
.
Қадрли устоз ва мураббийлар!
Меҳридарё муаллимлар!
Аввало, Сизларни, Сизларнинг тимсолингизда самарқандлик барча ўқитувчи ва мураббийларни, ўзининг илму салоҳияти, куч-ғайратини, керак бўлса, бутун умрини ёш авлодга таълим-тарбия беришдек энг шарафли ва чин маънода машаққатли ишга бағишлаб келаётган муҳтарам устозларни бугунги улуғ байрам – “Ўқитувчи ва мураббийлар” куни билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Илк бор қўлимизга қалам тутқазиб, хат-савод ўргатган, барчамизга оқ-қорани танитиб, ҳаёт мактабидан сабоқ берган азиз ўқитувчиларимизга таъзим қиламиз.
Халқимиз томонидан айтилган “Дунё иморатларининг энг улуғи мактаб бўлса, касбларнинг энг улуғи ўқитувчиликдир” деган теран маъноли ибора замирида ҳам ҳаётий ҳақиқат, чуқур маъно мужассамдир.
Устоз-мураббий деганда барчамизнинг кўз олдимизда қадрдон мактабимиз, бизга алифбони ўргатган, эзгуликдан сабоқ берган меҳрибон муаллимларимиз сиймоси намоён бўлади.
Ушбу сана кунларида барчамиз учун ибрат намунаси бўлган Сиз каби азиз ва мўътабар зотлар шаънига энг гўзал сўзлар, эзгу тилакларни изҳор этамиз.
Ҳурматли дўстлар!
Бугун фарзандларимизга замонавий билим ва касб-ҳунарларни, хорижий тилларни пухта ўргатаётган, уларни ҳар томонлама камолга етишида беқиёс ҳисса қўшаётган устозларнинг буюк хизматлари Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан юксак қадрланмоқда.
Қолаверса, Муҳтарам Президентимизнинг кеча эълон қилинган фармонларига кўра, бир гуруҳ ўқитувчи ва мураббийлар давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди.
Улар қаторида вилоятимиздан 9 нафар фидойи муаллимларнинг борлиги барчамизга чексиз фахр ва ифтихор бағишлади.
Ана шу юксак шарафга муносиб кўрилган азиз ўқитувчиларимиз бугунги тадбиримизнинг ҳам қадрли иштирокчиси сифатида иштирок этишмоқда.
Уларни яна бир бор юксак давлат мукофотлари билан табриклаймиз.
Ҳурматли юртдошлар!
Бугун мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегияси асосида барча соҳаларда бўлгани каби, таълим тизимида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Муҳтарам Президентимизнинг мазкур соҳага бўлган алоҳида эътиборлари, тизим ходимларига ғамхўрликлари туфайли кейинги икки йилда бир қатор муҳим фармон ва қарорлар қабул қилинди. Таълим тизими тубдан ислоҳ этилмоқда.
Бу ўринда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 14 августда қабул қилинган “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда 5 сентябрдаги “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонларини алоҳида таъкидлаш лозим, деб ўйлайман.
Мазкур ҳужжатлар, таълим сифатини оширишда муҳим вазифалар белгилаб берилгани қаторида, жамият ҳаётида ўқитувчининг ўрни ва ролини ошириш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш тизимини яратгани билан тарихий аҳамият касб этди.
Ана шу ислоҳотларнинг муваффақияти, мамлакатимизнинг дунёдаги ривожланган давлатлар қаторидан ўрин эгаллаши, аввало илм-фан ва таълим-тарбия соҳасининг ривожи билан узвий боғлиқ, десак муболаға бўлмайди.
Айни вақтда юртимизда таълим-тарбия муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўқитувчилар малакасини ошириш, хориж билан илмий-педагогик ҳамкорликни кучайтириш, янги ўқув методикаларини жорий этиш бўйича олдимизда кўплаб долзарб вазифалар турибди.
Қадрли устозлар!
Бугунги кунда вилоят халқ таълими тизимида 1209 та умумтаълим мактаби, 9 та махсус мактаб-интернат, 2 та Меҳрибонлик уйи, 17 та “Баркамол авлод” маркази фаолият юритмоқда.
Ушбу муассасаларда 50 мингга яқин ўқитувчи ва мураббийлар меҳнат қилмоқда. Мустақиллик йилларида 375 нафар мактаб ўқитувчилари давлат мукофотлари билан тақдирланди.
Умумтаълим мактабларини олий маълумотли ўқитувчилар билан таъминлаш мақсадида вилоятимиздаги олий ўқув юртларида сиртқи, кечки таълим шакллари жорий этилди.
Махсус сиртқи бўлимларда кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Бу чора-тадбирлар Нуробод, Қўшработ, Каттақўрғон каби узоқ туманларда ўқитувчи кадрларга бўлган эҳтиёжни қондиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Айни пайтда вилоятимиздаги академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида 8852 нафар ўқитувчи ва мураббийлар ёш авлодга таълим бериш, касб-ҳунар ўргатишда фидойилик кўрсатиб келмоқда.
Кейинги икки йилда мазкур тизимда амалга оширилган ўзгариш ва ислоҳотлар туфайли фарзандларимизга касб-ҳунар ўргатиш бутунлай такомиллашди.
Қадрли дўстлар!
Юртимиз олий таълим тизимида Самарқанддаги олий ўқув юртларининг муносиб ўрни, нуфузи борлигини барчамиз яхши биламиз.
Президентимиз ташаббуслари билан жорий йилда вилоятимизда Самарқанд ветеринария медицинаси институти ва “Ипак йўли” халқаро туризм университетининг ташкил этилиши бу илмий салоҳиятни янада ошириш ва халқаро даражага олиб чиқиш имконини берди.
Бу имкониятдан самарқандлик уч мингга яқин профессор-ўқитувчиларимиз унумли фойдаланишларига ишонамиз ва уларнинг илмий фаолиятларида муваффақиятлар тилаймиз.
Бу ҳақда гапирганда, албатта, барчамиз айни пайтда вилоятимиздаги олий таълим муассасалари шуҳратини ошираётган қадрли академикларимиз – Диамат Абдукаримов ва Саидаҳмад Лақаев номларини ҳурмат билан тилга оламиз.
Уларнинг бой илмий ва ҳаётий тажрибасини кенг тарғиб этиш ва ўрганишни олдимизда турган муҳим вазифалардан бири, деб биламиз.
Бугун ўқитувчилар, устозлар шаънига энг яхши сўзларни айтиб, уларга эзгу ниятларимизни билдирар эканмиз, вилоятдаги 30 та спорт таълими муассасаларида истеъдодли спортчиларни тарбиялаётган, республика ва халқаро миқёсдаги
мусобақаларда Самарқанд вилояти шарафини муносиб ҳимоя қилаётган спортчиларни камолга етказаётган 1057 нафар мураббийларга ҳам миннатдорлик билдирамиз.
Уларнинг фидокорона меҳнатлари туфайли самарқандлик спортчилар яқинда Индонезияда ўтказилган Осиё ўйинларида муваффақиятли иштирок этганларини ҳам барчангиз яхши биласиз.
Фурсатдан фойдаланиб, мураббийларимиз-нинг ҳам ишларига омад тилаб, шогирдлари доим чемпион бўлишларини тилаймиз.
Қадрли устоз ва мураббийлар!
Буюк мутафаккир шоир Алишер Навоий устоз ҳақида “Агар шогирд шайхулислом, агар қозидур, агар устоз рози – Тангри розидур” деб таъриф берган.
Ҳаётимизга катта куч бўлиб кираётган янги авлодимизни камол топтиришда ўзининг беминнат хизматларини аямай келаётган Сиз, меҳридарё, қалби қайноқ, азиз устозларни касб байрамингиз билан яна бир бор муборакбод этиб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, хонадонларингизга тинчлик ва файзу барака тилайман!
Эътиборларингиз учун раҳмат!
Самарқанд шаҳри, “Диёра” базмгоҳи,
2018 йил 29 сентябрь, соат 12.00
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 8
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.