Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ЯНГИ АМФИТЕАТРДА ЯНГИЧА ДАСТУР БЎЛАДИ

ЯНГИ АМФИТЕАТРДА ЯНГИЧА ДАСТУР БЎЛАДИ

Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллиги байрами арафасида Самарқандда “Шарқ тароналари” ўнинчи халқаро мусиқа фестивали ўтказилади. 

Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган ва дунё халқлари миллий мусиқа, қўшиқчилик санъатини асраб-авайлаш, турли миллат ва элатларни санъат воситасида бир-бирига яқинлаштириш, улар ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган фестивалга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Самарқанд шаҳрида кенг кўламли қурилиш-ободонлаштириш ишлари, фестиваль тадбирлари ўтказиладиган масканлар, марказий кўча ва хиёбонларни безатиш ишлари амалга оширилмоқда.

Санъат форумининг асосий тадбирлари ўтказиладиган Регистон мажмуаси ва бу ердаги амфитеатрда олиб борилаётган ишлар эътиборга лойиқ.

– Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2014 йили Регистон майдонида жуда катта ҳажмдаги таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бажарилди, – дейди Регистон ансамбли мустақил дирекцияси раҳбари Беҳрўз Маъруфий. – Мажмуага кириш қисми ва Шердор, Тиллакори, Улуғбек мадрасалари олдидаги улкан майдон амфитеатрга мос тарзда бутунлай янгича кўриниш ҳосил қилди. Илгари ушбу майдонда байрам тадбирлари ва “Шарқ тароналари” фестивалини ўтказиш учун саҳна ва томошабинлар учун ўриндиқлар жойлаштириладиган амфитеатр яратиш жараёни жуда оғир кечар, кўп металь конструкцияларидан фойдаланиларди. Эндиликда ушбу воситалардан саҳна яратиш учунгина қисман фойдаланилади. Майдонга кираверишдаги 24 зинадан иборат супалар томошабинлар учун ўриндиқлар қўйишга мослаштирилган. Бу супаларнинг барча тарафидан уч мадрасага туташиб кетган саҳна яққол кўзга ташланади.

Мажмуани ва амфитеатрни ёритиш тизими ҳам энг сўнгги русумдаги технологиялар асосида бутунлай янгидан яратилмоқда. Бу ишни “Тошшаҳарнур” корхонаси мутахассислари германиялик ҳамкасблари билан ҳамкорликда амалга оширмоқда. Мазкур янги тизимда архитектуравий ёритиш, лазер шоу ва 3D ўлчамдаги намойиш кўзда тутилган. 3D намойиш учун амфитеатрнинг икки тарафида доимий икки монитор ўрнатилади.

Фестиваль тадбирлари доирасида Регистон мажмуасидаги мадрасаларда миллий мусиқа асбоблари, ҳунармандлик маҳсулотлари, тарихий либослар кўргазмалари ташкил этиш, ижодий учрашув ва мулоқотлар уюштириш кўзда тутилган. Шу муносабат билан ҳозирда Шердор, Тиллакори ва Улуғбек мадрасаларида ҳам реставрация ишлари бажарилиб, тадбирларни ўтказиш учун зарур шароитлар яратилмоқда.

– Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги буюртмаси асосида Шердор мадрасаси ҳовлиси ва Улуғбек мадрасасининг ташқи қисмида реставрация ишларини амалга ошираяпмиз, – дейди “Самарқанд таъмир” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Баҳрилло Абдуллаев. – Мажмуани ёритиш тизимига оид қурилиш-таъмирлаш ишларини ҳам зиммамизга олганмиз. Шу кунга қадар асосий ишлар бажарилди. Амфитеатрнинг икки томонида ўрнатиладиган мониторлар, техник воситалар учун жой тайёрланди. Тиллакори мадрасасидаги консервация ишлари Регистон ансамбли мустақил дирекцияси усталари томонидан олиб бориляпти.

Регистон майдонида фестиваль учун улкан саҳна тайёрланиб, санъат анжуманининг тантанали очилиш маросимига тайёргарлик кўрилмоқда. Репетиция жараёнларига мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан етакчи бадиий жамоа ва ансамбллар, фольклор этнографик гуруҳлар, устоз санъаткорлар ва истеъдодли ёшлар жалб этилган.

– Регистон майдонидаги бу гўзал саҳнада илк бор 2001 йили “Шарқ тароналари” учинчи халқаро мусиқа фестивалининг очилиш маросимида рақс ижро этганман, – дейди Ўзбекистон Бадиий жамоалари ижодий бирлашмаси қошидаги “Наврўз” ашула ва рақс ансамбли раҳбари ва балетмейстери Зарина Аҳмедова. – Ансамблимиз билан бу йилги тантаналарга тайёргарлик кўриш учун келиб, очиғи, амфитеатрнинг бугунги кўринишидан ҳайратга тушдим. Саҳна ҳам, томошабинлар ўтирадиган жойлар ҳам кенгайиб, ниҳоятда юксак дид, маҳорат билан тайёрланибди. Муҳими, санъаткорларнинг саҳнада ўз дастурларини намойиш этиши учун кенг имконият ва қулайликлар яратилган. Айтиш мумкинки, янги амфитеатр бетакрор Регистоннинг салобатию гўзаллигига монанд бўлибди ва бу йилги дастур ҳам ўзгача бўлиши шубҳасиз.

Ғолиб Ҳасанов


Охирги ўзгариш: 17/07/2015 18:05.   Кўрилганлиги: 1475
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/yangi-amfiteatrda-yangicha-dastur-boladi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 8

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.