Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ЯНА БИР ДОВОН ЗАБТ ЭТИЛДИ

ЯНА БИР ДОВОН ЗАБТ ЭТИЛДИ

Самарқанд автомобиль заводида йигирма мингинчи автомобиль ишлаб чиқарилди. 

Президентимиз раҳнамолигида мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ мамлакатимизда автомобилсозлик саноатини йўлга қўйиш, мазкур йўналишда миллий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар бугун юксак самаралар бермоқда. Айни пайтда юртимизда ишлаб чиқарилаётган енгил ва юк автомобиллари, автобуслар хорижий давлатларга ҳам экспорт қилинмоқда.

1999 йилда тижорий фаолиятини бошлаган ва 2006 йилда “Самарқанд автомобиль заводи” масъулияти чекланган жамияти (“СамАвто” МЧЖ) номи остида қайта ташкил этилган мазкур корхонада Япониянинг “ISUZU Motors Ltd” компанияси билан ҳамкорликда “ISUZU” шассиси асосида ҳаракатланувчи автомобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бугунги кунда завод маҳсулотларининг моделлари қаторига М3 туркумининг I ва II тоифали автобуслари, жумладан, паст тубли шаҳар автобуси, N сериясига кирувчи юк ташиш ва махсус автомобиллар (юк кўтариш қобилияти 5000 килограммгача бўлган N2 тоифали автомобиллар), ишлаб чиқарилган ва ўрнатилиши мумкин бўлган 30 дан ортиқ кузовларни ўз ичига олган F серияли автомобиллар киради.


Яна бир муҳим жиҳати, Республикамиз ҳукумати қарори асосида 2011 йилдан Самарқанд автомобиль заводи сиқилган табиий газда ишловчи двигателлар ўрнатилган автомобиллар ишлаб чиқара бошлади. Бу ҳозирда дунё миқёсида табиий газни автомобиль ёқилғиси сифатида ишлатиш тенденцияси тобора кучайиб бораётган бир пайтда мамлакатимиз автосаноатининг замон билан ҳамқадам тараққий этаётганидан далолатдир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 3 декабрдаги 315-сонли қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган лойиҳага кўра, корхона 2014-2015 йилларда сиқилган табиий газда ҳаракатланувчи бир мингдан зиёд чиқинди ташиш автомобилларини ишлаб чиқариш учун буюртма олди. Шунингдек, сиқилган табиий газда ишловчи яна уч хил кузовга эга автомобиллар – фургон, бортли ва ўзи ағдаргичларни ишлаб чиқаришни ўзлаштирди. Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида юртимиздаги бир қатор ободонлаштириш бошқармалари ва махсус санитар-тозалаш хизматлари автомобиль парки янгиланади.

Самарқанд автомобиль заводининг йигирма мингинчи автомобили – ISUZU NPR82 машинаси ҳам сиқилган табиий газда ҳаракатланади.

Автомобилнинг тақдимот маросимида “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси ва ISUZU Motors, Itochu Corporation компаниялари вакиллари сўзга чиқиб, маҳсулотнинг юқори технологик кўрсаткичлари ва замонавий кўринишини эътироф этди. Корхонада ишлаб чиқарилаётган автомобилларнинг мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришдаги аҳамиятига тўхталди.


– Ўзбекистон автосаноати жадал ривожланиб бораётган мамлакатлардан биридир, – деди ISUZU Motors Ltd ижрочи президенти Таканобу Фурута. – Ҳамкорликда амалга ошираётган лойиҳаларимиз мисолида бунга ўзимиз ҳам гувоҳ бўлиб турибмиз. Хусусан, Самарқанд автомобиль заводида ишлаб чиқарилаётган турли русумдаги замонавий автомобиллар халқаро стандартларга тўла жавоб беради. Корхонанинг бугун конвейердан чиққан йигирма мингинчи автомобилининг сиқилган табиий газда ҳаракатланишини ҳам алоҳида мамнуният билан таъкидламоқчиман. У евро-стандартларга жавоб берувчи экологик транспортларнинг янги авлодидир.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Самарқанд автомобиль заводи ISO 9001, ISO 14001, OHSAS 18001 стандартларига жавоб берувчи халқаро сертификатларга эга.

Ғолиб Ҳасанов


Киритилган вақти: 24/02/2015 20:38.   Кўрилганлиги: 1847
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/yana-bir-dovon-zabt-etildi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 12

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.