Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Ягона осмон остида 80 йил

Ягона осмон остида 80 йил

Самарқанд санъат коллежининг концерт залида корейс миллатига мансуб ватандошларимизни Ўзбекистонда яшаб келаётганлигининг 80 йиллиги ҳамда Ўзбекистон ва Корея Республикалари ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 25 йиллиги муносабати билан «Ўзбекистон - умумий уйимиз» шиори остида концерт дастури бўлиб ўтди

Вилоятимиздаги миллий-маданий марказлар, Бухоро ва Навоий вилоятларида истиқомат қиладиган корейс миллати вакиллари иштирокида ўтгантадбир «Корейслар диаспораси: Ўзбекистон заминида 80 йил» деб номланган ҳужжатли фильм намойиши билан бошланди. Унда 1937 йилда юртимизга кўчириб келтирилган юз минглаб корейслар ўзбек халқи томонидан очиқ кўнгил билан кутиб олинганлиги, уруш йилларида биргаликда қийинчиликларни бошидан кечириб, ҳатто бир бурда нонни баҳам кўргани ҳақида ҳикоя қилинади. Шунингдек, фильмда юртимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида фаол иштирок этаётган корейс диаспорасининг ҳаёти, миллий-маънавий ва маданий ўзига хосликни сақлаб қолиш, турмуш фаровонлигини янада яхшилаш учун барча шарт-шароит яратилгани баён этилди.

Тадбирда республика корейс миллий-маданий маркази раиси ўринбосари К.Ким, вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Ғафурова ва бошқалар юртимизда турли миллат вакиллари қатори корейслар ҳам тинч-тотув, фаровон ҳаёт кечираётганлиги, уларнинг таълим олишлари, касб-ҳунар эгаллаши, маданияти, урф-одати, анъаналарини сақлаш ҳамда ривожлантириши учун барча шароит яратилганлиги таъкидланди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги дипломатик алоқалар ҳам мустаҳкамланиб бораётгани қайд этилди.

- Бугун вилоятимизда корейс миллатига мансуб олти мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, - дейди вилоят корейс миллий-маданий маркази раиси Николай Ким.- Уларнинг ҳар бири бугунги кунидан миннатдор, эртанги кунига ишончи мустаҳкам. Шу боис Ватанимизнинг гуллаб-яшнаши, янада тараққий этиши йўлида ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишга интилишяпти.

Тадбирда турли миллат вакиллари ўртасида ташкил этилган шахмат мусобақаси ғолиблари, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни ёритишда фаоллик кўрсатган журналистлар ҳамда корейс миллий-маданий марказининг бир гуруҳ фаолларига вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

«Инсон манфаатлари - улуғ қадрият» номли фотокўргазма ҳамда саҳнада янграган корейс, ўзбек ва бошқа миллат вакилларининг куй-қўшиқлари тадбир меҳмонлари ва қатнашчиларда катта таассурот қолдирди.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.


Киритилган вақти: 14/10/2017 17:33.   Кўрилганлиги: 1043
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/yagona-osmon-ostida-80-yil

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 3

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.