислоҳатларда фаол қатнашиб, Ватанни севиш ва уни янада қудратли, гўзал қилишда фидокорана меҳнат қилмоқда. Конституциядаги ўз бурчига садоқатли бундай инсонлар билан янги марраларни забт этишмизга ишонаман.
Бугунги тантана иштирокчиларининг кўпчилик қисмини навқирон ёшлар ташкил этаётганлигини кўриб турибмиз. Албатта, ёшларимиз яратилган шарт-шароитдан унумли фойдаланиб, ўзларига билдирилган ишончни янада оқлашлари зарур. Уларнинг фан ва таълим, маданият ҳамда спорт соҳаларида қўлга киритаётган ютуқлари барчамизни чексиз қувонтиради.
Биргина 2018 йилда 4 нафар ёшларимиз республика фан олимпиадасида, 12 нафар спортчи йигит-қизларимиз Осиё, 8 нафари жаҳон чемпионатларида совриндор бўлгани барчамиз учун фахрдир.
Мамлакатимизда инсон шаъни, унинг фидокорона меҳнати юксак қадрланади. Фидокорона меҳнатлари, жонбозлиги туфайли йил давомида 30 нафар юртдошимиз турли давлат мукофотлари билан тақдирланди.
Келинг, фурсатдан фойдаланиб ана шундай жонкуяр ва бахтли инсонларни бир олқишлаб қўяйлик.
Қадрли юртдошлар!
Мамлакатимиз равнақи йўлида меҳнат қилаётган, интеллектуал қобилияти ва самарали меҳнати билан барчага ибрат бўлаётган Сиз азизларни, Сизларнинг тимсолингизда бутун вилоятимиз аҳлини Конституциямизнинг 26 йиллиги билан яна бир бора табриклайман.
Сизларга оилавий бахт ва мустаҳкам соғлиқ тилайман.
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин. Озод ва обод диёримизга ҳеч қачон кўз тегмасин.
Байрамингиз муборак бўлсин!


Киритилган вақти: 11/12/2018 12:08.   Кўрилганлиги: 1776
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/uz/press/governor_speeches/samarqand-viloyati-hokimi-vazifasini-bajaruvchi-erkinjon-turdimovning-8-dekabr-ozbekiston-respublikasi-konstitutsiyasi-qabul-qilinganligining-26-yilligi-munosabati-bilan-otkaziladigan-tadbirdagi-sozi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 9

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.