
9 май – Хотира ва қадрлаш куни куни муносабати билан ўтказиладиган байрам тадбирида вилоят ҳокими Ҳ.Оқбўтаевнинг ТАБРИК СЎЗИ
Самарқанд шаҳри 2017 йил 6 май
Ассалому алайкум, ҳурматли меҳмонлар, азиз тадбир иштирокчилари!
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда тинчлик-осойишталик, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик мустаҳкам қарор топди. Натижада катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, меҳр-оқибат туйғулари одамлар қалби ва шууридан янада чуқур жой олди.
Ўз навбатида аждодлар хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, бугун сафларимизда юрган, элу юрт тинчлиги ва равнақи йўлида хизмат қилган кексаларни эъзозлаш маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди.
Бундан 21 йил олдин 9 май – Ғалаба кунига юртимизда Хотира ва қадрлаш куни деб ном берилгани ҳам нақадар тўғри иш бўлганини ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб бермоқда.
Чунки хотира – ўтганларни эслатиб туради, ўзликни англатади. Қадр – инсонни улуғлайди, жамиятни безайди. Хотира ва қадрлаш куни мазмун-моҳиятида ана шундай эзгу тамойиллар мужассам.
Бу фахрланишга арзигулик гаплар биринчи галда мамлакатимиздаги тинчлик ва барқарорлик туфайли. Бироқ тинчлик, осудаликни сақлаш, тинч кунларда фаровон яшашнинг ўзи бўлмайди.
Тинчлик осмондан тушмайди. Бу кунларга осонлик билан эришмадик!
Шу маънода, фашизм устидан қозонилган ғалаба юртимиз ва халқимиз учун нақадар қимматга тушганини бугун юртимизда яшаётган ҳар қайси одам чуқур англаши, қалбидан ўтказиши шарт ва зарур.
Негаки, ўша пайтда Ўзбекистонда 6,5 миллион халқ яшаган бўлса, урушда 1,5 миллиондан кўпроқ одам қатнашган. Бу барча эркаклар, мардларимиз қўлига қурол олиб фашизмга қарши чиққанидан далолат беради.
Қадрли тадбир иштирокчилари!
Халқимиз Иккинчи жаҳон урушининг оғир ва таҳликали даврида кунни – кун, тунни – тун демасдан, машаққатли меҳнат қилиб, фронт учун, ғалаба учун муносиб ҳисса қўшганлигининг ўзиёқ ўтганларни хотирлаш, бугунги кунимизнинг қадрига етишни тақозо қилади.
Оддий мисол. Уруш бошланиши билан фронт ҳудудларидан 1 миллионга яқин оила ва болаларни Ўзбекистонга кўчирилган. Ўзи базўр яшаб турган халқимиз уларнинг барчасига нафақат бошпана берган балки охирги бир бурда нонини ҳам улар билан баҳам кўрган.
Шу биргина мисол халқимизнинг одамийлиги ва маънавий қадриятларини, меҳр-оқибат ва олижаноблигини кўрсатиб турибди. Ўз навбатида биз матонатли ва жасур аждодларнинг ворислари эканлигимизни яна бир бор исботлайди.
Бундан ташқари, бешафқат урушда, жанг майдонларида қурбон бўлган ота-боболаримиз қандайдир тепалик ёки қандайдир “улуғ доҳий” учун эмас, аввало, ўз юрти, ота-онаси, севган ёри, фарзандлари учун жон берган. “Қани энди, юртимни, ўзимнинг азизларимни яна бир бор кўрсам”, деб ҳаётдан кўз юмган. Мана шундай ўз юртини севиш, бетакрор она Ватанига садоқатли бўлиш, ҳеч шубҳасиз, халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган фазилат.
Бунинг яна бир исботини Самарқанд шаҳрининг марказида барпо этилган Хотира майдони урушдан қайтмаганларни эслаш, уларнинг хотираси олдида бош эгиш учун келган ёшу қарилар ва чет эллик меҳмонлар билан гавжум бўлганида кўриш, кузатиш мумкин.
Бундан ташқари, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан мамлакатимизда қандай кенг кўламли, катта чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жаҳоннинг турли минтақа ва ҳудудларида қарама-қаршилик ва зиддиятлар, қонли можаролар, халқаро терроризм, экстремизм каби хавф-хатарлар тобора кучайиб бормоқда
Биз бугун, ҳақиқатан ҳам, қандай гўзал, бетакрор заминда яшаяпмиз. Ҳозирги ҳаётимизни кечаги кунимиз билан солиштирадиган, қиёслайдиган бўлсак, ўйлайманки, орамизда Ватанимизнинг бугунги тараққиёти билан фахрланмайдиган, буни қадрламайдиган одамнинг ўзи йўқ, десам, адашмаган бўламан.
Олдимизда турган энг устувор вазифалар ҳақида гапирадиган бўлсак, энг муҳими, барчамизнинг бошлаган ишларимизнинг давомчиси бўлган, барча масъулиятимизни ўз зиммасига олишга қодир бўлган фарзандларимиз – ёшларимиз, янги авлодларимизга равон йўлларни очиб беришга эътиборимизни янада кучайтиришимиз зарур ва уларни ҳар қандай бало-қазолардан асрашимиз керак.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 13
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.