Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ЯНГИЛАНИШ, ЯШАРИШ АЙЁМИ Наврўз умумхалқ байрами Самарқанд вилоятида кенг нишонланди

ЯНГИЛАНИШ, ЯШАРИШ АЙЁМИ Наврўз умумхалқ байрами Самарқанд вилоятида кенг нишонланди

Табиат тантилиги далаларни файзга буркади. Байрам арафасида хонадону маҳаллалар, корхона-ю ташкилотларда амалга оширилган ободончилик, бунёдкорлик ишлари қалбларга қувонч, кўнгилларга сурур бағишлади.

Табиат тантилиги далаларни файзга буркади. Байрам арафасида хонадону маҳаллалар, корхона-ю ташкилотларда амалга оширилган ободончилик, бунёдкорлик ишлари қалбларга қувонч, кўнгилларга сурур бағишлади.

Самарқанд шаҳрида эрта тонгдан карнай-сурнай садолари янграб, эл-улус байрам шодиёналарига чорланди. Шаҳарнинг ўнга яқин маскани – Алишер Навоий номидаги, “Суғдиёна”, “Ёшлик” маданият ва истироҳат боғлари, Университет хиёбони, Амир Темур ҳамда Рудакий майдонлари, Фарҳод, Сўлим ва Кимёгарлар қўрғонлари аҳоли билан гавжум бўлиб, улардаги байрам ўзгача тароват касб этди. Ушбу сайилларда вилоят корхона ва ташкилотлари, таълим муассасалари томонидан азалий урф-одатларимизга мувофиқ дастурхон безатилди. Кўкламги кўкатлардан тайёрланган турли баҳорий таомлар, ширмой кулчалару патирлар, дошқозонларда тайёрланган сумалак дастурхонларга тортилди. Қизлар ўзбекона одатларга биноан келин саломлари қилдилар, йигитлар қадимий лапарлардан ижро этишди.

Тадбирларда вилоят ҳокими Ҳ.Оқбўтаев халқ билан мулоқот қилар экан, Наврўз кунларида фақат яхшиликлар ҳақида гапирилиши, Яратгандан қут-барака тилаб, ишга киришилиши, истиқболли режалар белгиланиши ҳақида сўз юритди.

- Кўнглига эл дастурхонини тўкин қилишдек эзгу мақсадни туккан бободеҳқон ва миришкорларимиз аллақачон даласига чиқиб, ерга барака уруғини қадай бошлади, - деди вилоят ҳокими. – Зеро, бу халқимизнинг ризқ-насибаси, даромади. Жумладан, 110 минг гектар ерда ғалла парваришлаётган, 85,5 минг майдонга чигит қадаётган, 25 минг гектаргамева-сабзавот экиш арафасида турган дала заҳматкашларининг ишларига унум, хирмонларига барака тилайлик.

Сайилда ҳаваскорлик жамоалари, фольклор-этнографик ансамбллар, болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчиларининг чиқишлари, шунингдек, пойтахтдан ташриф буюрган эл ардоғидаги санъаткорлар, ёшлар томонидан ижро этилган халқ оғзаки ижоди термаларидан намуналар, она Ватанни, тинчликни, обод ва озод юртимизни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар барчага қувонч улашди.

Мазкур хуррамлик, шодмонлик, эзгу тилаклар шаҳримизга ташриф буюрган хорижлик меҳмонлар, юртдошларимизнинг ҳам тилига кўчди.

- Бир неча миллат вакиллари истиқомат қилаётган Ўзбекистоннинг бағрикенглиги, меҳмондўстлиги эътиборимни тортди, - дейди Жанубий Кореядан ташриф буюрган Ҳан Вон Ли. – Миллатлараро дўстлик, ҳамжиҳатликка Наврўз тантаналарида ўз чиқишларини намойиш этаётган миллий-маданий марказлар вакиллари билан бўлган суҳбатларда ҳам амин бўлдим. Улар ўз миллий таомлари билан бирга ўзбек таомларини тайёрлашни ҳам пухта ўзлаштиришибди. Бу неъматлардан татиб кўрдим. Сумалак, кўк сомса, ҳалиса менга жуда маъқул келди. Бугун дунёнинг турли минтақаларида нотинчлик ҳукм сураётган бир паллада тинчлигини, фаровонлигини таъминлаб, барча инсонпарварлик ғояларини, ҳамфикрликни ўзига шиор этган ўзбекистонликларни Наврўз билан муборакбод этаман.

- Ёшларнинг интилиши, салоҳияти доимо эътиборимни тортиб келган, қаранг, вилоятимизнинг бугунги ёшлари орасида 14 нафар халқаро фан олимпиадалари ғолиблари, 26 нафар номдор стипендиантлар, 14 нафар жаҳон, 11 нафар Осиё чемпионлари, 12 нафар маданият ва санъат соҳасида ўтказилган халқаро кўрик-танловлар ғолиблари борлигидан қувондим, - дейди Самарқанд шаҳридаги Қўшбақолли маҳалласида яшовчи 80 ёшли М.Наимов. – Шундай ёшларни улғайтираётган элимиздан тинчлик-тотувлик аримасин. Элбошилар омон бўлсин. Далаларимиздан, хонадонларимиздан қут-барака кўтарилмасин.

Наврўз тантаналари доирасидаги тадбирлар Меҳрибонлик, Мурувват ҳамда Саховат уйлари, махсус мактаб-интернатларида ҳам давом этди. Ушбу масканларда вилоят ҳокимлиги бўлим ва бошқармалари, жамоат ташкилотлари томонидан байрам дастурхонлари ёзилиб, концерт дастурлари намойиш этилди. Кам таъминланган оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди, қариялар, ногиронлар, беморлар ва муҳтожлар ҳолидан хабар олинди.

Шаҳримиздаги Камол Ота Турк кўчасида вилоят миллий-маданий марказлари томонидан «Наврўз яшариш ва янгиланиш байрамидир» шиори остида ўтказилган халқ сайлида юртимизда яшовчи турли миллат вакиллари тилларида куй-қўшиқлар янгради. Айниқса, татар ва бошқирдларнинг «Умырзая» фольклор ансамбли, вилоят рус миллий маданий маркази қошидаги қизлар рақс гуруҳи чиқишлари томошабинларда катта таассурот қолдирди.

- Ўзбекистон – азиз ватаним, - дейди вилоят немис миллий-маданий маркази раиси Наталья Кайзер. – Бугун вилоятимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари сингари 1,5 мингдан ортиқ немис миллатига мансуб аҳоли ҳам Наврўз байрамини муносиб нишонламоқда. Халқ сайлига 20 га яқин миллий таомлар тайёрлаб келганмиз. Айниқса, немис қадимий анъаналари асосида тайёрланган лаззатли ширинликлар байрам дастурхони кўркига айланди.

“Ёшлик” истироҳат боғида Чехов номидаги вилоят рус драма театри ижодкорлари, “Камолот” ЁИҲ вилоят кенгаши, Ургут туманидаги “Беш қарсак” фольклор этнографик ҳамда “Таманно” миллий рақс ансабли ижросида тайёрланган “Баҳор”, “Гул табассуми”, “Соз оҳанглари” каби баҳорий чиқишлар дилларга хушнудлик бағишлади.

“Суғдиёна” истироҳат боғи сайил куни ҳар қачонгидан ўзгача дид ва шукуҳ билан безатилди. Боғдаги ҳар бир новда, дарахт вилоятдаги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқитувчи ва ўқувчиларидан таркиб топган қўли гул безакчилар томонидан гулга бурканди.

Сайл қатнашчилари Самарқанд санъат коллежи дуторчи қизлари ижросидаги баҳорий куйлардан баҳраманд бўлишди. Сартепо туризм ва маиший хизмат коллежи ўқувчилари томонидан турли сабзавотлардан тайёрланган гулдасталар ёнидан эътиборсиз ўтиб бўлмайди. Шунингдек, кўплаб коллеж ўқувчилари томонидан ажойиб баҳорий безаклар, таомлар намойиши, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари сайил иштирокчиларининг кўзини қувнатди.

Булунғур миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежи томонидан тайёрланган ўтову, рассомчилик намуналари ҳақиқий баҳор руҳини олиб кирди. Булунғур педагогика ва спорт коллежи қошида ташкил этилган “Чавқи ниҳоллари” фольклор-этнографик жамоасининг чиқишини энг кўп томошабин йиққан жамоа деб таърифлаш мумкин.

Самарқанд педагогика коллежининг “Гулдаста” ашула ва рақс ансамбли байрамга 40 га яқин куй-қўшиқ тайёрлаб, сайил иштирокчиларининг олқишига сазовор бўлди. Сўзангарон тиббиёт коллежининг қизиқувчан қизлари бу манзарани қоғозга муҳрламоқ ниятида боғ ўртасида қалам ва қоғозларини созладилар.

Йўлбарслар хиёбонида шаҳарлардаги маҳаллалар жам бўлиб Наврўзни нишонлашди.

– Самарқанд шаҳридаги 200 дан зиёд маҳалланинг ҳар бири ташкил этган кўргазмали бурчаклар билан танишаркансиз бутун ўзбек халқининг ўтмишию бугунги ҳаётини кўргандек бўласиз, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бошқаруви етакчи мутахассиси Фароғат Шокирова. - Галаосиё, Қирча, Обираҳмат маҳаллалари вакиллари сайил қатнашчиларига дунёга машҳур Самарқанд нонларини туҳфа этган бўлса, Ёминий, Ургутий маҳаллалари баҳорий миллий таомларни улашишди. Шунингдек, ўз тарихига монанд Шарқ маҳалласи турли кўпкари отлари, Боғи Сафед маҳалласи зардўзлик, Амир темур маҳалласи телпакчилик, Кафтархона маҳалласи дурадгорлик намуналари билан иштирок этди.

Ўнга яқин дошқозонларда ош ва сумалак тайёрланиб, аҳолига тарқатилди.

Шу куни Амир Темур майдони ҳам Наврўзмонанд безатилган варраклар билан янада байрамона тус олди. Вилоят, шаҳар Баркамол авлод марказлари ҳамда Самарқанд шаҳридаги 70 дан зиёд умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўзлари ясаган варраклар билан сайилда қатнашишди. Шунингдек, миллий ўйинлар, қўшиқ ва лапарлар, спорт мусобақалари ҳамда баҳор таомлари кўргазмалари байрамга ташриф буюрганларнинг олқишига сазовор бўлди.

– Ўқувчиларимиз томонидан парваришлаб келинаётган турли парранда ва жониворлар кўргазмаси байрам иштирокчилари, хусусан, болажонлар учун ажойиб томоша бўлди, - дейди вилоят 64-сонли алоҳида шароитларда таъминлаш, тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож болалар учун ихтисослашган мактаб-интернати директори ўринбосари Элёр Ворисов. – Шунингдек, кейинги бир неча йилда ўтказилган спорт мусобақаларида тарбияланувчиларимиз қўлга киритган кубог ва медаллар кўргазмаси ҳам ёшларда қизиқиш уйғотди.

Умумхалқ байрамида хорижлик сайёҳлар ҳам иштирок этмоқда.

Зуо Феи Феи, хитойлик меҳмон:

- Бугун Ўзбекистонда ўтказилаётган Наврўз байрамида иштирок этаётганимдан жуда хурсандман. Айниқса, хотин-қизларни миллий кийимларда ташриф буюргани, миллий анъаналарни намойиш этаётгани мени ҳайратга солмоқда. Шунинг учун мен ҳам байрамга хитой миллий либосида келдим.

Наврўзда одамларнинг аҳил-иноқ ва хушкайфиятда юрганини кўриб ҳавасим келаяпти.  

Вилоятимиз шаҳар ва туманларида Наврўз сайиллари давом этмоқда.

    

         

 

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.


Охирги ўзгариш: 21/03/2017 15:17.   Кўрилганлиги: 1994
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/yangilanish-yasharish-ayyomi-navroz-umumxalq-bayrami-samarqand-viloyatida-keng-nishonlandi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 11

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.