Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Пресс-тур: Ноқонуний қурилишлар ва реклама воситалари шаҳар кўркини бузади

Пресс-тур: Ноқонуний қурилишлар ва реклама воситалари шаҳар кўркини бузади

Кеча, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан журналист ва блогерлар учун Ўзбекистон кўчасидаги ноқонуний қурилишлар ва барча турдаги ташқи реклама воситаларини ўрганишга бағишланган пресс-тур ташкил этилди.

Дастлаб ОАВ вакиллари Ўзбекистон кўчасидаги «Зафар-Шаҳрам-Бунёдкор» МЧЖ ҳамда фуқаро М.Саидова томонидан ноқонуний равишда қурилган кўп қаватли уйлар билан таништирилди.

Мазкур маҳаллада жойлашган 65 ҳамда 67-кўп қаватли уйлар шаҳарнинг тарихий қисми муҳофаза зонасида жойлашганлиги учун шаҳар ҳокимининг қарори билан қурилиши тўхтатилган. Аммо «Зафар-Шаҳрам-Бунёдкор» МЧЖ томонидан 65-уйни белгиланган 15 метр ўрнига 21 метр баланд қилиб қуриш ишлари амалга оширилган. Ҳозирда вилоят иқтисодий судининг 2020 йил 13 январдаги қарорига асосан иморатнинг қўшимча 6 метр баландликдаги қисми бузиб ташланадиган бўлди.

- Фуқаро М.Саидовага шаҳар ҳокимининг қарори билан маҳалла марказини қуриб бериш шарти билан 3 қаватли турар-жой биносини қуришга рухсат берилган эди, - дейди Самарқанд шаҳар ҳокимлиги мутахассиси Феруз Нажмиддинов. - Аммо бу ерда ҳам қонун бузилиш ҳолатлари юз берган. Тадбиркор 3 қават ўрнига 4 қаватли, 24 хонадонли турар-жой биносини бунёд этган. Маданий меърос обеъктларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармасининг ишчи гуруҳи томонидан мазкур уй-жой биноси ҳам Самарқанд шаҳрининг тарихий қўриқланадиган муҳофаза ҳудудида жойлашганлиги сабабли бинонинг умумий баландлигини 11,5 метрдан оширмаслик ҳамда қуриб битказилган 4-қаватни бузиш бўйича қарор қабул қилинган.

Шунингдек, пресс-тур иштирокчилари шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Акрам Эгамов билан шаҳар кўчаларидаги ташқи рекламаларни жойлаштириш ва улардан фойдаланиш тартибларини ўрганишди.

Ҳозирги пайтда ҳудудда шаҳар ҳокимлиги билан тадбиркорлар ўртасида вақтинча тузилган шартнома асосида 373 та билборд, 28 та брэндмаур (биноларнинг девор қисмида ўрнатилган панно), 23 та катта ва 81 та кичик ледмонитор, 13 та призматрон ҳамда 19 та том қурилмалари ўрнатилган. Бугунги кунгача ушбу ташқи реклама воситаларидан 870 миллион сўмдан зиёд йиғимлар келиб тушган.

Аммо айрим тадбиркорлар кўп қаватли уйларнинг деворларига, светофорлар ёнига ва бошқа тақиқланган жойларга белгиланган меъёрлардан катта ҳажмдаги реклама воситаларини ўрнатиб олишган.

- Яқингача шаҳримиз ҳудудида ноқонуний ўрнатилган ташқи реклама воситалари кўпайиб кетганди, - дейди шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Акрам Эгамов. – Жорий йилдан бошлаб тузилган махсус комиссия ёрдамида бу каби реклама воситаларининг қайси ҳудудларда ўрнатилганини аниқлаб, бундай ноқонуний хатти-ҳаракатларни бартараф этиш чоралари кўриляпти. Биз тадбиркорларнинг ўз маҳсулотларини қайси тилда бўлишидан қатъий назар реклама қилишга қарши эмасмиз. Аммо барчасининг қонуний бўлишини истаймиз.

Пресс-тур ташкилотчилари журналистларнинг шаҳар кўчаларидаги дарахтлар, симёғоч, девор ҳамда бекатларга илинаётган турли реклама ва эълонларни тартибга солиш борасидаги саволларига жавоб беришди.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.


Киритилган вақти: 12/02/2020 09:13.   Кўрилганлиги: 36
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/press-releases/press-tur-noqonuniy-qurilishlar-va-reklama-vositalari-shahar-korkini-buzadi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 13

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг