Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Заҳматли меҳнат эътироф этилди

Заҳматли меҳнат эътироф этилди

25 ноябрь куни вилоятимиз меҳнаткашларининг жорий йил қишлоқ хўжалик мавсуми якунларига бағишланган “Ҳосил байрами” тадбирлари ўтказилди

Самарқанд эшкак эшиш канали ҳудудида халқ сайли сифатида ташкил этилган байрамда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан деҳқон ва фермерлар, чорвадор ва боғбонлар, қишлоқ хўжалик корхоналари вакиллари, дала заҳматкашларига камарбаста бўлган ҳашарчилар, юртимизнинг бошқа ҳудудларидан келган меҳмонлар иштирок этди.


Кекса деҳқон шукронаси

Дастлаб, элга ош тортилиб, тўкин дастурхон атрофидаги суҳбатларда жорий йилги қишлоқ хўжалик мавсуми ҳар жиҳатдан муваффақиятли бўлганлиги, барча тармоқларда кўзланган натижаларга эришилгани қайд этилди. Ўз навбатида келгуси йил ҳосили учун ҳозирданоқ агротехник тадбирларни сифатли бажариш, қиш пайтида амалга ошириладиган юмушлар юзасидан фикрлашиб олинди.

Ҳар бир туман учун ажратилган майдонда фермерлар, тажрибали томорқачилар, чорвадор ва боғбонлар, ҳунармандлар, қайта ишлаш корхоналари ўз маҳсулотлари кўргазмасини намойиш этди. Шунингдек, ҳудудларга хос миллий халқ ўйинлари, фольклор жамоаларининг бадиий чиқишлари уюштирилди.

- Мен ишимни ҳисобчиликдан бошлаб қирқ йил хўжалик раиси бўлдим, бутун умр қишлоқ хўжалиги соҳасида ишладим, - дейди оқдарёлик 81 ёшли Умур Равшанов. – Биз ишлаган пайтларда ҳам режа ортиғи билан бажарилар, лекин деҳқон меҳнатига муносиб рағбат йўқ эди. Мен шу ёшга кириб бундай катта байрам, дала заҳматкашларининг бу қадар эъзозлангани, меҳнати қадр топганини кўрмаганман. Кимки зиммасидаги масъулиятни адо этиб, деҳқонга кўмакдош бўлган бўлса, мукофотини оляпти.


«Дамас» муборак!

Мавсум илғорларини тақдирлашга бағишланган тантанали маросимда вилоят ҳокими Т.Жўраев иштирокчиларни ҳосил байрами билан табриклаб, деҳқон ва фермерлар, уларга ёрдам берган корхона ва ташкилотлар, вилоятнинг барча меҳнаткашларига миннатдорлик билдирди.

- Бу йилги заҳматли меҳнат туфайли вилоятда қишлоқ хўжалигининг барча тармоқларида мўл ҳосил етиштирилди, - деди вилоят ҳокими. – Бу Президентимиз томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасига бераётган эътибор ва кенг имтиёзлар самарасидир. Ана шу ғамхўрлик ва албатта, фидокорона меҳнат натижасида ғаллачиликда ҳосилдорлик 90 центнергача етди, пахтакорларимиз орасида 40 центнерчи хўжаликлар сони ортди.  318 минг 734 тонна дон етиштирилди, 218 минг 900 тоннадан ортиқ пахта сотилиб, вилоятлар орасида биринчи бўлиб йиллик шартнома режаси бажарилди. Fаллачиликдан 80 миллиард 621 миллион сўм, пахтадан эса 53 миллиард 459 миллион сўм фойда олинмоқда.

Халқимиз дастурхони тўкин-сочинлигини таъминлаш, фермер ва деҳқонларнинг меҳнатидан манфаатдорлигини ошириш мақсадида мева-сабзавот маҳсулотлари етиштиришда замонавий усул ва технологиялардан фойдаланилган ҳолда салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу йўналишда бу йил вилоятда 625 минг тонна картошка, 1685 тонна сабзавот, 135 минг тонна полиз, 438 минг  тонна мева, 585 минг тонна узум, 265 минг тонна гўшт, 1232 минг тонна сут, 1 миллиард 362 миллион дона тухум, 1045 тонна асал, 2239 тонна балиқ ишлаб чиқаришга эришилди. Юздан ортиқ фермер хўжалигининг 9768 гектар майдондаги интенсив технология асосидаги боғларидан ҳам мўл ҳосил олиниб, маҳсулот асосан экспортга чиқарилмоқда.

Шундан сўнг тақдирлаш учун илғорлар бирма-бир саҳнага таклиф этилди. Дастлаб барча соҳаларда юқори натижаларга эришган ва пахта сотиш режасини биринчилар қаторида Иштихон, Нарпай ва Каттақўрғон туманлари ҳокимларига  - “Дамас” автомобили топширилди. Бошқа туман ва шаҳар ҳокимликлари, корхона ва ташкилотлар, агрофирмалар, илғор фермерлар ҳам вилоят ҳокимлигининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди. Умуман, мавсумда фаол иштирок этган, вилоят қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожига ҳисса қўшган ҳар бир инсон, ҳар бир жамоа муносиб рағбатлантирилди.

- Вилоятимиз республикада биринчи бўлиб давлатга пахта сотиш шартнома режасини бажарган бўлса, туманимиз вилоятда етакчи бўлди, - дейди Иштихон тумани ҳокими Ш.Негматов. – Бу деҳқонларимизнинг меҳнати, одамларимиз эл ташвишига ҳамжиҳатлик билан бирлашганининг маҳсулидир. Бугун барча деҳқон ва фермерларимиз йил давомида чеккан заҳматларини унутиб, меҳнатлари самарасини кўрмоқда. Бундай байрамлар келгуси мавсум ҳосили учун мустаҳкам замин ҳозирлайди.

- Президентимизнинг соҳага бераётган эътибори ва кўрсатаётган ғамхўрлиги, қолаверса, талабларидан келиб чиқиб 2018 йилдан 10 минг тонна пахтани қайта ишлашни йўлга қўймоқчимиз, - дейди Каттақўрғон тумани ҳокими А.Баҳромов. – Бунинг учун лойиҳалар ишлаб чиқиляпти. Бундан ташқари, ижтимоий соҳа, ишлаб чиқариш тармоқларини кўпайтириш орқали халқ фаровонлигини ошириш ва бунинг учун қўшимча 15 мингта янги иш ўринлари ташкил этишни мўлжаллаяпмиз. Келгуси йилдан туманда картошка, сабзавот, озуқабоп ва мойли экинлар етиштириш, чорвачилик, боғдорчилик тармоқларини ривожлантиришни режалаштирганмиз.

Бир томонда кураш, бирида арқон тортиш…

Сайил давомида миллий кураш, арқон тортиш, тош кўтариш, армрестлинг бўйича спорт мусобақалари, шунингдек, хўроз, қўчқор уруштириш каби кўнгилочар беллашувлар ҳам ташкил этилди.

Юртимизнинг турли ҳудудларидан келган юзлаб спортчилар баҳсларда иштирок этиш истагини билдирган бўлса, минглаб ишқибозлар ушбу жозибали мусобақалардан баҳра олиш иштиёқида беллашувлар ўтаётган майдонларни тўлдирди.

Кураш мусобақаларида совринга гилам, велосипед, телевизор каби қимматбаҳо совҚалар, шунингдек, қўчқор, ҳўкиз, от, туя қўйилди. Fолиб ва совриндорлар пул мукофотлари билан ҳам тақдирланди.

90 килограмдан юқори вазнда гиламга тушган курашчилар ўртасидаги беллашув кўпчиликнинг эътиборини тортди. Мухлислар олқишлари остида пастдарғомлик курашчи Д.Самадов кураш бўйича жаҳон чемпионати совриндори Б.Каримов устидан ғалаба қозониб, бош соврин - туя ҳамда 3 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди. 

Яна бир ҳамюртимиз М.Хуррамов 90 килограмм вазнда қашқадарёлик таниқли полвон О.Баратовни енгиб, от ва 2 миллион сўм, Самарқанд шаҳрида яшовчи курашчи Т.Тўраев андижонлик Р.Нуриддинбековдан устун келиб, бир ҳўкиз ва 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

- Кураш ўзбекнинг миллий ўйини, - дейди бош соврин соҳиби Дилшод Самадов. – Шунинг учун ҳар қандай байрам курашсиз ўтмайди. Мен бугун ғолиб бўлганимдан ҳам кўра издошларим, ёш полвонлар етишиб чиқаётганидан хурсанд бўлдим.

Тош кўтариш мусобақаларида Жомбой тумани Эски Жомбой маҳалласидан 62 ёшли А.Умидов 16 килограмлик тошни 35 марта кўтариб, бош соврин – гиламни қўлга киритган бўлса, спорт фахрийси Р.Ибрагимов иккинчи ўринни қўлга киритди. Бу баҳсларда ёшлар қатори спорт фахрийси Ҳ.Рофиев раҳбарлигидаги кекса спортчилар жамоаси ҳам ўз кучларини синаб кўришди.

Арқон тортиш мусобақасида Самарқанд шаҳри жамоаси Самарқанд туманидан келган жамоа устидан ғолиб чиқиб, биринчи ўринни эгаллади.

***

Элимиз ардоғидаги санъаткорлар томонидан намойиш этилган концерт дастури, севимли шоир ва ёзувчилар, театр ва кино санъати намояндаларининг бадиий чиқишлари, қутловлари ҳосил байрами қатнашчиларига хуш кайфият, кўтаринки руҳ бағишлади.

Ҳосил байрами тадбирлари Самарқанд шаҳридаги «Диёра» базмгоҳида вилоят ҳокимлигининг тантанали қабул маросими билан якунланди.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,

Дилмурод Т¤ХТАЕВ,

Ҳусан ЭЛТОЕВ.


Охирги ўзгариш: 30/11/2017 08:46.   Кўрилганлиги: 1328
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/zahmatli-mehnat-etirof-etildi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 8

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.