Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ЯНГИ МАРКАЗ ИШ БОШЛАДИ

ЯНГИ МАРКАЗ ИШ БОШЛАДИ

Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг кичик мутахассислар тайёрлаш маркази фаолият бошлади.

Президентимизнинг 2017 йил 12 декабрдаги фармонига мувофиқ ташкил этилган марказ Мудофаа вазирлиги қўшинлари таркибига кирувчи махсус ўқув маркази бўлиб, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўшинларининг кичик қўмондонлик таркибини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга мўлжалланган.

– Шу пайтга қадар миллий армиямиз учун кичик мутахассислар мамлакатимиздаги ҳарбий округлар сержантлар мактабларида тайёрланар эди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Кичик мутахассислар тайёрлаш маркази бошлиғининг ўқув-услубий ишлар бўйича ўринбосари, подполковник Шуҳрат Қосимов. – Лекин кейинги йилларда Қуролли Кучларимизда амалга оширилган ислоҳотлар, ҳарбий кадрлар тайёрлашнинг такомиллаштирилиши ҳамда армиямиз олдига қўйилган вазифалар кичик мутахассислар тайёрлаш тизимини ҳам такомиллаштириш заруратини келтириб чиқарди. Шу боис Қуролли Кучларимиз Олий Бош Қўмондони ташаббуси билан сержантлар мактаблари тугатилиб, мамлакатимизда ягона Кичик мутахассислар тайёрлаш маркази ташкил этилди. Бугунги кун талабидан келиб чиқиб, Қуролли Кучларимиз зиммасидаги вазифалар, дунёдаги вазият ва халқаро тажриба ҳисобга олинган ҳолда марказнинг асосий вазифа ва мақсадлари белгилаб берилди.

Аввалги сержантлар тайёрлаш марказида асосий эътибор кичик командирлар тайёрлашга қаратилган бўлса, бу ерда ушбу вазифа билан бирга, сержантлар малакасини ошириш ҳам йўлга қўйилади. Яъни марказда мутахассислик бўйича тайёргарлик курси, сержантлар таркибини тайёрлаш курси (кичик сержантлар, сержантлар ва катта сержантлар), сержантлар таркиби малакасини ошириш курси ташкил этилди. Муҳандислик бўлинмалари, алоқа бўлинмалари, зирҳли танк хизмати, артиллерия бўлинмалари, қуруқликдаги қўшинлар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа сингари 11 мутахассислик бўйича кичик мутахассислар тайёрланади.

Шунингдек, авваллари кичик мутахассисларга асосан назарий машғулотлар ўтилган бўлса, марказ ўқув дастурининг деярли 80 фоизи амалий машғулотлардан иборат бўлади. Эндиликда курсантларнинг дала-ўқув машғулотига бориб-келиш жараёни ҳам амалий машғулот сифатида ташкил этилиб, уларнинг жисмоний, жанговар тайёргарлиги, топография бўйича ишлаш кўникмаси синовдан ўтказилади.

Жорий йилнинг 2 апрелидан марказнинг дастлабки курсантлари кичик сержантлар тайёрлаш олти ойлик курсида ўқишни бошлади.

– Олти ойлик курсда ҳарбий хизматчилар дастлабки тактик бўлинмаларни бошқариш, ҳарбий ҳисоб мутахассислиги бўйича профессионал бошқарув кўникмаларини шакллантириш, ҳолатни баҳолаш ва турли вазиятларда қарорлар қабул қилиш, қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникаларни ишлатишни ташкил этиш юзасидан ўқитилади, – дейди марказ ўқув-услубий бўлими бошлиғи, подполковник Музаффар Шералиев. – Сержант ва катта сержант ҳарбий унвонларини олиш учун сержантлар таркибини тайёрлаш уч ойлик курсида эса, кичик мутахассисларнинг профессионал билимларини ошириш ва мустаҳкамлаш, командирлик ва лидерлик сифатларини, бўлинмаларни услубий бошқариш кўникмаларини ривожлантиришга эътибор қаратилади.

Ўқув дастурлари Қуролли Кучларимиз олдига қўйилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, халқаро тажриба ва миллий хусусиятлар инобатга олиниб ишлаб чиқилган. Бунда мамлакатимиздаги қўшинлар таркиби, ҳарбий округларнинг ўзига хос фаолият йўналишлари, табиий-географик жойлашуви, юртимиздаги фасллар хусусияти ва бошқа жиҳатлар ҳисобга олинган. Шунингдек, марказда кичик мутахассисларнинг жанговар тайёргарлигини ошириш, замонавий ҳарбий техника ва қурол-аслаҳадан фойдаланиш кўникмасини ҳосил қилиш билан бирга, нафақат аскар ва ҳарбий хизматчилар, балки аҳоли билан ҳам муомала-муносабатга киришишда юксак маданиятга эга бўлиши учун назарий ва амалий машғулотлар олиб борилади.

Машғулотлардан сўнг курсантларнинг билимини мустаҳкамлаши, жанговар-руҳий тайёргарлигини ошириши учун марказда барча шарт-шароитлар яратилган. Ўқув ва амалий машғулот хоналаридаги техник жиҳоз ва ускуналар, замонавий ахборот технологиялари ва кутубхонадан туну кун фойдаланиш мумкин.

– Давлат хавфсизлик хизматининг чегара қўшинларида шартнома асосида хизмат қиламан, – дейди С.Раҳмонов. – Юртимизда янги ташкил этилган Кичик мутахассислар тайёрлаш марказининг дастлабки курсантлари қаторида бўлганимдан фахрланаман. Аввалги сержантлар мактабларидаги шароит ҳақида эшитганим учун айта оламанки, ушбу марказдаги имкониятлар ҳавас қилса арзигулик. Ўз йўналишимиз бўйича зарур билим ва кўникмага эга бўлишимиз учун барча шароит муҳайё. Марказни муваффақиятли тугатиб, Ватанимиз олдидаги хизматни юксак савияда давом эттириш ниятидаман.

Марказ Самарқанд шаҳридаги олий ўқув юртлари, “Темурбеклар мактаби” ва бошқа коллеж, академик лицейлар билан илмий-услубий ҳамкорликни йўлга қўйди. Жумладан, “Темурбеклар мактаби” ўқувчилари, Самарқанд давлат университети ва Самарқанд давлат тиббиёт институти ҳарбий кафедралари талабалари бу ерга келиб, амалий машғулотларда қатнашмоқда, ҳарбий техника, қурол-аслаҳалардан фойдаланиш кўникмасини ўрганяпти. Ушбу йўналишдаги алоқаларни изчил йўлга қўйиш мақсадида “Йўл харитаси” ишлаб чиқилмоқда.

 

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов.


Охирги ўзгариш: 07/04/2018 09:23.   Кўрилганлиги: 552
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/yangi-markaz-ish-boshladi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 1

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг