Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ” дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг ижроси бўйича

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ” дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг ижроси бўйича

.

П Р Е С С – Р Е Л И З

Самарқанд шаҳри, 2018 йил 26 апрель

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ дастури тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Обод қишлоқ” дастурини
2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида Самарқанд вилояти ҳокимининг қарори қабул қилинди.

“Обод қишлоқ” дастури қабул қилингандан кейин вилоят фаоллари ва барча жамоатчилик жалб этилган ҳолда, вилоятнинг ҳар бир туманидан 2 тадан шароити оғир қишлоқлар танлаб олинди.

* Жом ва унинг атрофидаги маҳаллаларда 3166 та аҳоли хонадонлари бўлиб, уларда қарийб 25 минг нафар аҳоли истиқомат қилмоқда. Мазкур қишлоқлар инфратузилмасини тубдан яхшилашда, аҳоли учун етарли турмуш шароитларини яратиш ишларида давлат органлари, хўжалик юритувчи ва тадбиркорлик субъектлари, жамоатчилик вакиллари ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Турар-жой фондини тартибга келтириш бўйича:

Ўтган даврда Жом ва Гирдиқўрғон маҳаллаларидаги турар-жой бинолари хатловдан ўтказилди. 663 та турар-жой биноси таъмирталаб эканлиги аниқланди. 469 та турар-жой биноси ўз ташаббуси билан чиққан ҳомийлар ҳисобидан таъмирланди, уйлар ва уларнинг атрофи тўсиқ деворлар билан ўралди. Ҳозирда 194 та турар-жойда таъмирлаш ишлари давом этмоқда.

Аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш мақсадида банк кредитлари ҳисобидан бир сотихлик иссиқхоналар ташкил этилмоқда. Шу кунгача 230 дан ортиқ хонадонларда ана шундай иссиқхоналар қуриш учун хандаклар қазилди. “Томорқа хизмати” томонидан 21 та иссиқхонанинг усти ёпилди, томчилатиб суғориш воситалари ва кўчатлар билан таъминланди.

Турар-жой ҳовлиларида мевали дарахтлар, йўл атрофларига эса туман ўрмон хўжалиги томонидан манзарали дарахт кўчатлари экилди.

Ижтимоий инфратузилмани яхшилаш бўйича:

Жом ва унинг атрофидаги маҳаллаларда 2635 ўқувчи ўрнига эга бўлган мактаблар таъмирдан чиқарилди, таълим муассасаларидаги мебеллар янгисига алмаштирилди. Ҳудудлари ободонлаштирилди, 8000 туп мевали ва манзарали дарахтлар ўтқазилди. 2 та мактабда иссиқхона ташкил этилди.

Қишлоқ оилавий поликлиникаси қурилиши учун бюджетдан маблағ ажратилди, лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланиб, экспертиза хулосаси олинди.

Жомда 2 та янги мактабгача таълим муассасаси қурилиши режалаштирилган эди. Шу кунларда 1 та МТМ биносининг қурилиши тугалланиб, пардозлаш ишлари олиб борилаяпди.

Ҳудуддаги деҳқон бозори тўлиқ бузиб ташланди. Унинг ўрнида замонавий лойиҳалар асосида 420 ўринли деҳқон бозори қурилаяпти. Бозор май ойида фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.

1 та ҳаммом, 3 та автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, 4 та озиқ-овқат дўкони, 2 та автобекат қурилиши давом этмоқда.

Йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини яхшилаш бўйича:

Жом маҳалласида 5,4 км масофада асфальт ётқизиш ва 23,1 км тупроқ йўлларини тош йўлларга айлантириш режалаштирилган эди. Ҳозиргача 23,1 км масофадаги йўлга тош тўкилди, 0,55 км масофада асфальт ётқизилди. Қолган 4,85 км қисмида асфальт ётқизиш ишлари 10 майгача тугатилади.

Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 18,5 км масофадаги сув тармоғи ва 2 та сув иншоотини таъмирлаш, 2 та янги сув иншооти ва 1,2 км масофада сув тармоғи қурилиши режалаштирилган.

Бугунги кунгача 18 км масофага сув тармоғи тортилди, 2 та сув иншооти таъмирланди, 1 та янги сув иншооти қурилиб, ишга туширилди.

Электр таъминотини яхшилаш бўйича 15 та трансформатор, 580 дона бетон устунлар (столба) ўрнатиш, 31 км масофага электр кабеллари тортиш режалаштирилган. Ҳозиргача 8 та трансформатор, 483 дона бетон устунлар ўрнатилди, 22,3 км масофага кабел тортилди.

Аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш борасида режалаштирилган 1022 та газ баллонларидан 850 таси бугунги кунгача етказиб берилган.

Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бўйича:

Вилоят ва шаҳар тиббиёт муассасаларининг тор соҳа мутахассисларидан иборат 4 та гуруҳ томонидан ҳудудда доимий истиқомат қилаётган 22 минг аҳолининг 20 733 нафари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Тиббий кўрик натижасида 7420 нафар аҳолида турли касалликлар аниқланди, уларга амбулатор ва стационар даволаниш учун тавсиялар берилди.

Қишлоқлар аҳолиси патранаж қилинди. Ҳамшираларнинг фаолиятини яхшилаш мақсадида 40 дона патранаж сумкалари берилди.

201 нафар ногиронлиги бўлган шахсларнинг уйига бориб ҳол-аҳвол сўралди. 30 нафар ногиронлиги бўлган фуқароларга Реабилитация марказига даволаниш учун ордер, ногиронлар аравачаси, қўлтиқтаёқ ва бошқа мосламалар берилди.

10 нафар беморга вилоят тиббиёт муассасаларида даволаниш учун ордер, саломатлигини тиклашлари учун яна 10 нафар кексаларга санаторияларга путёвка берилди.

16 нафар бемор болалар вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига, 11 нафари туман тиббиёт бирлашмасига даволаниш учун ётқизилди.

Вилоят Хотин-қизлар қўмитаси раҳбарлигида ташкил этилган ишчи гуруҳ ҳар бир аҳоли хонадонига кириб бориб, оилаларнинг турмуш шароитини ўрганиб чиқди. Натижада эҳтиёжманд, кам таъминланган оилалар ҳамда ногиронлиги бўлган хотин-қизларга уй жиҳозлари, рўзғор буюмлари, кир ювиш воситалари, кийим-кечак ва озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

Шунингдек, оғир шароитда яшаётган аёлларга қорамоллар, тикув машиналари берилди. Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида 240 нафар ёшлар қандолатчилик, тикиш-бичиш, тўқиш бўйича ўқув курсларига жалб этилди. “Тадбиркор аёл” уюшмаси томонидан тикув цехи ташкил этилиб, бу ерда 10 киши учун доимий иш ўринлари яратилди.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари маркази ходимларининг уйма-уй кириш натижасида 986 та муаммо аниқланиб, аҳолига ҳуқуқий маслаҳатлар берилди ва турли давлат хизматлари кўрсатилди. Хусусан, ўрганиш жараёнида 39 та шаръий никоҳ бўйича ариза олинди, 22 тасига қонуний никоҳ тузилганлиги, 58 тасига туғилганлик тўғрисида гувоҳномалар берилди, 1815 та уй-жойнинг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилди.

910 нафар фуқарога паспорт расмийлаштириш бўйича рўйхатга олинди,
31 нафари тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатига олинди. Натижада Жомнинг энг кекса 116 ёшли онахонига ва 94 ёшли отахонига фуқаролик паспорти берилди.

* “Обод қишлоқ” дастури доирасида марказлаштирилган маблағ ҳисобидан 32 млрд. сўм ажратилиб, вилоятнинг “Обод қишлоқ” жамғармаси ҳисоб рақамига келиб тушган. Ҳар бир қишлоқ бўйича алоҳида махсус ҳисоб рақам очилиб, ишлар бошлаб юборилди.

Дастлабки ўрганишлар ва ҳисоб-китобларга кўра, 32 та массивда 9855 та турар-жой биносини таъмирлаш учун 73 млрд 777 млн. сўм, тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 103,2 км тармоқлар тортилиши, 28 та ер ости қудуқлари қазиш учун 11 млрд 877 млн. сўм, 2391 та тозалаш иншоотлари қуриш учун 5 млрд 978 млн. сўм, электр таъминотини яхшилаш мақсадида 147 км масофада янги кабел тармоқлари тортиш ва 45 дона трансформатор ўрнатиш ишларига 6 млрд 441 млн. сўм, табиий ва суюлтирилган газ таъминотини яхшилаш мақсадида 4500 дона суюлтирилган газ баллонлари ҳамда 17 км. газ тармоқларини таъмирлаш учун 1 млрд 497 млн. сўм, 134,4 км кириш ва 175,8 км ички йўлларни таъмирлаш учун 75 млрд. 689 млн. сўм, 49 та ижтимоий инфратузилма объектлари (мактаб, боғча, тиббиёт муассасалари)ни қуриш ва таъмирлаш ишларига 106 млрд. 976 млн. сўм, 173 та бозор инфратузилма объектлари қуриш ва таъмирлаш учун 39 млрд 250 млн. сўм,
жами 341 млрд сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилган.

Бугунги кунгача 2019 та турар-жой бинолари таъмирланди, 19 км тармоқ ишга туширилди, 1 та ер ости қудуғи қазилди, 102 та тозалаш иншоотлари таъмирланди, 23 км масофага кабел тортилди, 8 та трансформатор ўрнатилди.

Мазкур қишлоқларда ҳам ижтимоий, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси йиллар давомида эътибордан четда қолганлиги сабабли аҳолининг турмуш даражаси бугунги замон талабларига мутлақо жавоб бермайдиган ҳолатга келиб қолган.

Аҳолининг айрим тоифаси боқимандалик кайфиятига тушиб қолгани оқибатида ўз уй-жойи, ҳовлиси ва томорқасидаг фойдаланишга эътибор қаратмай қўйган. Бундай вазиятни тубдан ўзгартириш ҳамда аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилаш мақсадида танлаб олинган қишлоқларда вилоят жамоатчилиги бир ёқадан бош чиқариб, хайирли ишга бош-қош бўлиши керак.

Танланган қишлоқларнинг бош режаларини ишлаб чиқиб, ижтимоий ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини яхшилаш мақсадида лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланмоқда. Айниқса, уй-жойларни таъмирлаш, уларнинг томи, ташқи кўриниши, ён-атрофини ободонлаштириш ишлари алоҳида ўрин эгаллаган.

Дастур доирасида тоза ичимлик суви тармоқларини таъмирлаш, сизот сувлар сатҳини пасайтириш, қишлоқларни туман маркази билан боғлайдиган ҳамда қишлоқ ички йўллари ва пиёдалар йўлакларини барпо этиш, таъмирлаш учун йўлларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш назарда тутилган.

Электр таъминоти тармоқларини яхшилаш, аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш учун газ баллони етказиб бериш амалга оширилади.

Ижтимоий аҳамиятга эга хизматларни тубдан яхшилаш давлатнинг асосий мақсадларидан бири ҳисобланади. Шундан келиб чиққан ҳолда, болалар боғчаси, мактаб, оилавий поликлиникалар ва шу каби бошқа ижтимоий соҳа объектлари қурилади, реконструкция қилинади ва капитал таъмирланади.

Албатта, жойларда бозор инфратузилмаси объектлари ва сервис шохобчаларини, жумладан, ҳаммом ва кичик бозор шохобчаларини тадбиркорлик асосида бунёд этиш ҳам алоҳида аҳамият касб этади.

Дастурни амалга ошириш борасида ҳокимлик ҳузурида “Обод қишлоқ” мақсадли жамғармаси тузилди.

Бюджет, тармоқ корхоналари, халқаро молия институтлари ва хорижий давлатлар грантлари, ташаббускор тадбиркорлар маблағлари, ҳашар ва хайрия тадбирларини ўтказиш ҳисобидан тушадиган маблағларни ушбу жамғармалар манбалари сифатида белгилаш кўзда тутилган.

Дастурда ўз аксини топган йўналишларни амалга ошириш юзасидан тегишли лойиҳа-смета ҳужжатларининг меъморий ва техник ечимлари асосида пухта ишлаб чиқилишини таъминлаш мақсадида малакали лойиҳа институти жалб қилинади.

Ажратилаётган маблағлардан самарали ва мақсадли фойдаланиш, қурилиш-таъмирлаш ишларини сифатли амалга ошириш учун салоҳиятли пудрат ташкилотларини аниқлаш билан боғлиқ танловларни оқилона ташкил этиш, уларни ўтказиш жараёнини назоратга олиш ва бу борада самарадорликка эришиш мақсадида маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг масъуллиги қатъий белгилаб қўйилган.

Зарур моддий-техник ресурсларини жамлаш мақсадида маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари томонидан цемент, металлопрокат, ғишт, том ёпиш маҳсулотлари, темир-бетон буюмлари, эшик-дераза ромлари, лок-бўёқ каби асосий турдаги маҳаллий қурилиш материаллари ва жиҳозларини етказиб бериш кўзда тутилган.

Дастурни амалга ошириш билан боғлиқ ишларни оқилона ташкил этиш юзасидан манфаатдор бошқарма, ташкилот ва корхоналар раҳбарларидан иборат таркибда доимий равишда фаолият кўрсатадиган вилоят комиссияси ташкил этилган.

Ҳар бир қишлоқ кесимида туман (шаҳар) ҳудудий ташкилотлари билан биргаликда мўлжалланаётган кенг кўламли ишларни ташкил этиш ва бошқариш юзасидан жойлардаги секторлар раҳбарлари бошчилигида махсус штабларни жорий этиш, жумладан, ушбу штабларга ишларни ҳашар ва хўжалик усулида бажаришни таъминлаш, молиялаштириладиган ишлар бўйича мавжуд барча имкониятларни жалб этиш, хусусан, солиқ йиғувчанлигини ошириш, қўшимча аниқланадиган манбалардан маҳаллий бюджет даромадини кўпайтириш каби вазифалар юкланган.

Мазкур дастурнинг ҳаётга татбиқ этилиши маҳаллаларни ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларини амалга ошириш, бу борадаги қадриятларни давом эттирган ҳолда, ҳудудларда кенг кўламли бунёдкорлик ишларини бажариш орқали қишлоқ аҳолиси учун муносиб шароитлар яратиш ва уларнинг турмуш маданиятини янада юксалтириш, энг асосийси, ёшларни хайрли ишларга даъват этишга хизмат қилади.

 

Қўшимча маълумот олиш учун:

Телефон: (366) 233-53-86, 235-63-80

E-mail: sampressa@inbox.uz


Киритилган вақти: 28/04/2018 09:26.   Кўрилганлиги: 1583
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/press-releases/ozbekiston-respublikasi-prezidentining-2018-yil-29-martdagi-obod-qishloq-dasturini-2018-yilda-amalga-oshirish-boyicha-qoshimcha-chora-tadbirlari-togrisidagi-qarorining-ijrosi-boyicha

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 8

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.