
.
Самарқанд шаҳри 2018 йил 21 апрель
“Регистон плаза” меҳмонхонаси соат 10-00
Ассалому алайкум, қадрли дўстлар!
Дўстони азиз, хуш омадед ба форуми тижорати дар Самарқанд!
Раиси вилояти Суғд, мўҳтарам Ражаббой Аҳмадзода!
Сиз бошчилигингизда Суғд вилояти меҳмонларининг Самарқандга дўстона ташрифидан бениҳоя мамнунлигимизни билдираман.
Икки биродар эл вакилларининг шундай қувончли кун, узоқ кутилган, келажакдаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлайдиган учрашув муносабати билан чин кўнгилдан муборакбод этаман!
Марҳабо, ба сайқали рўйи замин, ба Самарқанди кўҳанбунёду ҳамеша навжавон!
Азиз дўстлар!
Азал-азалдан бу икки халқ Марказий Осиёда ёнма-ён, елкама-елка туриб, қуда-анда, ёру биродар, қариндош-уруғ, қондошу-жондош, маслакдош, ҳамнафас ва ҳамқадам бўлиб яшаб келган.
Тарихий манбаларда келтирилганидек, бу дўстона муносабат ибтидоси мелоддан аввалги асрларга бориб туташади.
Халқларимизнинг тил жиҳатидан фарқини айтмасак, бошқа барча томонларимиз – турмуш тарзимиз, кийинишимиз, таомларимиз, мусиқамиз, рақсларимиз, оилавий анъаналаримиз жуда-жуда ўхшаш.
Шу нуқтаи назардан, дунёда икки тил оиласига мансуб миллатларнинг бу қадар бир-бирига яқинлашиб кетганлиги учрамаса керак.
Эътироф этиш керакки, охирги йилларда ўртадаги расмий муносабатларда сусайиш кузатилган эди.
Шундай бир шароитда, Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг оқилона сиёсатлари самараси ўлароқ қўшни давлатлар билан ўзаро алоқалар янада мустаҳкамланди.
Хусусан, 26 йил деганда биринчи маротаба Президентимизнинг яқинда Душанбе шаҳрида Муҳтарам Имомали Раҳмон билан бўлиб ўтган тарихий учрашуви икки халқнинг барча соҳада ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқди.
Учрашув давомида узоқ муддатли ўзаро муносабатларни янада ривожлантиришга, ҳамкорликнинг барча йўналишлари, жумладан савдо-иқтисодий ҳамкорликни изчил ва жадал суръатларда ривожланишга алоҳида эътибор қаратилди.
Бунинг амалий натижаси ўлароқ, ишбилармонлар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатилди, Душанбе ва Тошкентда қўшма бизнес-форумлар ўтказиш анъанага айланди.
Мамлакатларимиз Савдо-саноат палаталари ўртасида “Тожикистон – Ўзбекистон” ишбилармонлар кенгаши тузилиб, ташриф доирасида унинг биринчи йиғилиши ўтказилди.
Азиз дўстлар!
Шуни таъкидлаб ўтишим керак, Ўзбекистонлик делегация аҳзоларининг Душанбеда ниҳоятда меҳмонновозлик, ҳурмат ва эътибор билан кутиб олинди.
Мазкур ташрифда ўзим ҳам иштирок этдим. Сафаримиз давомида тожик халқи ўзининг президенти Имомали Рахмон жаноби олийларига, шу билан бирга муҳтарам президентимиз Шавкат Миромоновичга бўлган чексиз ҳурматини кўриб, гувоҳи бўлдим.
Бу учрашувнинг орзиқиб кутилганлиги одамларнинг юзидан, улардаги самимийлик ҳамда очиқ чеҳраликдан яққол сезилиб турарди.
Қадрли дўстлар!
Бугунги бизнес форумимиз юқорида таъкидланган дипломатик муносабатларнинг мантиқий давоми ва амалий натижаси ҳисобланади.
Бугунги бизнес форумнинг асосий мақсади икки давлатнинг умумий транспорт-коммуникациявий имконияти ва транзит салоҳиятидан тўла фойдаланиш орқали ўзаро товар айланмаси ҳажмини сон ва миқдор жиҳатидан ошириш, саноат маҳсулотлари миллий кўргазмасини ташкил этиш ҳисобига тадбиркорларимиз ўртасида кооперация алоқаларини мустаҳкамлашдан иборат.
Форум доирасида иштирокчилар учун икки мамлакатда инвесторлар учун яратилаётган шароит, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, солиқ ва божхона имтиёзлари ҳақида муҳим маълумотлар берилиб, мавжуд иқтисодий имкониятлар тақдимоти ўтказилади.
Айни пайтда Самарқанд вилоятида хорижий сармоя иштирокида 316 та корхона фаолият кўрсатаётган бўлса, тожикистонлик сармоядорлар иштирокида яқингача бундай корхоналар тузилмаган эди.
Ўтган йил якуни билан Самарқанд вилоятидан қўшни Тожикистон давлатига 9,5 млн. долларлик маҳсулотлар экспорти амалга оширилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични кескин ошириш кўзда тутилган.
Жумладан, тадбиркорларимиз қўшни Тожикистонга гилам ва гилам маҳсулотлари, электротехника воситалари, минерал ва кимёвий ўғитлар, қишлоқ хўжалик ва бошқа маҳсулотлар етказиб беришмоқда.
Бу борада ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма корхоналар ташкил этиш, экспорт-импорт операциялари ҳажмини ошириш мақсадида икки вилоятнинг Савдо-саноат палаталари қошида савдо уйларини ташкил қилиш масаласи долзарб аҳамият касб этади.
Шунингдек, маданий-гуманитар ҳамкорлик борасида, илмий муассасалар, ўқув юртлари, оммавий ахборот воситалари, ижодий ва спорт жамоалари, ёшлар ва хотин-қизлар ташкилотлари, касаба уюшмалари ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйишимизни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Жумладан, Президентларимиз томонидан ўзбек тилини Тожикистонда, тожик тилини Ўзбекистонда ўрганиш ва ўргатишни такомиллаштириш, ўқув ва бадиий адабиётлар, даврий ва илмий нашрлар билан ўзаро алмашув, икки мамлакатнинг мумтоз адабиёт вакиллари ва замонавий муаллифлари асарларини таржима қилишга алоҳида эътибор қаратдилар.
Таълим ва фан соҳасида ўзаро муносабатларни, шу жумладан, икки мамлакат олий ўқув юртлари ва фанлар академиялари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш зарур.
Бир сўз билан айтганда, Самарқанд ва Суғд вилоятлари вакиллари иштирокидаги бизнес-форум ўзаро иқтисодий-ижтимоий алоқаларни ривожлантиришдаги янги имкониятларни яратди.
Дўстим, касбдошим, Ражаббой Аҳмадзода билан ушбу ташрифдан ниҳоятда катта натижаларни кутаяпмиз.
Ташриф давомида В2В форматда бир қатор келишув ва меморандумлар, экспорт-импорт шартномалари имзоланади.
Биз, раҳбарлар эса, ўзаро ҳамкорлик қиламан деган барча тадбиркорларни қўллаб-қўвватлаймиз ва уларни фаолиятини йўлга қўйишларида шахсан кафил бўламиз.
Муҳтарам тадбир иштирокчилари!
Дунёнинг аксарият минтақаларида ўзаро келишмовчиликлар, ахборот хуружи авж олган бир пайтда Муҳтарам Президентларимиз бошлаб берган илиқ муносабатлар туфайли ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатликка асосланган қўшничилик алоқалари мустаҳкамланмоқда.
Келинглар, бизу Сизга ана шундай ширин ва ёқимли онларни ҳадя этган, иккала халқ ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқаётган давлатларимиз раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмонга чин дилдан раҳмат айтайлик.
Ўзбек ва тожик халқларининг “Ҳовли олма, қўшни ол”, “Ҳамсояи хуб – атои Худо” каби пурмаъно мақоллари замирида яхши қўшничилик фазилатлари акс этган.
Ўйлайманки, бугунги бизнес-форум доирасидаги учрашув ва мулоқотлар тарихий аҳамият касб этиб, анъанага айланади.
Рухсатингиз билан, Бизнес форум ишини очиқ деб эълон қиламан ва унинг иштирокчиларига сиҳат-саломатлик, ишларида муваффақият тилайман.
Фурсатдан фойдаланиб, азиз меҳмонларни Самарқанднинг тарихий-маданий ва муқаддас қадамжоларини зиёрат қилиб, маданий хордиқ чиқаришга таклиф этамиз.
Яна бир бор Самарқандга хуш келибсиз, деймиз!
Бори дигар ба Самарқанд хуш омадед!
Спасибо за внимание!
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 12
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.