Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Самарқанд вилоят Мактабгача таълим бошқармаси

Самарқанд вилоят Мактабгача таълим бошқармаси

Самарқанд вилояти мактабгача таълим бошқармаси тўғрисида
Низом

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5198-сон Фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-3305-сон Қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги тўғрисидаги Низомга мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, Самарқанд вилояти мактабгача таълим бошқармасининг (кейинги ўринларда бошқарма деб юритилади) ҳуқуқий мақомини, асосий вазифалари ва функцияларини, ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини, шунингдек фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Бошқарма Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг тузилмавий бўлинмаси ҳисобланиб, Самарқанд вилояти бўйича мактабгача таълим тизимини такомиллаштириш ва янада ривожлантириш ишларини ташкил этиш ва юритиш бўйича бошқарув органи ҳисобланади.

3. Бошқарма Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигига бўйсунади ва ҳисобот беради.

4. Бошқарма ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Мактабгача таълим вазирлигининг буйруқ ва ички меъёрий ҳужжатларига, Мактабгача таълим вазирлиги ҳайъати баённомаси қарорлари, ушбу Низомга, шунингдек бошқа қонун ҳужжатларига асосланиб амалга оширади.

5. Бошқарма ўз фаолиятини давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, шунингдек, қонунчиликда ўрнатилган тартибда Мактабгача таълим вазирлиги билан келишган ҳолда хорижий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамда бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.

6. Бошқарма туман, шаҳар мактабгача таълим бўлимлари ҳамда тасарруфидаги барча мактабгача таълим муассасалари фаолияти устидан умумий раҳбарликни амалга оширади, болалар таълим-тарбиясининг сифати, мактабгача таълимга қўйиладиган давлат талаблари ва мактабгача таълим дастурларини ўзлаштириш эҳтиёжларини ривожлантириш учун масъул ҳисобланади.

7 .Бошқарма юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг давлат герби тасвири ва ўз номи туширилган муҳр ва бланкларга, мустақил балансига, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ғазначилигининг ҳудудий бўлинмаларида шахсий ғазна ҳисоб варағига эга бўлади.

8. Бошқарманинг юридик манзили (почта манзили): Самарқанд вилояти, Самарқанд шаҳри, Амир Умархон кўчаси, 23-уй, индекс:170100. 

2-боб. Бошқарманинг вазифалари ва функциялари 

9. Бошқарманинг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

  • ваколатидан келиб чиқиб, Самарқанд вилояти ҳудудида мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга қаратилган ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;
  • мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш орқали улар орасида соғлом рақобат муҳитини яратиш, мактабгача таълим-тарбиянинг муқобил шаклларини ташкил этиш ҳисобига барча болаларнинг мактабгача таълим муассасаларига босқичма-босқич қамраб олинишини таъминлаш;
  • илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда мактабгача ёшдаги болаларни ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш;
  • мактабгача таълим муассасаларида замонавий инновацион педагогик технологияларни, таълим ва тарбиянинг самарали шакллари ҳамда усулларини таълим-тарбия жараёнига жорий этиш;
  • мактабгача таълим муассасалари педагог ва тарбияланувчиларини миллий маданий-тарихий қадриятларни акс эттирувчи ва болаликдан китоб ўқишга қизиқишни уйғотувчи ўқув-методик, дидактик материаллар, ўйин ва ўйинчоқлар, бадиий адабиётлар билан таъминлаш;
  • бошқарма тизими фаолиятига оид газета ва журналлар чиқарилишини, тегишли рухсатномалар, бланкалар, соҳага тегишли ўқув-методик мажмуалар, бюллетень ва ўқув қўлланмалар чоп этилишини ҳамда веб-сайт юритилишини Мактабгача таълим вазирлиги билан келишган ҳолда ташкил этиш;
  • мактабгача таълим муассасаларини касбий жиҳатдан пухта тайёрланган тажрибали, замонавий педагогик технологиялар ва методларни ҳисобга олган ҳолда болаларни тарбиялаш ва ҳар томонлама ривожлантириш масалаларини профессионал даражада ҳал этишга қодир бўлган малакали кадрлар билан таъминлаш;
  • педагог ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш жараёнини самарали ташкил этиш, бунда замонавий педагогик ва ахборот технологияларидан, илғор хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасидан фойдаланиш;
  • мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларининг рационал ва белгиланган меъёрлар асосида соғлом ва тўғри овқатланишини таъминлаш учун зарур шароитлар яратиш;
  • мактабгача таълим муассасаларида кўнгилочар ва билим берувчи машғулотлар элементлари бўлган, ҳажмлари ва интенсивлиги асосий тиббий тақдимномалар билан белгиланувчи серҳаракат ўйинлар ва машқлар уюштирилишини ташкиллаштириш;
  • ҳудудий соғлиқни сақлаш органлари билан биргаликда мактабгача таълим муассасаларида болаларга тиббий хизмат кўрсатиш ҳамда уларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш бўйича профилактика чора-тадбирларини амалга оширилишини мувофиқлаштириш;
  • мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш;
  • мазмун ва сифат жиҳатидан замонавий талабларга жавоб берадиган, илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда, ўқув
    ва ўқув-методик адабиётларнинг янги авлодлари яратилиши ва нашр этилишини ташкил этиш;
  • мактабгача таълим муассасаларида давлат талабларининг бажарилиши устидан тизимли равишда мониторинг юритиш.

10. Бошқарма ўзига юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

  • мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, туман, шаҳар мактабгача таълим бўлимлари, мактабгача таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш ва уларга методик раҳбарлик қилиш орқали ҳар жиҳатдан самарали замонавий бошқарувни ташкил этиш;
  • бошқарма тизимига кирувчи ҳудуддаги барча мактабгача таълим муассасаларини келгусида режалаштириладиган ишларини прогнозлаштириш, улар билан биргаликда соҳани ривожлантиришнинг маҳаллий комплекс дастурларини ишлаб чиқиш;
  • бошқарма тизимидаги туман, шаҳар мактабгача таълим бўлимлари ҳамда мактабгача таълим муассасаларига кирувчи ташкилотларда бухгалтерия ҳисоби
    ва ҳисоботи юритилишини ҳамда мол-мулк сақланишини, ҳисобга олинишини
    ва ҳисобдан чиқарилишини таъминлаш, етказилган моддий зарарни ундириш чораларини кўриш;
  • бошқарма тизимига кирувчи ташкилотларнинг бухгалтерия ҳисоботларини, балансларини кўриб чиқиш, умумлаштириш, йиғма баланслар тузиш ва уларни тегишли органларга тақдим этиш;
  • мактабгача таълим муассасалари бино ва иншоотларидан фойдаланишни мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш;
  • бошқарма мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга қаратилган ягона давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, уларни рўёбга чиқариш механизмлари бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирлигига киритиш;
  • мактабгача таълим тизимида тарбияланувчиларнинг билими ва
    маънавий-ахлоқий даражасини янада юксалтириш мақсадида ушбу йўналишда жамоатчилик ва ота-оналар фикрини ўрганишни ташкил қилиш;
  • мактабгача таълимнинг афзалликлари ва муҳимлигини жамоатчиликка хусусан кенг аҳоли қатламига етказишда тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этиш;
  • фуқароларни қабул қилишни ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилиши ҳамда ҳал этилишини таъминлаш;
  • туман, шаҳар мактабгача таълим бўлимлари, мактабгача таълим муассасалари фаолиятини аҳволини қиёсий таҳлил қилиш, уларни ривожлантириш тенденцияларини белгилаш;
  • мактабгача таълим тизимига оид ишлаб чиқилган ва тасдиқланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалиётга татбиқ этиш, ижроси юзасидан идоравий назоратни амалга ошириш;
  • бошқарма тизимига кирувчи мактабгача таълим муассасалари томонидан мактабгача таълимга қўйиладиган давлат талаблари ҳамда педагогларга қўйилган малака талабларининг бажарилишини назорат қилиш;
  • мактабгача ёшдан бошлаб болалар онгига миллий маданий-тарихий қадриятлар, анъаналар ва урф-одатларни сингдиришда маънавий-аҳлоқий ишларни олиб борилишини мувофиқлаштириш;
  • мактабгача таълим муассасаларида тарбияланувчиларнинг интеллектуал, ҳуқуқий, эстетик, экологик, жисмоний томондан таълим-тарбиясини ривожлантириш бўйича улар ўртасида ижодий ишлар, кўргазмалар, кўрик-танлов ва мусобақалар ташкил этиш;
  • болаларнинг қизиқиш ва интилишини ҳисобга олган ҳолда иқтидорли тарбияланувчиларни аниқлаш ва уларнинг иқтидорини ривожлантириш бўйича  психологик-педагогик ва ташкилий шарт-шароитлар яратилишини назорат қилиш;
  • мактабгача таълим муассасалари бино ва иншоотларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва куз-қиш мавсумига тайёргарлиги билан боғлиқ ишларни мувофиқлаштириш, уларнинг жорий ҳолати тўғрисидаги маълумотларни таҳлил қилиш, инвестиция дастури доирасида мактабгача таълим муассасалари объектларида амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари устидан мониторинг олиб бориш;
  • мактабгача таълим муассасаларини жиҳозлаш (қайта жиҳозлаш) бўйича ҳар йилги дастурлар ишлаб чиқилишида қайта жиҳозланаётган таълим муассасаларининг жиҳозларга бўлган эҳтиёжини аниқлаш ва ўрнатилган тартибда таклифлар киритиш;
  • бошқарма қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам бажариши мумкин. 

3-боб. Бошқарманинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари 

11. Бошқарма ўзига юкланган вазифа ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

  • туман, шаҳар мактабгача таълим бўлимлари, мактабгача таълим муассасаларидан уларнинг ваколатларига кирувчи масалалар бўйича ҳужжатлар, статистик маълумотлар, таҳлилий материаллар, хулосалар ва бошқа ахборотларни олиш;
  • бошқармага юклатилган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ ҳужжатларни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирлигига киритиш;
  • мактабгача таълим тизимига оид масалаларни ҳал этиш, таълим муассасалари фаолияти ишларини такомиллаштириш, уларнинг ўқув-методик ва моддий базасини мустаҳкамлаш, юқори касбий даражага эга бўлган малакали педагог кадрлар билан таъминлаш юзасидан таклифларни Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирлигига киритиш;
  • мактабгача таълим тизимини ривожлантиришда ўзининг самарали ҳиссасини қўшган педагоглар ва раҳбар кадрларни рағбатлантириш ва мукофотлашга тавсия этиш;
  • ўз ваколати доирасидаги кирадиган масалалар бўйича методик материаллар 
    ва тавсиялар ишлаб чиқиш;
  • бошқарма ваколатига кирувчи масалалар бўйича тизимдаги ташкилотлар ва мактабгача таълим муассасалари ҳисоботларини эшитиш ва муҳокама қилиш;
  • мактабгача таълим муассасалари томонидан таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бажарилишини белгиланган тартибда назорат қилиш ҳуқуқларига эгадир.

Бошқарма қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

12. Бошқарма қуйидагиларга мажбур:

  • амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини, Мактабгача таълим вазирлиги вазирлиги ҳайъати баённомаси қарорларини, меъёрий ҳужжатларини ўз вақтида, қатъий ва самарали бажаришга;
  • ўзига юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беришга;
  • ўз фаолияти тўғрисида очиқ ахборотлар билан танишиш эркинлигини таъминлаш;
  • қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли давлат органларига ўз фаолияти тўғрисида ҳисоботлар тақдим этиш.

Бошқармага қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.

4-боб. Бошқарма фаолиятини ташкил этиш

13. Бошқармага Самарқанд вилоят ҳокимининг тавсиясига кўра Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган бошқарма бошлиғи раҳбарлик қилади. Бошқарма бошлиғи тавсиясига кўра Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган бошқарма бошлиғи ўринбосари фаолият кўрсатади.

14. Бошқарма бошлиғи:

  • бошқарма фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади ҳамда бошқармага юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан масъул ҳисобланади;
  • Самарқанд вилояти ҳудуди бўйича мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга қаратилган ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, мактабгача таълимни ҳар томонлама ривожлантириш ҳамда бошқармага юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилишини назорат қилади;
  • бошқарма масъул шахсларининг ваколатларини белгилаш, улар ўртасида вазифаларни тақсимлаш, бошқарма тизимидаги бошқа мансабдор шахсларнинг ваколатларини, идоравий мансуб ташкилотлар ва муассасалар ишлари учун жавобгарлик даражасини белгилайди;
  • бошқарма масъул шахсларининг ваколатларини, бошқарма тасарруфидаги таълим муассасалари фаолиятлари йўналишлари бўйича жавобгарлик даражасини белгилайди;
  • қабул қилинган қарорлар, буйруқлари ижроси таъминланиши устидан умумий назоратни амалга оширади;
  • ўз ваколатлари доирасида буйруқлар чиқаради, уларнинг ижро этилишини ташкил этади ва назорат қилади;
  • бошқарма ваколатидаги кадрлар ва бошқа муассасалар раҳбарларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;
  • бошқарма тасарруфидаги таълим муассасалари ходимларини белгиланган кадрлар номенклатурасига мувофиқ лавозимга тайинлайди ва лавозимидан озод қилади;
  • бошқарма бошлиғи ўз ваколати доирасида амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам бажариши мумкин.

5-боб. Бошқармани молиялаштириш ва ходимларини моддий рағбатлантириш

15. Бошқарма моддий-техник таъминоти ва ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади

16. Бошқарма фаолияти давомида ходимларни моддий ва маънавий рағбатлантириш ҳамда ижтимоий муҳофаза қилишни амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.

17. Бошқарма ходимларининг иш ҳақи амалдаги қонун ҳужжатларига, штатлар жадвалига асосан харажатлар сметасида назарда тутилган лавозим маоши, мукофотлар, қўшимча ҳақ ва устамалар, рағбатлантириш тўловлари, шунингдек моддий рағбатлантириш ва моддий ёрдам тўловларидан иборат бўлади.

6-боб. Якунловчи қоида

 18. Бошқармани қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


Охирги ўзгариш: 13/06/2018 10:56.   Кўрилганлиги: 431
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/regional_government/tashkilotlar_nizomlari/samarqand-viloyat-maktabgacha-talim-boshqarmasi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 13

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг