Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ДЕКЛАРАЦИЯСИ: ЗАМОНАВИЙ ТАҲДИДЛАР ВА РЕАЛ ВОҚЕЛИК

ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ДЕКЛАРАЦИЯСИ: ЗАМОНАВИЙ ТАҲДИДЛАР ВА РЕАЛ ВОҚЕЛИК

Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми ўз ишини давом эттирмоқда.

Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми ўз ишини давом эттирмоқда.

Форумда миллий ва хорижий экспертлар, парламент ва суд тизими, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ҳисоботлар тақдим этиш ва кейинги ҳаракатлар бўйича давлат мувофиқлаштириш органлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, фуқаролик жамияти ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, шунингдек, халқаро ва минтақавий ҳукуматлараро ташкилотларнинг 500 дан зиёд вакиллари иштирок этмоқда. Шунингдек, мазкур халқаро тадбирда Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистон, Арманистон, Грузия, Озарбайжон, Россия, Мўғулистон, Хитой, Ҳиндистон, Эрон каби дунёнинг қатор мамлакатларидан қатнашчилар ташриф буюрган. Биз форум давомида иштирокчилар фикри билан қизиқдик.

Майкл МЁЛЛЕР, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг ўринбосари, БМТнинг Женева шаҳридаги бўлинмаси бош директори:

– Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси инсоннинг шахсий, иқтисодий, ижтимоий, сиёсий маданий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва кафолатлашга қаратилган ҳуқуқий ҳужжатдир. Дунёда бундан бошқа энг кўп тилга таржима қилинган, қонун ва бошқа ҳуқуқий меъёрий ҳужжатларга асос бўлган, давлатлар қўшилган ҳужжат йўқ. Чунки, унда сайёрамизда яшаётган ҳар бир инсоннинг, у қаерда туғилгани, яшаётгани, қайси миллатга мансублиги, қандай тилда суҳбатлашиши, диний эътиқодидан қатъий назар, бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга эканлиги белгиланган. Ўзбекистон Республикаси ҳам БМТнинг бошқа ҳужжатлари қаторида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида белгиланган нормаларни ҳаётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратади. Президент Шавкат Мирзиёев юритаётган сиёсат, 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси асосида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар марказида ҳам аввало инсон манфаати, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсади турибди. БМТ Ўзбекистоннинг бу борада сиёсатини қўллаб-қувватлайди ва бу борада ёрдам кўрсатишга тайёрмиз.

Акмал САИДОВ, инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази раҳбари:

– Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси – давлатимиз мустақилликка эришганидан сўнг қўшилган биринчи халқаро-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Декларациянинг барча асосий принциплари Ўзбекистон Конституциясида ўз ифодасини топган бўлиб, мамлакатимизда, ушбу принципларга амал қилган ҳолда, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни жамият ҳаётига, фуқаролар ва давлат хизматчилари онгига сингдиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”  инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг янги босқичини бошлаб берди. Ҳаракатлар стратегияси БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш бўйича Ўзбекистоннинг “Йўл харитаси” бўлди. Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясининг қабул қилиниши билан инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш, ҳимоя қилиш ва уларга амал қилиш масалалари давлат сиёсатининг ва халқаро ҳамкорлар билан ўзаро алоқаларнинг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Наталья ГЕРМАН, БМТ Бош котибининг махсус вакили, Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари:

– Президент Шавкат Мирзиёевнинг минтақа давлатлари билан фаол ташқи сиёсат олиб бораётгани иқтисодий алоқаларни ривожлантириш билан бирга, тарихан дўст ва қардош бўлган халқларни янада яқинлаштирмоқда. Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан чегараларидан ўтиб-қайтиш режимининг соддалаштирилиши, транспорт-логистика тармоғидаги ҳамкорликнинг кенгайиб бораётгани, аввало, одамлар манфаатига хизмат қилмоқда. Бундан ташқари, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, ушбу мамлакатдаги аҳоли, хусусан, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқ, манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича илгари сурилаётган ташаббусларни ҳам олқишлаш лозим. Шу жиҳатдан Самарқандда ўтаётган мазкур форум тарихий халқаро анжуман бўлиб қолишига ишонаман.

Халқаро тадбирда Парламентлараро иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонгнинг форум иштирокчиларига мурожаати ҳам тингланди.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган Осиё форумининг очилиш маросими якунлангач, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси билан ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Форум давом этмоқда.

Ғолиб ҲАСАНОВ,

Улуғбек ШОНАЗАРОВ,

ЎзА махсус мухбирлари.


Охирги ўзгариш: 28/11/2018 10:04.   Кўрилганлиги: 123
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/regional_government/foreign_relations/inson-huquqlari-deklaratsiyasi-zamonaviy-tahdidlar-va-real-voqelik

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 4

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг