
Вилоятнинг асосий байрам тантаналари Самарқанд шаҳридаги “Мўъжиза” амфитеатрида бўлиб ўтди Бу ерга давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари турли соҳа илғорлари нуронийлар ва ёшлар йиғилишди
Тадбир иштирокчиларининг бир гуруҳи дастлаб “Сўғдиёна” истироҳат боғининг очилиш маросимида қатнашдилар. Бу ерда катталар ва болалар учун 15 га яқин аттракцион қурилмалари ўрнатилган. Ҳордиқ чиқарувчиларга қулайлик яратиш мақсадида учта кафе иш бошлади. Болалар шаҳарчаси, 1100 ўринли амфитеатр, иккита сунъий қопламали футбол майдони ҳамда болалар сузиш ҳавзаси боққа ташриф буюрувчилар учун қўшимча имкониятларни тақдим этади.
“Мўъжиза” амфитеатридаги тадбир аввалида вилоят ҳокими З.Мирзаев вилоят аҳлини Мустақиллигимизнинг 23 йиллиги билан муборакбод этди.
Вилоят ҳокими қайд этганидек, юртимизда байрам ва қутлуғ саналар кўп, аммо мустақиллик айёми ҳаётимизда тутган ўрни ва аҳамияти билан юксак қадрга эга. Бу қутлуғ айём арафасида истиқлол йилларидаги ижобий ўзгаришлар, янгиланиш ва эришилаётган муваффақиятларни сарҳисоб қилар эканмиз, “Ким эдигу, ким бўлдик?” деган табиий саволнинг жавоби ойдинлашади.
Кейинги йилларда амалга оширилган бетимсол ишлар беихтиёр кўз ўнгимизда гавдаланиб, “Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” деган сўзлар қалбимиз изҳорига айланади.
Кейинги йилларда аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишнинг энг муҳим манбаларидан бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада белгиланган Давлат дастурининг изчил ижро этилиши натижасида вилоят ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида соҳа вакилларининг улуши 71 фоиздан кўпроқни ташкил қилаётир.
Қишлоқ хўжалигини тубдан ислоҳ қилиш борасидаги ишлар натижасида фермерлик ҳаракати соҳанинг ҳал қилувчи кучига айланиб, ғалланинг 87, мева ва сабзавотнинг 64, бошқа озиқ-овқат маҳсулотларининг 71,2 фоизи мазкур тармоқ субъектлари томонидан етиштирилмоқда.
Қурилиш ва бунёдкорлик соҳасида биргина жорий йилнинг ўтган даврида 1 триллион 400 миллиард сўмлик капитал маблағлар ўзлаштирилиб, 66 та таълим, 12 та тиббиёт, 17 та болалар спорти объектлари, 121 та бошқа соҳаларга тегишли объектлар янгитдан қурилди, капитал ва жорий таъмирланди.
Тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шифо масканларининг малакали мутахассислар ва замонавий ускуналар билан таъминланиши самараси ўлароқ бугун 34 турдаги мураккаб жарроҳлик операциялари Самарқандда амалга оширилмоқда.
Вилоят ёшлари орасида 62 нафар номдор стипендиат, 25 нафар жаҳон чемпиони, 60 нафардан ортиқ Осиё чемпиони, 25 нафар халқаро ва республика фан олимпиадалари ғолиблари, 200 нафардан ортиқ турли кўрик-танлов совриндорлари борлиги эртамиз эгаларининг камолотига қаратилаётган эътибор натижасидир.
Жамият ҳаётидаги бундай ўсиш-ўзгаришларда, юксалиш жараёнларидаги муносиб иштироки, эришилаётган натижаларга қўшган ҳиссаси учун давлатимиз мустақиллигининг 23 йиллиги арафасида вилоятдан 27 киши Президентимизнинг фармонига кўра, давлатимизнинг юксак унвон, орден ва медаллари билан тақдирланди.
Байрам тантанаси қатнашчилари кўнгил хотиржамлиги, ўтаётган кунларга шукрона ҳисси билан дастурни томоша қилишди.
Юртимиз тарихи, халқимиз ҳаётида алоҳида аҳамиятга эга бўлган мазкур қутлуғ сана вилоятнинг барча шаҳар-у қишлоқларида кенг миқёсда катта шодиёналар билан нишонланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 9
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.